Президент ташрифидан сўнг. Наманган вилояти ҳокими бажарилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида

11:42 05 Март 2019 Сиёсат
894 0

Фото: «Халқ сўзи»

Давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига бу галги сафари, айтиш мумкинки, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан равнақ топаётган ҳудуд тараққиётига янада жўшқинлик бағишлади. Сабаби мазкур ташриф давомида тақдимотлари бўлган лойиҳаларнинг ҳар бири иқтисодиётни юксалтириш, ҳудудлар ободлигини таъминлаш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янги босқичга кўтариш, пировардида халқнинг розилигига эришишдек олижаноб мақсадга қаратилган.

Вилоят ҳокими Хайрулло БОЗОРОВ ташриф таассуротлари, яқин вақт ичида амалга ошириладиган йирик лойиҳаларнинг ҳудуд ривожи, айниқса, унинг саноат ва экспорт салоҳиятини юксалтиришдаги аҳамияти хусусида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари учун эксклюзив интервью берди. 

— Хайрулло Ҳайитбоевич, мамлакатимизда тараққиётнинг янги босқичи Наманган ва наманганликлар ҳаётига ҳам ўтган қисқа вақт ичида ўзгача мазмун олиб кирди. Улар қайси жабҳаларда кўпроқ кўзга ташланади?

— Янгиланиш даври манзараларини кўрмоқчи бўлган киши, энг аввало, шаҳар ва қишлоқларимиз жамоли, иқтисодиётимиз ривожи, Наманган аҳлининг кайфиятига боқмоғининг ўзи кифоя. Эришилаётган натижалар замирида Юртбошимизнинг ҳар бир ҳудуд хусусияти ва имкониятидан келиб чиқиб, янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш, бунёдкорликнинг барча йўналишига оид топшириғига асосан амалга оширилаётган комплекс ишлар ётибди. Одамлар ўзлари учун муносиб турмуш шароити яратилаётганлигини нафақат вилоят ёки туман маркази, балки чекка қишлоқлардаги қулайликлар мисолида ҳам чуқурроқ ҳис этишмоқда.

Масалан, Тўрақўрғон тумани маркази ҳамма ҳавас қиладиган масканлардан бирига айланди. Бу ерда маърифатпарвар инсон Исҳоқхон Ибратнинг бундан бир юз йигирма йил аввал амалга оширган эзгу ишларининг эътирофи сифатида муҳташам Хотира мажмуаси барпо этилганидан бутун Ўзбекистон аҳли хабардор. Ундаги кўркам боғ ва хиёбон, тиллар мактаби, бошқа қатор иншоотлар ҳудуд қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Тумандаги намунали лойиҳа асосидаги тураржой биноларидан таркиб топган маҳаллалар, 1000 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган интенсив боғлар, халқаро андозалар талабига мослаб қайта қурилган автомобиль йўллари, янги мактабгача таълим муассасалари кўнгилларга ободлик олиб киради. Наманган тумани маркази бўлган Тошбулоқ шаҳарчаси йўлнинг икки томонида қад ростлаган кўп қаватли уйлар, тўла реконструкция қилинган автомобиль йўли, маиший хизмат ва сервис йўналишидаги иншоотлар билан янаям ўзгача чирой очди. Чортоқни экошаҳарга айлантиришга киришилганлиги эса дилни яйратадиган иш бўлди. Барча туманда жадал олиб борилаётган бу каби бунёдкорликлар аҳоли турмуш тарзи юқори даражага кўтарилаётганидан бир нишонадир.

Шу ўринда фаровон турмуш асоси бўлган иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар кўлами кун сайин кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бунинг самаралари кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши тобора ортаётгани, ишлаб чиқариш ривожига кенг йўл очаётган кичик саноат зоналари фаолияти, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар, экспорт салоҳиятини юксалтириш масалаларида яққол кўринади.

Биз жаҳонга бўйлашяпмиз, кундалик ҳаётимиз, иш, ўқиш, дам олиш шароитларимиз ҳам шунга яраша бўлмоғи лозим. Наманган шаҳрининг Ғирвонсой даҳасида “Афсоналар водийси” деб номланган лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган маданият ва истироҳат мажмуаси 116 гектар майдонда жойлашган бўлиб, унинг таркибидан очиқ ва ёпиқ аквапарклар, 30 дан зиёд аттракционлар ва Наманган учун янгилик бўлган бошқа кўнгилочар иншоотлар ўрин олади.

Қисқача айтганда, барча соҳа ривожига янгича нигоҳ билан қаралмоқда, эзгу ниятлар тезроқ ижобатини топиши учун ҳамма бирдек жон куйдиряпти.

— Яқин тарихга назар солсак, Наманган фақатгина миллий ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги ёки тўқимачилик соҳаси билангина шуғулланган ҳудуд сифатида ёдга олинади. Гўёки бу ерда илғор технологияга асосланган замонавий ва мураккаб ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг имкони бўлмагандек...

— Эндиликда бундай қарашлар ортда қолди. Мақсадли дастурлардан ўрин олаётган лойиҳаларнинг аксариятида жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш устувор вазифа қилиб қўйилмоқда. Масалан, бундан беш-олти йил аввал “Наманганда Жанубий Кореянинг дунёга машҳур “Hyundai” компанияси ўз заводини қуради,” дейилса, ким ишонарди? Ёки Чустда аграр соҳадаги инновация — аэропоника усулида деҳқончилик қилишларини ким ўйлабди, дейсиз. Президентимизнинг Наманганга ташрифидан бир кун аввал Норинда велосипед ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Norin Moto Bike” корхонаси ишга туширилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Инвестиция дастурига киритилган бўлиб, унинг доирасида мамлакатга 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиниши кўзда тутилган. Келгусида фаолияти кенгайтирилиб, мотоцикл, трицикл, скутер ва мопед ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда.

Биз истиқболли лойиҳаларни тайёрлашда кўпроқ меҳнат жойлари яратиш, маҳаллий хом ашё ва бутловчи материаллардан фойдаланиш, маҳсулотнинг асосий қисмини ташқи бозорга чиқариш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонаси ана шундай лойиҳалардан бири. Бу ерда турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда. Ўтган йили 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 9,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт ҳажми янада ортади. Бугун бош корхона ва филиалларда 2 мингдан зиёд кишилар меҳнат қилаётир. Яқинда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш мажмуаси фойдаланишга топширилиши билан яна мингга яқин иш ўринлари яратилди. “Art Soft Tex Group” фаолиятини кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг келгуси режалари билан қизиқди. Унинг таркибида пахта тозалаш, уруғлик етиштириш, дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, иссиқхона ташкил этилиши, чорва боқиш, ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маъқуллади.

Ташрифда тақдим этилган йирик лойиҳа — Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши бугун ҳал қилувчи босқичга кирган. 900 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур станция Фарғона водийсида электр энергиясига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, аҳоли ва саноат корхоналарини узлуксиз қувват билан таъминлашга хизмат қилади. Бу ерда ҳозиргача лойиҳа доирасидаги ишларнинг 83 фоизи бажарилди. Айни пайтда объектда 2400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ишчи-хизматчилар меҳнат қиляпти. Қурилиш ташкилотчилари Президентимизга станция ишга тушадиган муддатни режадагидан анча яқинлаштиришга ваъда беришди. Чунончи ИЭСнинг биринчи буғ-газ қурилмаси жорий йилнинг декабрида эмас, сентябрида ҳаракатга келтирилади. Иккинчиси янги йил арафасида фойдаланишга топширилади.

— Вилоятда янада қулай сармоявий муҳит яратилаётгани туфайли инвестициялар оқими ортмоқда. Энг муҳими, Наманганда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги хорижий сармоядорлар сафи кенгайиб боряпти. Натижада чет эллик ҳамкорлар билан қўшма корхоналар ташкил этилиши баробарида, ҳудудга илғор технологиялар олиб келиниб, янгидан-янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйиляпти.

— Дарҳақиқат, шундай. Бу борада биргина жорий йилнинг феврали Наманганда ташқи инвестицияларни жалб қилиш ойи сифатида ўтди, дейиш мумкин.

Гап шундаки, Ўзбекистоннинг хорижда фаолият кўрсатаётган 17 элчиси тадбиркор ҳамда ишбилармон доиралари билан биргаликда ўн кундан кўпроқ вақт давомида вилоятимиз шаҳар ва туманларида бизнес ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида иш олиб боришди. Кўплаб шартномалар, англашув меморандумлари имзоланди. Таклиф этилаётган лойиҳаларнинг аксарияти долзарблиги билан эътиборни тортади. Мисол учун, Хитойнинг “Zhongue Wanda” компанияси Наманганда “ақлли экошаҳар” қуриш учун тайёрлигини билдирди. Хорижий ҳамкор бунинг учун 70 миллион АҚШ долларига тенг сармоя киритишни мўлжаллаган. Лойиҳадан замонавий меҳмонхона мажмуаси ва бошқа сайёҳлик иншоотлари ўрин олган бўлиб, улар ҳудуднинг туристик имкониятларини оширади. Россия Федерациясининг Смоленск шаҳридан келган трикотаж фабрикаси директори Нина Никонова Наманганда турдош корхона барпо этиш таклифини айтди. 1,6 миллион АҚШ доллари эвазига ташкил қилинадиган корхонада 300 киши учун доимий иш жойи яратилади ва йилига 12 миллион жуфт пайпоқ ҳамда 1 миллион дона трикотаж буюм тайёрланадиган қувватлар ишга туширилади.

Умуман олганда, элчилар иштирокидаги тадбирлар давомида қарийб 680 миллион АҚШ долларилик 43 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Улар яқин вақт ичида ҳаётга татбиқ этила бошланади.

Айтиш жоизки, вилоятимизга киритилаётган хорижий сармоялар ҳажми муттасил равишда ошмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг ўзида 343 миллион АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестицияси ва кредитлари жалб этилди. Унинг 54,6 миллион доллардан ортиғи тўғридан-тўғри хориж инвестицияларини ташкил этади. Бу маблағлар ҳисобига янги корхоналар бунёд этиш, илғор технологик линиялар сотиб олиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш тадбирлари амалга оширилмоқда.

— Тараққиёт омиллари ҳақида гап борар экан, кейинги пайтда кластерга такрор ва такрор урғу берилаётгани бежиз эмас. Амалда бу усул ижтимоий-иқтисодий соҳада интенсив технологияларни жорий этишнинг самарали йўлига айланди. Мазкур янгиликнинг вилоятдаги истиқболи ҳақида нима дейсиз?

— Кластер, ҳақиқатан ҳам, натижадор тизим сифатида турли жабҳаларда ўз исботини топмоқда. Масалан, унинг пахтачиликда қўлланилиши фермердан тортиб, қайта ишловчи ва тўқимачилар кучини бирлаштириш имконини юзага келтирди. Бу пировард натижадан барча бирдек манфаатдор, деганидир. Бултур Учқўрғон туманида ташкил этилган “Textile Finance Namangan“ корхонаси 9836 гектар майдонда пахта етиштириш учун барча агротехника тадбирини тўла молиялаштирди. Юқори сифатли ҳосилдан олинган даромад миқдори ортди. Эндиликда янгилик бошқа туманларга ҳам кўчмоқда.

Аҳамиятлиси, бугунги кунга келиб, ишлаб чиқаришнинг бошқа жабҳасида босқичма-босқич кластер усули қўлланиляпти. Наманган туманидаги паррандачиликка ихтисослаштирилган “Golden egg of Namangan” масъулияти чекланган жамияти тажрибаси бунга мисол бўла олади. Ўтган йили бу ерда 107 миллион дона тухум етиштирилди. Кластерга ўтилиши билан жўжаларни парваришлаш, гўшт ишлаб чиқариш, бошқа йўналишларда ўсиш суръати кузатила бошланди.

Яқин вақт орасида Наманганда мамлакатда биринчилар қаторида тиббиёт кластери ҳам иш бошлайди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташаббуси билан тайёрланмоқда. Жанубий Кореянинг “Gold Dream Foundation” жамғармаси ҳамкорлигидаги лойиҳа асосида барпо этиладиган мазкур кластер таркибига замонавий клиника, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш маркази, йирик фармацевтика корхоналари киради. Юқори малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Маҳаллий шифокорлар, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчилари Жанубий Кореяда стажировкадан ўтадилар. Лойиҳа ижроси Наманган тиббиёт кластери хизматидан фойдаланишда бутун Фарғона водийси вилоятлари аҳолиси учун кенг йўл очади.

— Маълумки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида туризм иқтисодиётнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам сайёҳлик индустрияси тараққиёт драйверига айланмоқда. Айтинг-чи, Наманганнинг айни соҳадаги салоҳиятидан унумли фойдаланиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

— Кўплаб ноёб ва тарихий ёдгорликларга эга вилоятимизнинг туристик имкониятлари бошқа ҳудудлардагидан кам эмас. Косонсойдаги Муғ қалъаси, Наманган шаҳридаги Хўжа Амин мақбараси, Мулла Қирғиз мадрасаси, Попдаги Мунчоқтепа ёдгорлиги... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Эътиборли жиҳати, аждодларимиз яратган шу сингари диққатга сазовор жойларнинг аксарияти иккинчи умрини яшай бошлади.

Сирдарёнинг Тўрақўрғон туманидан оқиб ўтган қисми ёқаларида жойлашган қадимий Ахсикент шаҳрининг узоқ тарих ва бугунги кунда ўз ўрни бор. Унинг осори атиқалари нафақат юртимиздаги, балки хориж илмий жамоатчилиги эътиборини ҳам тортмоқда. Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди, унинг доирасида ташкил этилган “Ахсикент” ёдгорлигини муҳофаза қилиш ва ўрганиш дирекцияси қизғин фаолият кўрсатмоқда. Қадимий шаҳар сирларини чуқур ўрганиш мақсадида унинг харобаларини кавлаш ишлари ҳажми кенгайтирилмоқда. Ўтган қисқа вақт оралиғида илгари Буюк Ипак йўли марказларидан бири бўлган Ахсикент ҳақида қатор илмий анжуманлар ташкил этилди. Олдинда турган муҳим вазифалардан яна бири сифатида бу жойда очиқ осмон остидаги музей ташкил қилиш кўзда тутилганини айтиш жоиз. Давлатимиз раҳбари Ахсикент билан танишиш жараёнида уни йирик туристик мажмуага айлантириш, бу ерда ҳар икки йилда тарихий фестиваль ўтказишни йўлга қўйиш таклифини билдирдилар. Бундан вилоят аҳли беҳад мамнун.

Биргина бу эмас. Вилоятимизда соҳанинг бошқа йўналишлари — экологик, тиббий ва зиёрат туризмларини ривожлантириш имкониятлари ҳам катта. Мен бу ўринда Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой туманларидаги сиҳатгоҳлар, табиат қўйнидаги сўлим дам олиш масканларини назарда тутяпман. Гап улар фаолиятини такомиллаштириш, хизмат сифатини халқаро андозалар даражасига кўтаришда. Шундан келиб чиқиб, сайёҳлик инфратузилмаси — логистика, меҳмонхоналар мажмуасини яратиш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқяпмиз.

— Президентимизнинг ҳар бир ташрифи ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволга баҳо берадиган индикатор сифатида хизмат қилади. Айни жараёнда яқин истиқболдаги режаларнинг устувор жиҳатлари ҳам белгилаб олинади. Хўш, вилоят ҳокимлиги, тегишли идоралар, бутун Наманган аҳли энг муҳим вазифалар ижросига қай тартибда киришмоқда?

— Энг аввало, ташриф доирасида вилоятни комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурдан умумий қиймати 2,8 триллион сўмлик 1400 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар ўрин олгани зиммамиздаги вазифалар кўлами қанчалик катта эканлигини кўрсатиб турибди. Тадбиркорларнинг новаторлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, янги корхоналар ташкил этиш, замонавий инфратузилма иншоотлари, ижтимоий объектлар, тураржойлар қурилишига йўналтириладиган бу маблағнинг ҳар бир сўми ўз вақтида, ўз жойига сарф қилингандагина кутилган натижани беради.

Яна бир муҳим жиҳат. Президент фаоллар йиғилишида камчиликларимизга ҳам ҳаққоний баҳо берди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати республика даражасидан орқада қолаётгани, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги сусткашлик танқид остига олинди. Биз ташриф якунланган куннинг ўзида йиғилиш ўтказиб, мутасаддилар билан атрофлича гаплашдик. Халқимиз ҳам ташриф жараёнлари хусусида телевидение, оммавий ахборот воситалари орқали етарлича маълумот олгани табиий. Энди гап амалий ҳаракатларда. Зеро, қоғоздаги лойиҳалар ҳаётга кўчгандагина одамлар натижалардан баҳраманд бўладилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ ва Нурбек АБДУЛЛАЕВ (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019