Президент табриги: Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига

14:24 27 Июнь 2019 Жамият
437 0

Қадрли дўстлар! Аввало сизни касб байрамларингиз - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Сизларга ўзимнинг самимий ҳурматим, эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Барчага яхши маълумки, матбуот ва оммавий ахборот воситалари иши ҳамма томонлама ҳам оғир ва масъулиятлидир. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги пайтда бу масъулият янада кучаймоқда.

Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Барча соҳаларда ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш заруратга айланган. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янгидан-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Кейинги пайтларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили ошиб бораётгани алоҳида эътиборлидир. Чунки бундай тенденция ислоҳотларимиз самараларини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.

Энг муҳими, барча даражадаги раҳбар мутасаддилар замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашига тўғри келади. Ўзининг билим ва салоҳиятига, ишчанлик фазилатларига ишонган раҳбар, танқиддан қўрқмай, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси деб билади. Аслида бундай мулоқот, тараққиётимизни таъминлайдиган энг асосий омиллардан биридир.

Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур. Ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун доирасида бўлиши, шахсий хусуматга, сохта обрў орттириш воситасига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиамайдонимизда ўрин бўлмаслиги керак.

Ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиғи барчадан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этмоқда. Шу маънода, оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятни мустаҳкамлаш, миллий матбуотимиз халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, интернет журналистикасини ривожлантириш, ноширлик иши, китоб савдоси, обуна масалаларида бозор механизмларини кенг жорий этиш, очиқлик ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни йўлга қўйиш бўйича кўп ишлашимиз керак.

Ўз навбатида биз оммавий ахборот воситаларининг эркинликларини мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш борасида олиб бораётган ишларимизни ҳам изчил давом эттирамиз.

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019