Президент қарори билан янги идоралараро комиссия ташкил этилмоқда. Унинг вазифаси нималардан иборат бўлади

00:19 21 Сентябр 2018 Ҳужжатлар
729 0
Иллюстратив фото

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияни ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5446-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, республиканинг молиявий тизимини янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимининг умумқабул қилинган халқаро нормалар ва андозаларга мувофиқлилигини таъминлаш мақсадида: 

1. Маълумот учун қабул қилинсинки: 

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш Евроосиё гуруҳига аъзо давлатларнинг ўзаро баҳолашнинг иккинчи босқичини ўтказиш режасига мувофиқ 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини ўзаро баҳолаш режалаштирилган; 

ўзаро баҳолашнинг иккинчи босқичи муваффақиятли ўтиши ва Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (кейинги ўринларда ФАТФ деб юритилади) тавсиялари ижросини таъминлаш мақсадида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар иштирокида хавфларни миллий даражада баҳолаш ўтказилмоқда. 

2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияни (кейинги ўринларда – Комиссия) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) Комиссиянинг ишчи органи хисобланади. 

4. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни баҳолаш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, шунингдек, унинг асосида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини янада ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга оид таклифлар ишлаб чиқиш ва чоралар кўриш; 

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; 

ФАТФ тавсияларидаги талабларни ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига имплементация қилишни таъминлаш; 

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш. 

5. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

6. Қуйидагилар зиммасига жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни миллий даражада баҳолашни самарали ташкил этиш ва ўтказиш учун шахсий жавобгарлик юклансин: 

а) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Ш. Х. Атабаевга – тижорат банклари ва кредит ташкилотлари, шунингдек, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар хавфлари бўйича; 

б) Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари В. Ю. Пакка – лизинг хизматларини ва лотереялар ташкил этишни амалга оширувчи ташкилотлар, аудиторлик ташкилотлари, суғурталовчилар ва суғурта воситачилари хавфлари бўйича; 

в) Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ж. Б. Юнусовга – биржа ва риэлторлик ташкилотлари хавфлари бўйича; 

г) Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари А. Ж. Ташкуловга – нотариал идоралар, адвокатлик тузилмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар хавфлари бўйича; 

д) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Б. А. Олматовга – почта алоқаси оператори ва провайдерлари хавфлари бўйича; 

е) Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг ўринбосари Ф. М. Каримовга – қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари хавфлари бўйича. 

7. Департамент бошлиғи вазифасини бажарувчи – Комиссия раиси ўринбосари Д. Ф. Рахимов жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни миллий даражада баҳолаш юзасидан умумлаштирилган ҳисоботни тайёрлаш учун масъул этиб белгилансин. 

8. Департамент манфаатдор вазирлик ва идорлар билан биргаликда: 

кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш фаолиятига жалб қилинган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ходимларини ўқитиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш чораларини кўрсин; 

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифлар киритсин. 

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З. Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. М. Мавлонов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш.МИРЗИЁЕВ 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 20 сентябрь 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар