Президент коронавирус сабаб яна бир қарор имзолаши кутилмоқда

09:22 19 Апрель 2020 Ҳужжатлар
865 0

Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади, қишлоқ хўжалиги давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарор лойиҳасида қайд этилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ергеодезкадастр, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш ва уларни аҳолига имтиёзли лизинг шартлари асосида мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Ҳужжат билан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 2020 йилда ажратилиши режалаштирилган 30 трлн сўмлик револьвер кредитларнинг 2 трлн сўми мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи корхоналарга ажратиш учун йўналтирилади;
  • экспорт шартномаси бўйича келгусидаги тушум таъминоти асосида шахсий томорқа эгалари ва хўжалик субъектларидан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун бўнак ажратиш мақсадларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчилар ҳамда экспортёрларга қисқа муддатли кредитлар ажратилади. Бунда кредитлар, яхши кредит тарихига эга, камида 2 йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти фаолияти билан шуғулланган, ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлмаган қайта ишловчилар ва экспортёрларга ажратилади;
  • енгил саноат маҳсулотларини экспорт қилишда темир йўл хизматлари тарифлари 2020 йилнинг 1 июлига қадар 50 фоизга камайтирилади;
  • 2020 йилнинг 1 декабрига қадар минерал ўғитлар импортига барча чекловлар бекор қилинади;
  • 2020 йилнинг 20 апрелидан бошлаб қишлоқ хўжалиги кооперацияларида иштирок этадиган ҳар бир оила парранда боққан даври (40 кун) учун, Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча 500 минг сўмдан рағбатлантирилади;
  • Жамоат ишлари жамғармаси томонидан пилла етиштиришнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи мавсумларида белгиланган ҳосилни олган хонадонларга ҳар бир қути ипак қурти учун тўланаётган 1,2 миллион сўмга қўшимча 700 минг сўмдан маблағ ажратилади. Бунда, Жамоат ишлари жамғармасига маблағлар Инқирозга қарши курашиш дастури доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан ажратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?