Президент топшириғига лоқайдлик: Қорабайир отчилик мажмуаси хўжакўрсинга қурилганми?

10:24 08 Февраль 2019 Жамият
1034 0

Хабарингиз бўлса керак, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил февралда Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириғига биноан, Яккабоғ туманида “Қорабайир отчилик мажмуаси” давлат унитар корхонаси бунёд этилди. Ушбу замонавий от заводи ўтган йили фойдаланишга топширилди.

Фото: Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”

Мухбиримиз наслчиликни ривожлантириш, тоза қонли Қорабайир от зотларини яратиш ва кўпайтиришга ихтисослаштирилган мазкур хўжаликда бўлиб, таҳлилий мақола тайёрлади.

“Элни ё полвони, ё оти танитади”, дейди халқимиз. Буни қарангки, Яккабоғ туманининг чекка Бешқўтон қишлоғида “Қорабайир отчилик мажмуаси” давлат унитар корхонаси бунёд этилгач, унинг номи нафақат Қашқадарё вилоятига, балки бутун юртимизга кенг ёйилди. Ўзбек халқи тарихи билан узвий боғлиқ бўлган Қорабайир от зотини кўпайтиришга ихтисослаштирилган мазкур мажмуани кўриш, фаолияти билан танишиш, ҳамкорлик қилиш умидидагилар ҳам кам эмас.

Фото: Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”

Элимизда азал-азалдан отга меҳр бўлакча. Гап миллий ғуруримиз — қорабайир ҳақида кетар экан, от чоптириб ўсган эр йигитлар жойида тинч туролмайди. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қурилиб, 2018 йилда фойдаланишга топширилган мазкур завод йилқичилик ва от спорти фидойилари учун катта туҳфа бўлди. 

Ушбу замонавий мажмуага яқинлашар экансиз, аввало, унинг ташқи қиёфаси, олд қисмидаги ландшафт дизайни эътиборингизни тортади. Ичкарига кирсангиз, бу ерда яратилган шарт-шароитларга ҳавасингиз келади.

200 бош йилқи парваришлашга мўлжалланган тўртта отхона, очиқ ва ёпиқ манеж, 500 ўринли трибуна, қумда ва сувда механик юргизиш манежлари бунёд этилган. Бундан ташқари, ҳар бири икки ўринли тўртта меҳмонхона, ошхона, мажлислар зали, чавандозлар учун кийиниш, ювиниш хоналари — буларнинг барчаси замон талабларига ҳамоҳанг. Ахир бунинг учун оз эмас, кўп эмас, нақд 37,7 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Фото: Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”

От заводи жамоаси олдига қўйилган ягона талаб эса наслчиликни ривожлантириш, тоза қонли Қорабайир зотини яратиб, юртимиз шарафини халқаро миқёсда ҳимоя қиладиган тулпорлар етказиб беришдир. Мажмуада ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан қизиқдик.

— Айни пайтда 50 та бия, 20 та той парваришлаяпмиз, — дейди “Қорабайир отчилик мажмуаси” ДУК раҳбари ўринбосари Бойбўри Худоёров. — Қорабайир зотига мансуб бу отлар Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси мутахассислари томонидан танлаб берилган. Бияларнинг ҳолати яхши, семизлиги талаб даражасида бўлиб, апрель-май ойларида қулунлайди.

Фото: Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан хурсанд бўлиб, туёғидан ўт чақнайдиган тулпорларни тезроқ кўргимиз келади. Негаки, қорабайир отлари довюраклиги, жанговарлиги билан ном қозонган-да!

Маълумотларга қараганда, юртимизда бу зотнинг “Оловхон”, “Ўзбекистон” каби типлари ­яратилган. Бироқ изланишлар якунига етказилмай қолган бўлса-да, қорабайир генофонди сақлаб қолингани энг катта муваффақият сифатида баҳоланади.

Очиқ майдонда чоптирилаётган 10 га яқин тойларни ҳисобга олмаганда, отхоналар ҳувуллаб ётибди. Бойбўри Худоёровнинг айтишича, бу айғирлар уюрни ҳайдаб боқиш учун олинган хизмат отлари экан. Бия ва тойлар эса яйловга чиқарилган.

Фото: Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”

Ҳайрон қолдик, ҳаво очиқ бўлса ҳам, барибир қиш-да! Тўқсон об-ҳавоси турланувчан, дейишади...

Буни қарангки, биз қанчалик ­отларни кўриш, суратга олишга ­қи­зиқсак, мажмуа жамоаси шунчалик қаршилик кўрсатишини аввалига ­тушунмадик. Аҳдимиз қатъийлигини англагач, ноилож рози бўлишди. Мажмуа ветеринари Шокир Маҳмудов ҳамроҳлигида йўлга чиқдик.

Яйлов деганлари чамаси 3-4 чақиримлик масофадаги от заводи учун берилган 200 гектар лалми экин майдони экан. Шу ерда йилқи ­боқиб юрган Азамат Суюновни суҳбатга тортамиз. Унинг айтишича, уюрда 31 бия, 20 та той бор.

Фото: Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”

— Қолган 19 таси бошқа уюрда, — дея гапни илиб кетади ветеринар. — Отлар, айниқса, биялар ­юргани яхши-да. Қиров эригандан сўнг далага чиқариб, айлантириб ­келамиз.

Очиғи, уюрдаги отларни кўриб, ҳафсаламиз пир бўлди. Наҳот шулар қорабайир бўлса?! Қани достону ривоятларда мадҳ қилинган ҳайбатли тулпорлар, гижинглаган асов тойлар?!

Тўғри, биз йилқиларнинг зотини аниқлайдиган мутахассис эмасмиз. Боз устига, улар федерация масъул мутахассисининг тавсияси билан олингани айтилмоқда. Аммо маъ­лумотларда келтирилишича, қорабайир отларининг тана тузилиши ўта хушбичим ва қотма, тўши кенг, бўйни қисқа эса-да, анча йўғон, қарчиғайи ўртача баландликда бўлиши керак. Бу ҳақда мутасаддилар кўпроқ ­қайғуриши керак, назаримизда.

Лекин танаси лойга беланган той ва бияларга боқиб, ачинасан, киши. Бу серхосият жониворлар ўша замонавий типда қурилган, ҳар бирида ювинтириш учун махсус жиҳозлар ўрнатилган отхоналарда боқилса, нега ранги рўйи бу қадар абгор экан-а?!

Фото: Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”

Аттанг! Аслида, от заводида йилқилар кунига бир марта чўмилтирилиши лозим эмасми? Қиш мавсумида нозик жониворлар шамоллаб қолмайдими, дерсиз. Бунинг олдини олиш учун эса танасини ­яхшилаб қуритадиган махсус қурилма — “солярий душ” бўлиши шарт саналади. Ё шундай ҳашаматли отхона қуриб, уни жиҳозлаш чоғида энг муҳим қурилма эсдан ­чиқиб қолдимикан? Бунисини билолмадик.

От заводи зоотехнигини тополмагач, яна ветеринарга мурожаат қиламиз.

— Энди ҳозир қиш, — дея вазиятга изоҳ беради ­Шокир Маҳмудов. — Лекин йилқиларнинг барчаси ­соғлом. 95 фоиз қулун олишни мўлжаллаб турибмиз. ­Бияларнинг ҳар бирига 2,5 — 3 килодан, тойларга эса 1,3 килодан арпа берамиз.

Синчиларнинг айтишича, маҳаллий улоқчи, ҳатто, спорт отларига ҳам кунига ўртача 3 килограммдан ем бериларкан. Агар бия­лар шунча ем еса борми, қишнинг чилласида ҳам этдан тушмайди, ­пишқириб кетади, дейишди.

Кимга ишонишни билмайсиз. Нима бўлганда ҳам жониворлар ­емсиз, хашаксиз қолмасин. Қишдан беталафот чиқсин. Таассуфланарли жиҳати шуки, мажмуа очиқ омборида озроқ бедадан бошқа нарсага кўзимиз тушмади. Ёпиқ омбор эса муҳрланган.

Башарти, тоза қонли Қорабайир зотини олиш бош мақсад экан, ­биялар “бонитировка” қилингандир, дея сўраймиз ҳамроҳимиздан. ­Ҳадемай, от заводи фаолият ­бошлаганига бир йил тўлади, ахир.

Афсуски, ҳалигача бу муҳим тадбир бажарилмаган.

Ветеринарнинг тушунтиришича, қиш фасли бошланиб қолгани учун бияларга тамға ­босиш кўкламга қолдирилибди.

Афтидан, мутахассис “бонитировка” ҳақида етарли маълумотга эга эмас чоғи. Соҳадан хабардор киши яхши биладики, “бонитировка” — бу баҳолашдир. Яъни биялар экстерьер — тана тузилиши бўйича баҳоланади. Бунда типиклиги, қарчиғайининг баландлиги, гавда ва оёғининг болдир қисми айланаси, пуштдорлигига алоҳида аҳамият қаратилади. Масалан, биялар ҳар уч йилда камида 2 марта қулунлаши керак. Бу ҳам майлику-я, наслчилик йўналишидаги от заводида бирорта наслли айғирнинг йўқлигига нима дейсиз? Ваҳолонки, мутахассисларнинг фикрича, 50 бош бия парваришланаётгани айтилаётган бундай муассасада камида бешта ­айғир бўлиши талаб этилади.

Табиий савол туғилади: унда селекция ишлари қандай амалга оширилмоқда?

Мажмуа раҳбарияти ўтган йили федерация мутахассислари томонидан “Яккабоғ Қорабайир” МЧЖдан ­наслли айғир танлаб беришганини айтишди.

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, ўз навбатида, буни инкор этди. Ўтган йили мазкур мажмуага айғир танлаб берилмаганини, жорий йил учун эса айғир танлаш, хусусан, типик Қорабайир зотларини излаб топиш, улар орасидан энг мақбулларини саралаб олиш ишлари энди бошланганини маълум қилди.

Фото: Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”

Мажмуа раҳбарияти ҳамма масъулиятни федерацияга ташлагандан кўра, яратилган 40 дан ортиқ иш ўринларига соҳанинг жонкуяр мутахассисларини жалб қилиши мақсадга мувофиқ эмасми?!

Бинобарин, йилқичиликда селекция осон иш эмас. Бу машаққатли меҳнат, кўп йиллик изланишларни талаб қиладиган ўта нозик жараёндир. Дастлабки танлаб олинган бия­лар устида селекция қилинса, тўртинчи авлодида тип яратилади. Тип ичида чатиштириш ишлари натижаси ўлароқ, яна 4 авлоддан сўнг зот вужудга келиши мумкин. Бунинг учун энг камида 24 йил вақт керак бўларкан.

Катта маблағ эвазига, улкан мақсадлар билан замонавий мажмуа ­бунёд этилган экан, яратилган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш зарур. Миллий ифтихоримизга айланган қорабайирнинг тоза қонли зотларини яратиш, ички ва ташқи бозорда харидоргир арғумоқлар етказиб бериш учун эса илмий асосда селекция ишларини олиб бориш ­талаб қилинади.

Зотан, “Қорабайир” отчилик мажмуаси хўжакўрсинга қурилмаган ахир!

Саид РАҲМОНОВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019