Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берди

17:41 08 Февраль 2019 Жамият
548 0

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик. Бу — ҳар бир раҳбар фаолиятига қўйилаётган талаб. Президентимиз жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ҳам ҳудудни ривожлантиришда худди шундай ёндашув зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бинобарин, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, мамлакатимиз раҳбари улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Ургут туманида кўп қаватли уйлар қурилиши, насос станцияларидаги носозликларни бартараф этиш, Қўшработ ва Нурота туманларини боғловчи йўлни капитал таъмирлаш ҳамда Қўшработда 10 ва 11-синфларга мўлжалланган қўшимча биноларда қулайликлар яратиш, Нуробод туманида мактабгача таълим муассасаси ҳамда ёпиқ спорт иншоотини бунёд этиш масалалари шулар жумласидан.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириқлари қандай ижро этиляпти? Мухбирларимиз шу ҳақда мутасаддиларга мурожаат қилди.

Эркинжон ТУРДИМОВ, Самарқанд вилояти ҳокими:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самар­қандга ташрифи вилоятни ижтимоий-иқтисодий ­ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ­юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим воқеалардан бири бўлди. Чунки ушбу учрашув ва мулоқотлар ­чоғида давлатимиз раҳбарига ҳудудимиз истиқболига оид кўплаб лойиҳалар тақдим этилди. 

Эътиборли жиҳати, халқ депутатлари Самарқанд ­вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ­туман ва шаҳар фаоллари Президентимизга мурожаат қилиб, ўзлари яшаётган ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишида амалий кўмак сўраш имкониятига эга бўлишди. Хусусан, йиғилишда Ургут тумани аҳолиси талабидан келиб чиққан ҳолда, ушбу ҳудудда кўп қаватли уйлар қуриш масаласи ҳам кўтарилди.

Шундан келиб чиқиб, айни пайтда туман марказида “Agromir Buildings” МЧЖ томонидан “Камангарон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги маҳаллий ҳокимлик захира ер майдонлари ҳисобидан 10 та 10 — 14 қаватли, 1 406 хонадонли арзон кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланди.

Бугунги кунда туманда 100 минг кишилик “Янги ­Ургут” замонавий уй-жой комплекси қурилиши учун туман ­ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги қарорига асосан, 103,3 гектар ер майдони ажратилди. Лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда, қурилиш майдони тайёрланмоқда.

Шавкат ХАМРАЕВ, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири:

— Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ургут туманидаги “Янги ариқ” ММТП ­раҳбари Барно Мамадалиева томонидан қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган “Уч Қаҳрамон-1” ҳамда “Янги ­Ургут” каналидан сув оладиган “Янги Ургут” насос станциялари бўйича кўтарилган масалалар жойида атрофлича ўрганилди.

“Янги Ургут” насос станцияси 1970 йилда ишга туширилган. 6 та “18 НДС” русумли насос, 6 та “250/735 об.мин.” русумли электр двигатели ўрнатилган. У орқали 1 465 гектар экин майдони суғорилади. Ушбу гидроқурилмадаги носозлик кириш каналини мунтазам лойқа босиши оқибатида келиб чиқмоқда.

Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, муаммолар ечими бўйича иккита таклиф билдирилди.

Шунга мувофиқ, Тожи­кистон Республикаси ҳудудидаги “Уч Қаҳрамон-1”­ насос станциясини ишлатиш учун 2 та “18 НДС” русумли насос, 2 та “250/735 об.мин.” русумли электр двигатели, 2 та бошқарув шкафи, 1,5 километр электр узатиш тармоғи ўрнатилади ҳамда насос станциясидаги 2 та агрегатни ишлатиш учун электр энергияси лимити ажратилади.

Шунингдек, “Янги ­Ургут” насос станцияси кириш каналини туман ирригация бўлими балансига ўтказиш, лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланиб, ҳавзани суғориш мавсумигача тўлиқ тозалаш, насос станциясини ишлатиш учун сув билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Шуҳрат НАЗАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:

— Сессияда Қўшработ туманидаги “Жўш ота” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуалим ­Носиров Қўшработ ва Нурота туманларини ­боғловчи 45 километрлик асфальт йўл капитал таъмирга муҳтожлиги юзасидан мурожаат ­қилган эди. Шунда давлатимиз раҳбари ушбу муаммони ҳал этиш бўйича бизга таклиф киритиш топшириғини берганди.

Айтиш жоизки, мазкур йўл ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган. Айни кунда, у чиндан ҳам, таъмирталаб аҳволда. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Мисол учун, мазкур автомобиль йўли бир ўққа тушадиган оғирлик 5-6 тоннагача юк кўтаришга мўлжалланган. Ундан ортиқ ҳажм йўл ҳолатини “из”дан чиқараверди. Бироқ шу кунгача ушбу йўлдан “Зармитан” олтин кони ҳамда ­Навоий кон-металлургия комбинатига бир ўққа тушадиган оғирлик 11 — 13 тонна атрофидаги юклар ­ташиб ўтилган.

Албатта, бу йўлни жорий таъмирлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолиб кетгани йўқ. Аммо жорий таъмирлаш билан капитал таъмирлаш ўртасида катта фарқ бор. Агар йўл капитал таъмирланса, сифати ҳам шунга яраша бўлади, яъни оғир юк машиналари билан ҳаракатланиш имконияти яратилади.

Шу боис Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилган эди. Унга кўра, мазкур автотранспорт йўли 2019 — 2022 йилларда босқичма-босқич равишда капитал таъмирлаш чора-тадбирлар дас­турига киритилди ва уни амалга ошириш борасидаги дастлабки ишлар бошлаб юборилди.

Очиғи, 45 километрлик асфальт йўлни қисқа вақт­да транспорт воситалари ҳаракатини тўхтатиб қўйган ҳолда капитал таъмирлашнинг имкони йўқ. Буни тўғри тушунишимиз керак. Шу маънода, мазкур масалани ­“Навоий” кон-металлургия комбинати билан келишилган ҳолда, босқичма-босқич бартараф этиш режалаштирилган.

Айни пайтда бу борада зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шуни унутмаслик керакки, мазкур жараён шошма-шошарлик билан бўлмаслиги лозим. Бунда кенг кўламли лойиҳа-қидирув ишларини олиб бориш шарт. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги кунда таъмирталаб асфальт йўл таркиби, унинг остидаги намлик, сув сатҳи ва бош­қа геологик ҳолатлар мутахассисларимиз томонидан ўрганиб чиқил­япти. Ўрганишлар натижалари ҳамда соҳанинг малакали мутахассислари тавсиялари асосида “Навоий” кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда жорий йил биринчи ярим йиллиги оралиғида таъмирлаш ишларини бошлаш кўзда тутилган.

Шерзод ШЕРМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири:

— Давлатимиз раҳбари Самар­қанд вилоятига ташрифи давомида таълим соҳасини янада ривожлантириш, уни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар билан қизиқди, уларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича зарур топшириқлар берди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлашга зудлик билан киришдик. Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ­билан ҳамкорликда ҳудудда халқ ­таълими тизимини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқдик. Ҳозирги кунда мазкур ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан амалий ишлар олиб бориляпти.

Сессияда кўтарилган муаммо — Қўшработ туманида янги мактаблар қуриш, мавжудларини қўшимча бинолар билан таъминлаб, уларни замон ­талабларига мос жиҳозлаш орқали 10-11-синф ўқувчиларининг таълим олишига етарли шароитлар яратишга эътибор қаратиляпти. Шунингдек, келгуси йилларда вилоятдаги бошқа халқ таълими муассасаларининг моддий-техника шароитларини янада яхшилаш, янги тармоқ мактаблари ташкил этиш, филиаллар сонини оптималлаштириб, уларни тўлақонли таълим даргоҳларига айлантириш, ўқувчилар учун замонавий спорт заллари, шинам синфхона ва аудиториялар, лаборатория хоналари, ошхоналар қуриш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, вилоятдаги 8,65 мингдан зиёд ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни қайта тайёрлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, халқ таълими соҳасида хусусий мактаблар тармоғини кенгайтириш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.

Агриппина ШИН, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири:

— Президентимиз қайси вилоят ёки ҳудудга бормасин, албатта, навқирон авлод тақдири билан қизиқади. Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ҳам 2021 йилгача ҳудудда болаларни МТМга қамраб олиш даражасини 70 фоизга етказиш бўйича зарур топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Дарҳақиқат, вилоятда уч — етти ёшли болалар сони 305 минг 68 нафар бўлиб, уларнинг 88 минг 694 нафари 986 та мактабгача таълим муассасасига қамраб олинган.

Бу борадаги кўрсаткич, айниқса, ­Нуробод туманида яхши эмаслигини қуйидаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди: бу ерда 12 минг 876 нафар боғча ёшидаги боланинг атиги 1 минг 906 нафари (14,8 фоиз) мактабгача таълим муассасаларига қатнайди. Бу ушбу ҳудудда эртамиз эгаларининг келажаги учун зарур шароитларни яратиш долзарб масалага айланганидан далолат.

Юртбошимиз халқ депутатлари ­Самарқанд вилояти Кенгашининг ­навбатдан ташқари сессиясида туман фаолининг бу ҳақдаги мурожаатини жон қулоғи билан тинглади. Куюнчаклик билан мазкур муаммоларни бартараф этиш юзасидан муҳим топшириқлар берди.

Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида 2019 — 2021 йилларда мактабгача ­таълим тизимини ривожлантириш “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқдик. Ушбу ­ҳужжат асосида Нуробод туманида 2019 йилда давлат-хусусий шериклик асосида янги 5 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси, 20 та оилавий ­нодавлат боғча ҳамда қўшимча 40 та қисқа муддатли гуруҳни ташкил этиш орқали жами 2 100 нафар болани МТМга жалб қилиб, қамров даражасини 32,4 фоизга етказиш режалаштирилди.

Хусусан, жорий йилда Нуробод ­тумани “Саҳоба” маҳалла фуқаролар ­йиғини ҳудудида битта 160 ўринли ­давлат мактабгача таълим муассасасини қуриш учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги инжиниринг компанияси ­ягона буюртмачи хизмати буюртмасига асосан, ер танлаш далолатномалари расмийлаштирилди. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳанинг смета ҳужжатлари ишлаб ­чиқилмоқда. Инвестиция дастури доирасида иккита 150 ўринли мактабгача таълим муассасасини замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш ҳам мўлжалланяпти.

Дилмурод НАБИЕВ, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири:

— Самарқанддаги йиғилишда Президентимиз Нуробод туманида ёпиқ спорт ҳавзаси мавжуд эмаслиги билан боғлиқ муаммони ҳал этиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берди. Биз туман ҳокими ва бошқа мутасадди ­раҳбарлар билан биргаликда бевосита айтилган объектни бориб кўрдик. Мутахассислар, спортчилар, маҳаллий аҳоли вакиллари билан гаплашдик. Маълум бўлишича, бу ерда 2016 йил 1-типдаги спорт мажмуаси қурилган. Аниқроғи, стадион бор-у, қиш мавсумида шуғулланиш имконини берадиган спорт зали йўқ. Қисқаси, қарийб 145 минг аҳоли истиқомат қиладиган туман ёшлари учун замонавий спорт зали жуда зарур эканлиги кундек равшан ­масала.

Шундан сўнг Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барпо этилиши мўлжалланган спорт иншоотларининг 2019 йилги манзилли ­дастурига Нуробод тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби учун замонавий спорт зали ҳам киритилди. Мазкур мажмуа фойдаланишга топширилгач, маҳаллий аҳоли фарзанд­лари 18х42 метр ҳажмдаги спорт ­залида қишин-ёзин шуғулланиш ­имконига эга бўлишади.

Яна бир жиҳатга эътибор ­қаратиш керак. Ушбу иншоот авваллари спорт мажмуаларини қуришда фойдаланилган намунавий лойиҳадан фарқли ўлароқ, янги лойиҳа асосида бунёд этилади. Бошқача айтганда, энди ­нурободлик ёшлар йил ­давомида бир жойнинг ўзида ҳам ўйин турлари, ҳам яккакураш турлари бўйича машғулот олиб боришлари мумкин бўлади. Мажмуа йил охиригача ёш спортчилар ихтиёрига ­топширилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019