Президент мактабида кимлар ўқийди?

16:05 30 Май 2019 Жамият
457 0

“Мактабнинг номи чиқса, бўлди, ҳамма ота-оналар шу мактабда фарзандини ўқитишни хоҳлайди. Натижада биргина Тошкент шаҳридаги 50-ўрта мактабнинг биринчи синфида 52 нафар ўқувчи таҳсил олишига сабаб бўляпти. Бу ўқувчиларни ҳар қандай методика бўйича ҳам, тўлиқ қамраб олиш, пухта билим бериш жуда мушкул.

Яна бир стереотип шаклланган халқимизда, у ҳам бўлса, рус мактабларда ўзбек мактабларига нисбатан яхши ўқитишади, деб ўйлашади. Бу ҳам мактаблардаги ўқувчи сиғимининг издан чиқиши, айрим мактабларда ўқувчи сони ортиб, дарслар ҳаттоки, 4 сменада ташкил этилишига сабаб бўлмоқда”, — дея маълумот берди халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров қўмита йиғилишида.

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида Халқ таълими вазирлиги томонидан 2019 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Унда таъкидланганидек, вазирлик тасарруфидаги 5,8 миллион ўқувчини қамраб олган 9691 та умумтаълим мактабининг 7610 тасида ўқиш жараёни икки сменада ташкил этилган. Айрим мактабларда эса бунинг тескариси. Ўқувчи сони мактаб имкониятларидан икки баробар камроқ. Шуларни инобатга олган ҳолда вазирлик томонидан 2019-2020 ўқув йилида ўқувчи сонини мактаб биноларининг лойиҳа сиғимига мақбуллаштириш юзасидан иш олиб борилмоқда. Бунинг учун талаб юқори бўлаётган ўқув муассасаларининг тармоқ мактабларини ташкил этиш режалаштириляпти. Бунда ўқувчи сони камроқ бўлган ўша ҳудудга яқин мактаблар илғор мактабларга бириктириб берилади. Бу мактабларда яхши мактабларнинг тажрибаси оммалаштирилади. Янги ўқув йилида 50 та шундай таълим муассасаси иш бошлайди, уларнинг 28 таси Тошкент шаҳрида жойлашган.

Сенаторлар бугунги кунда халқимизни қизиқтираётган саволлар, жумладан, Президент мактабларини ташкил этиш билан боғлиқ жараёнлар билан қизиқди.

— Вазирлик томонидан Президент мактабига номзодларни саралашда барча учун тенг шароитлар яратилмоқда, — деди А. Умаров. — Кембриж университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши Президент мактаблари учун танлов жараёнини назорат қилади. У бутун дунёда ўтказиладиган имтиҳонлар жараёнида адолат ва шаффофликни таъминлашда довруқ қозонган ташкилотлардан. Албатта, барча ота-оналар фарзандларини Президент мактабларида билим олишини хоҳлашади. Лекин энг истеъдодли ўқувчиларгина бундай имкониятга эга бўлишади. Cambridge Assessment International Education мутахассислари боланинг ота-онаси ёки уларнинг моддий имконияти ҳақида маълумотларга эга бўлмайди. Инглиз компанияси учун ўғил-қизлар истеъдоди, танқидий ва мантиқий фикрлаш даражаси баҳолашнинг асосий мезон ҳисобланади.

Ҳисоботда, шунингдек, ўқувчиларни дарсликлар ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Мунисхон Каримова, “Халқ сўзи“.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019