Президент замонавий тикувчилик корхонаси ва инновацион кўчма кинотеатр лойиҳаси билан танишди

17:29 01 Май 2019 Сиёсат
410 0

Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни Термиз шаҳридаги “ZIF Textile” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.

Ушбу замонавий корхонани барпо этиш учун қурилиши тугалланмаган бино 16 миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда берилган эди. Зарур қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий цехлар, омборхона ва маъмурий хоналар бунёд этилди. Германия, Италия, Туркиядан тикувчилик дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди, бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўздан кечирди, мутахассис ва тикувчилар билан суҳбатлашди.

Президентимиз бу каби замонавий корхоналарни кўпайтириш, маҳсулотни экспорт қилиш зарурлигини қайд этди.

Корхона жорий йилда 29 миллион доллардан зиёд қийматдаги болалар ва катталар кийимлари, жинси шим ишлаб чиқариб, 8,8 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилишни режалаштирган. 2021 йилда корхонанинг йиллик қуввати қарийб 50 миллион долларга етказилиб, 34,7 миллион долларлик экспорт мўлжалланмоқда.

Шу ерда “Janub textile” МЧЖнинг ип-калавадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кластери ҳамда Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонасини ташкил этиш, Термиз туманидаги Султон Саодат зиёратгоҳини таъмирлаш ва ободонлаштириш, мамлакатимизнинг Австрия, Тожикистон ва Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид тақдимотлар ўтказилди.

Шу ерда “Киномобиль” – Ўзбекистондаги биринчи инновацион кинотеатр лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Унинг ташаббускори “Cinema Servis” МЧЖ бўлиб, лойиҳа Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Кўчма кинотеатр MAN автомобили негизида ишлаб чиқилган, иситиш ва вентиляция тизими билан жиҳозланган. Томошабинлар фильмларни Dolby 5+1 товуш тизими билан 2D ва 3D форматларида томоша қилиши мумкин. Мобил кинотеатр 30 дақиқа ичида ишга тушади ҳамда 80 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Бешта ташаббусга ҳамоҳанг ушбу инновацион лойиҳа юртимизнинг олис ва чекка ҳудудлари аҳолиси, айниқса, болалар ва ўсмирларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизга республикамиз ҳудудларида замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш лойиҳаси тўғрисида ҳам маълумот берилди. Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш юзасидан топшириқлар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019