Президент арчаси: Меҳр нурларидан юраклар шодмон 

18:10 29 Декабрь 2019 Жамият
375 0

Халқимиз — болажон. Фарзанд тақдирига бефарқ эмас, истиқболи, камолоти учун қайғуради. Бунинг учун вақтни ҳам, маблағни ҳам аямайди.

 “Фаол тадбиркорлик ва ижтимоий ривожланиш йили” сифатида тарих саҳифаларига муҳрланаётган жорий тақвимда ҳам эртамиз эгаларини ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб этиб вояга етказиш борасида кенг кўламли  ишлар амалга оширилди. Ёшлар тарбияси, ўқиши, ҳунар ўрганиши, бирон-бир касб эгаси бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Мамлакатимизда навқирон авлодни камолга етказишнинг дастуриламали сифатида илгари сурилган “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастури, “Бешта муҳим ташаббус” ҳамда “Кўнгил кўзи” сингари кўплаб маърифий лойиҳалар ва амалий чора-тадбирлар замирида ҳам айни мақсадлар мужассам. 

Янги йил байрами арафасида кичкинтойларга улашиладиган ўқув қуроллари ва турфа ширинликлардан иборат “Президент совғаси” ана шу ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. 

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройи. Остонада меҳмонларни кўтаринки кайфиятда кутиб олишмоқда. Сарой фойеси байрамона безатилган. 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган “Президент арчаси” байрам тадбирига ижтимоий ҳимояга муҳтож, Меҳрибонлик, Мурувват уйлари ва "SOS--болалар маҳалласи" тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар,  ҳамда Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қурбон бўлган Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати, миллий гвардия ходимларининг  фарзандлари таклиф қилинган. 

...Қизалоқ камалакранг ўйинчоқлар билан безатилган кўркам арча ёнида рақсга тушяпти. Юзида табассум, нигоҳида қувонч зоҳир. Қўшиқ тугагач, у қарсаклар остида Қорбободан совға олди. Барча хурсанд. Тенгқурлари олқишига сазовор бўлган бу қизчани суҳбатга тортдик. 

Исмим Нилуфар, ёшим 10 да, — дейди у. — Айни пайтда Юнусобод туманидаги 9-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим  мактабининг 3-синфида таҳсил оляпман. Байрам жуда ажойиб ўтяпти. Биласизми, бу ердаги Қорбобо топқир экан. Кўнглимдагини дарров пайқади —рақсга тушиб берганим учун китоб совға қилди. Беҳад қувондим. Энди уни таътил вақтида мириқиб ўқийман. Эъзозу этибор учун тенгдошларим номидан Президент бобомизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.   

Меҳрдан шодликка тўлган юракларнинг бундай дил изҳорлари бисёр бўлди. Кичкинтойларнинг шукуҳли лаҳзалари тантананинг асосий қисмига уланиб кетди. Саҳнада “Томоша” болалар ижодий гуруҳининг  “Биз таратган нур!” номли махсус театрлаштирилган саргузаштлари намойиш этилди. Шеърлар, топишмоқлар айтилди. Давра турли эртак қаҳрамонлари ўйин-кулгуси билан қизигандан-қизиди. Ҳар хил ўйинлар, тез айтишлару топишмоқлар байрамга янада жўшқинлик бағишлади. 

— Бу йилги шодиёна ҳар йилгидан қизиқарли бўлди, — дейди А. П. Хлебушкина номидаги 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Миржаҳон Ҳакимов. — Айниқса, дўстликнинг қадр-қиммати, илмсизлик оқибати ҳамда эзгуликнинг ҳамиша ёвузлик устидан ғалаба қозониши сингари ранг-баранг чиқишлар бизни эзгуликка чорлади. Ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик сингари фазилатларнинг бетакрор тараннумидан бир олам таассурот олдик.   

“Президент арчаси” тадбирлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўтаринкилик билан ўтказилмоқда. 

Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ

(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019