Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи (Фоторепортаж)

16:27 13 Апрель 2018 Сиёсат
1705 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилоятига келди

Давлатимиз раҳбари Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхона билан танишди. 

Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида кластер усули кенг жорий этилмоқда. “Бек кластер” корхонаси шу йўналишдаги йирик субъектлардан бўлиб, унга Сирдарё вилоятидан 18 минг гектар ер ажратилган.

Мазкур кўп тармоқли кластер томонидан Мирзаобод туманида 100 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган. Бу ерда йилига 25 миллион долларлик маҳсулот етиштириш, уларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган. 

Президент қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳам кўздан кечирди.

Мирзаобод туманида Сирдарё вилояти иқтисодиётини ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Президент Шавкат Мирзиёев “Social web solution” дастурига алоҳида эътибор қаратди. Бу дастур электрон савдони кенгайтириш, интернет орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида аҳолига кўплаб қулайликлар яратади. 

Президент Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрининг Тошкент кўчасида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

 Ушбу кўча замонавий талаблар асосида қайта қурилиб, қатновлар ўртасида хавфсизлик тўсиқлари, энергиятежамкор ёритгичлар ўрнатилган. Икки ёнда яшил ҳудуд барпо этилиб, гуллар ва манзарали дарахтлар экилган. Пиёдалар ва велосипедлар учун йўлаклар ташкил қилинган. 
Президент қурилиш сифати ва транспортлар ҳаракатига қулайликларни ошириш юзасидан кўрсатмалар берди. “Йўл қурилишига шунча пул ажратаяпмиз. Лекин йўлларимизнинг сифати йўқ, десак адолатдан бўлади. Бу соҳада қурилиш ҳажми, йўл узунлиги ортидан қувмай, аввало сифатга эътибор бериш керак. Бир километр бўлсаям, сифатли қуринглар. Ўнлаб йиллар халқимизга хизмат қилсин, одамлар рози бўлсин” деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳридаги сув спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар мактабида қурилган ёпиқ сузиш ҳавзасини бориб кўрди. Бу маскан сузиш ва сувга сакраш машқлари учун мўлжалланган. Ҳавзада ташкил этилган 15 ўқув машғулот гуруҳига 170 дан ортиқ ўғил-қиз жалб қилинган.

Президент спорт мажмуалари болалар учун қулай ва хавфсиз бўлиши зарурлигини таъкидлади. Шу жиҳатдан мажмуадаги шарт-шароитларни яхшилаш, вентиляция, сув тозалаш ва иситиш тизимларини қайта кўриб чиқиш, бундай лойиҳаларни жаҳон тажрибаси асосида такомиллаштириш бўйича тавсилар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрининг Алишер Навоий номидаги Билимдонлар марказида бир гуруҳ ижодкорлар билан мулоқот қилди.
Барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган имкониятлар, одамлар турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар моҳияти ҳақида сўз борди.

Ижодкорлар Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уларга катта мамнуният, ишонч ва руҳ бағишлаганини таъкидлашди.

Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар