АҚШ давлат котиби КХДР раҳбарига «Ракета одам» қўшиқлар тўпламини топширади

16:30 06 Июль 2018 Дунё
203 0
Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео КХДРни денуклеризация қилиш масалаларини яна бир бор муҳокамадан ўтказиш учун бугун Пхеньянга етиб келди. Бу ҳақида Yonhap хабар берди. Мазкур ташриф 12 июнь куни Сингапурда ўтказилган АҚШ-КХДР саммитининг мантиқий давомидир.

Америка делегацияси таркибида АҚШнинг Филиппиндаги элчиси Сон Ким, МРБнинг Корея ишлари бўйича маркази раҳбари Эндрю Ким, Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги Корея ярим ороли ишлари бўйича маслаҳатчи Эллисон Хукер, мудофаа вазирининг Осиё-Тинч океани минтақаси масалалари бўйича ёрдамчиси Рэндалл Шрайвер жой олган. Сафар чоғида улар КХДР етакчиси Ким Чен Ин ва ушбу мамлакатнинг қатор етакчилари билан учрашади. Муҳокамаларда Сингапур саммитида эришилган келишувларни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилиши белгиланган.

Майкл Помпео Ким Чен Ин билан учрашув чоғида унга президент Дональд Трампнинг мактуби билан биргаликда британиялик қўшиқчи Элтон Жон қўшиқларидан ташкил топган Rocket Man(“Ракета одам”) дискини ҳам топширади. Бу ҳақида South China Morning Post нашри хабар берган.

Сафар эртага якунига етади ва Помпео Шимолий Кореяни тарк этиб, Токиога етиб боради. У ерда Япония ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлари Таро Коно ва Кан Гён Хва билан уч томонлама музокараларда иштирок этади ҳамда КХДРдаги учрашувлар ҳақида маълумот беради.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ бош котиби КХДРга бундан олдин икки бор ташриф буюрганди.

Маълумот учун, Вашингтон Корея ярим оролини денуклеризация қилиш жараёни икки ёки икки ярим йил ичида якунланишига умид билдирмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар