Президентимиз мамлакатимизда ўз ишига инновацион ёндашадиган тадбиркорларнинг янги авлоди пайдо бўлаётганини айтди

19:12 28 Февраль 2019 Сиёсат
365 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманидаги “FT Textile group” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабар берди.

“Шаҳанд” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги корхона биноси бир пайтлар қаровсиз ҳолда эди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ҳудуддаги мавжуд имкониятларни ишга солиб, аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган сиёсати натижасида ушбу иншоот маҳаллий тадбиркорга берилганди. Тез орада бино таъмирланиб, Германиядан замонавий ип йигирув машиналари келтириб ўрнатилди. Бошқа ускуналар Бельгия, Швейцария, Ҳиндистон ва Туркиядан олиб келинди. Шу тариқа ўтган йили корхонанинг биринчи босқичи ишга туширилди. Ён-атрофдаги Боғишамол, Дукат, Темирқишлоқ, Олчин, Ахси каби маҳаллаларда яшовчи 300 киши доимий иш билан таъминланди.

Бугунги кунда корхонада йилига 15,6 минг тонна калава ип ишлаб чиқарилмоқда. Улар Хитой, Россия, Туркия ва Украинага экспорт қилиняпти. Ўтган йили 10 миллион долларликдан зиёд маҳсулот чет элларга етказиб берилган. Корхонанинг иккинчи босқичида йилига яна 20,8 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш, 200 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Яна бир муҳим томони, ушбу корхона электр энергияси билан ўзини ўзи таъминлайди. Бу ерга Германиядан энг замонавий газогенератор келтириб ўрнатилган. Иш жараёнида пайдо бўладиган иссиқ сув ҳам беҳуда кетмайди. 9 гектар иссиқхонани иситади.

— Мамлакатимизда ўз ишига инновацион ёндашадиган тадбиркорларнинг янги авлоди пайдо бўлмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев. — Уларнинг сафини кенгайтириш, доимо қўллаб-қувватлаш лозим.

Давлатимиз раҳбари қўшма корхона ишчилари билан мулоқот қилди.

Шу ерда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари билан ҳамкорликда Наманган вилоятида амалга ошириладиган инвестициявий лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Уларга мувофиқ, 43 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан автомобиллар ёритиш чироқлари, “Норин мото байк” корхонасида мопед, скутер, мотоцикл ва мотороллерлар, Поп туманидаги “Uz youcheng group” қўшма корхонасида тикувчилик дастгоҳлари ишлаб чиқариш каби кўплаб лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Президентимиз ушбу лойиҳаларни сифатли амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.

 

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019