Президент топшириғи нега бажарилмади ёхуд Термиз туманидаги “Дўстлик” боғи қачон ҳақиқий номига мос масканга айланади?

16:41 21 Ноябрь 2018 Маданият
2071 0

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online”

“Халқ сўзи Online”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Дам олиш кунлари оила аъзоларингиз билан маданий кўнгилочар масканларда ҳордиқ чиқаришга нима етсин? Шундайку-я..! Бироқ, сиз яшайдиган ҳудудда бундай имконият яратилмаган бўлса, бу ҳақда орзу қилмай қўяқолинг!

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

Термиз тумани Учқизил қўрғонида яшовчи аҳоли бу борада тақдирига тан берганлардан десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз! Нега дейсизми? Туман марказида жойлашган “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғидаги аянчли аҳволни яхшилашга доир аҳоли эътирозларига мутасаддилар пинагини бузмагач, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасда...

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

Термиз тумани ҳокимининг 2015 йил 7 майдаги 677-сонли қарорига биноан ушбу дам олиш маскани туман маданият бўлими тасарруфига ўтказилгач, аҳвол яхшиланишига умид қилинганди. Бироқ, умидлар яна саробга айланди...

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

Маълумотларга кўра, “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғи 2004 йилда ишга туширилган бўлиб, умумий ер майдони 4 гектарни ташкил этади. Боғ ҳудудидаги 437 туп дарахтлар суғориш тизимидаги муаммолар сабаб, бирин-кетин қуриб бораётир.

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 
Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 
Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

Истироҳат боғидаги 3 та аттракцион 1978 йилда ўрнатилган бўлиб, ҳозир тамомила яроқсиз ҳолга келиб қолган. Йўлаклар таъмирталаб, ўриндиқлар синган, ҳожатхона... Умуман айтганда, истироҳат боғидаги неки бор — ҳаммаси ўз “умри”ни ўтаб бўлган. Бу ердаги спорт майдончалари, маъмурий бино, яшил майдончалар вақт ўтгани сайин бузилиб, вайрона бўлиб, маданият ва истироҳат боғидаги умумий манзарани“безамоқда”.

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 
Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 
Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19-20 январдаги Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида Термиз туманидаги “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғи моддий техник базасини тубдан яхшилаш ва модернизация қилиш бўйича ҳам дастур ишлаб чиқилганди.

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

Унга кўра, мазкур истироҳат боғида аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг маданий дам олиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида янги спорт майдончаларини қуриш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш, бир неча замонавий аттракцион ва ўйин қурилмаларини ўрнатиш, шунингдек, сув ҳавзаси, амфитеатр, мусиқали фаввора, савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларини қуриб, ишга тушириш белгиланганди.

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

Афсуски, ишлаб чиқилган дастур ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Амалий ишдан эса ҳамон дарак йўқ.

Аслини олганда вилоятдаги энг йирик Учқизил кўли ёнида жойлашган ушбу маданият ва истироҳат боғи ўзининг қулай жойлашувига кўра, ҳар қандай сармоядор — инвестор эътиборини ўзига тортади. Бу жиҳатни бежизга урғуламадик.

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

Туман раҳбарлари, маданият бошқармаси ва ёки маданият ишлари вазирлиги истироҳат боғидаги аҳволни яхшилаш учун сармоя кераклигини рўкач қилиши табиий. Маҳаллий ёки хорижий сармоядорни бу ерга олиб келиш учун ҳам хоҳиш, истак, иштиёқ ва ҳаракат керак. Шундай эмасми?!

“Халқ сўзи Online” бу мавзуга яна қайтади.

Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 
Фото: Илҳом Раҳматов/“Халқ сўзи Online” 

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019