Президент қарори билан ипак қурти боқишга мўлжалланган иншоотлар солиқлардан озод этилди

17:02 26 Март 2018 Иқтисодиёт
1169 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ–3616, 20.03.2018 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар тарқатди.

Ҳужжат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси муассислигида муассаса шаклида қайта ташкил этилиб, унинг молиялаштириш манбалари белгилаб берилди.

“Ўзпахтасаноат” АЖ таркибидаги ташкилотларга қарашли ипак қурти боқишга мўлжалланган иншоотлар “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги ташкилотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга фойдаланиш учун берилди.
Тутзор майдонларида янги қуриладиган ва ипак қурти боқишга мўлжалланган иншоотлар ер солиғи, мулк солиғи, ягона ер солиғи ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тўловлардан;

“Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги ташкилотларга фойдаланиш учун берилган ипак қурти боқишга мўлжалланган иншоотлар ер, мулк ва ижарачининг ижара ҳақи ҳисобланадиган фойда солиғидан озод этилди. 

Қарор билан шунингдек янги тут плантацияларини барпо этиш параметрлари тасдиқланди.
Хусусан, ҳозирда мавжуд 43 332 гектар тут плантациясига қўшимча равишда жорий йил давомида яна 6 430 гектар майдонда янги тут плантациялари барпо этилади ва 306 та ипак қурти боқишга мўлжалланган иншоотлар қурилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар