Помидор нега камёб маҳсулотга айланиб боряпти?

16:20 17 Ноябрь 2018 Иқтисодиёт
626 0

Юртдошларимиз якунланаётган қишлоқ хўжалиги мавсумида помидор камлиги, боз устига, нархининг қимматлигидан ҳайрон қолишди. Бу Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг III чорагида иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар бўйича ўтказилган сўровлар натижаларида ҳам ўз ифодасини топди.

Гап шундаки, сўровда иштирок этган жисмоний шахслар “Қайси асосий товар ва хизматларнинг нархи юқори даражада ошди?” деган саволга жавобан, биринчи навбатда, помидорни, сўнгра мол ва қўй гўшти, шунингдек, гуручни кўрсатишган.

Сабзавотлар қишга ғамланадиган, консерва қилинадиган пишиқчилик мавсумида унинг баҳоси ошиб кетгани, ҳақиқатан ҳам, кишини ажаблантиради. Ўша пайтда Тошкентдаги деҳқон бозорларида помидорнинг килограмми ўртача 7-8 минг сўмдан сотилди.

Мавсум охирлай бошлагач, ички бозор ушбу маҳсулот билан нисбатан тўйиниб, нарх барқарорлашди. Аммо истеъмолчиларнинг айтишича, расталарни тўлдирган помидорлар иссиқхонаники. Бу усулда етиштирилган ноз-неъматларни йил давомида топиш мумкин. Улар эътирози очиқ далада, етарли фойдали ҳароратни олган помидор ёз-куз фаслларида ҳам сероб бўлмагани, сифати ҳаминқадар, баҳоси эса чўнтакбоп эмаслиги билан боғлиқ.

— Қанийди, фалон пулга сотиб олган помидорни иштаҳа билан есак, — дейди пойтахтлик Муаззам Қўчқорова. — Ишонсангиз, маҳсулотингизнинг тенг ярми ахлатга чиқади. Ҳайрон қоламан, қип-қизил, бус-бутун помидорни кессангиз, ўртаси қорайиб чириб кетган бўлади ёки ичи тўла қаттиқ ўзак, пўсти қалинлашиб кетган. Баъзиларининг сирти пишган бўлсаям, ичи яшил. Сўрасам, чет элликлар шунақа “сорти”га ишқибоз эмиш...

Пўсти худди плёнкага ўхшайди-я?!

Ёшлигимизда еган помидор навлари йўқолиб кетдимикан-а?

Хўш, помидор тақчиллигининг сабаби нимада?

Биз мавжуд вазиятни ўрганиб, ушбу саволга жавоб топишга уриниб кўрдик.

Қилинган меҳнат ва харажат ҳавога учмоқда
Таҳлилларга қараганда, помидор сабзавот экинлари ичида етакчи ўринни эгаллайди. Ушбу турдаги зироат экиладиган майдонларнинг деярли 42 фоизи, етиштириладиган ялпи маҳсулотнинг 39-40 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Ялпи ҳосилининг 70 фоизи қайта ишланса, 10 — 15 фоизи янгилигича истеъмол қилинади. Қолган қисми эса экспортга чиқарилади.

Бироқ ҳақиқат шуки, етиштирилаётган маҳсулот ҳажми аҳоли ҳамда қайта ишлаш корхоналарининг хом ашёга бўлган реал талабларини тўлиқ қондира олмаяпти. Илгари ҳовлисида бир парча томорқаси бор одам, оиласи эҳтиёжига яраша бу маҳсулотни ўзи етиштирган, ортганини қўни-қўшниларга улашган бўлса, эндиликда тўрхалтасини кўтариб, бозорга тушмоқда.

— Кейинги йилларда томорқамизга помидор экмай қўйдик, — дейди Оққўрғон туманидаги Қаҳрамон қишлоғилик Илҳом Ҳотамов. — Бу экиннинг касалликка тез чалинувчан бўлиб қолганлиги ҳафсаламизни пир қилмоқда. Чунки ниҳоллар гулга киргунга қадар баравж ривожланиб, бир-икки ҳосил нишоналари кўрсатгач, қурт тушиб, палаги қовжираб қолмоқда. Ачинарлиси, маҳаллий мутахассислар тавсия этаётган дори воситалари ҳам натижа бермаяпти. Оқибатда меҳнатимиз, қилган харажатимизга куйиб қолмоқдамиз. Шунинг учун кўпчилик помидор ўрнига бошқа экинлар экишни афзал кўришяпти.

  • Статистика маълумотлари ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, 2016 йилда республикамизда барча тоифадаги хўжаликларда жами 64,4 минг гектарга помидор экилиб, гектаридан 279 центнердан ҳосил йиғиштириб олинган бўлса, ўтган йили 60,5 минг гектарга ушбу экин жойлаштирилди. Ҳосилдорлик эса 264,6 центнерни ташкил этди.
  • 2018 йил якуни бўйича кўрсаткичлар янада пасайиши мумкин. Чунки Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассисларининг айтишича, фермер хўжаликлари томонидан асосий майдонларда 20 минг гектарда, такрорий экин сифатида режалаштирилганидан 1,6 минг гектар кам, яъни 4,8 минг гектарда помидор парваришланди. Чунки сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда ушбу зироат экилмади.

Тўғри, бунга аҳоли томорқалари ҳамда деҳқон хўжаликларидаги пайкалларни қўшсак, рақамлар бирмунча ортади. Лекин ялпи ҳосил аввалги йиллардагига қиёсланганда, кам бўлиши аниқ.

Деҳқонлар билан суҳбатлашсангиз, фиғони фалакка ўрлайди. Уларнинг ёзғиришича, помидор иссиқхона экинига айланиб қолмоқда. Иссиқхона хўжалигини юритаётган тадбиркорларнинг фикри эса бундан бошқачароқ.

— Эсимни таниганимдан буён 21 сотихлик иссиқхонамизда помидор етиштирамиз, — дейди қибрайлик хусусий тадбиркор Дониёр Юсупов. — Лекин ҳосил олиш йилдан-йилга қийин бўлмоқда. Чунки асосий вақтимиз экинни парваришлаш, озиқлантиришга эмас, балки унинг касалликларига қарши курашиш билан ўтяпти. Агар помидор ўртача уч ойда пишиб етилса, бу давр ичида олти марта ниҳолларнинг илдиз тизими касалликларига қарши ишлов берилади. Ҳафтасига бир марта шира, оқпашшага қарши дориланади. Бундан ташқари, икки ҳафтада бир марта, деҳқонлар тили билан айтганда, “рассом” ҳашаротига, ҳар 10 кунда вирусли касалликларга қарши дори сепмасак бўлмайди. Дориларнинг деярли ҳаммаси четдан келтирилгани учун жуда қиммат.

Булар майлику-я, кейинги пайтда помидор куяси деган офат пайдо бўлганки, унга ёпиқ шароитда ҳам бас келиш қийин бўлмоқда. Энди очиқ даладаги экин тақдирини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг.

Чиндан ҳам, охирги икки йилда республикамизнинг деярли барча ҳудудида мазкур сабзавот турининг барори йўқ. Деҳқон ва фермерлар билан гаплашсангиз, ундан ҳосил олиш тугул, экинни асраб қолишнинг имкони бўлмаётганини ёзғиришади. Катта маблағ эвазига харид қилинаётган кимёвий дориларнинг самараси паст. Вазият шундай давом этса, помидор яқин йиллар ичида энг танқис неъматлардан бирига айланиб қолиши эҳтимоли йўқ эмас.

Шундай экан, нима қилмоқ керак? Муаммонинг илдизи қаерга бориб тақалади?

Куянинг уйи куйсин
Аслида, серҳосиллиги бўйича помидорга тенг келадиган сабзавот йўқ. Юртимиз тупроқ-иқлим шароитида гектаридан ўртача 30 — 35 тонна ҳосил олиш мумкин. Унда экин ривожи, ҳосилдорлигига нима таъсир қиляпти?

— Бунинг кўпгина омиллари бор, масалан, ер тўғри танланмаса ҳам экин ривожи суст, ҳосили кам бўлади, — дейди Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими Бахтиёр Каримов. — Шу боис уни бир майдонда кетма-кет икки йилдан ортиқ ҳамда шу пайкалга уч йил оралатмай қайта экиш, шунингдек, картошкадан кейин етиштириш тавсия этилмайди.

Аммо мамлакатимиз сабзавотчилиги, хусусан, помидор экини билан боғлиқ муаммони деҳқончилик маданияти ёки вирусли, замбуруғли касалликлар эмас, зараркунандалар келтириб чиқармоқда. Яъни четдан кириб келган помидор куяси мазкур сабзавот кушандасига айланди. У йилда 13 марта насл қолдириб, жуда тез кўпаяди. Бу ҳашаротга қарши 12 ой давомида курашилаётган бўлса-да, натижаси кам. Қўлланилаётган дори воситалари эса қиммат. У ҳам ҳар 5 — 10 кун оралатиб сепилса, самара беряпти холос. Деҳқонларнинг аксариятида куяни бартараф этишга ҳафсаласи ҳам, маблағи ҳам етмаяпти. Муаммонинг асл илдизи мана шунда!

Тажрибали деҳқонларнинг сўзларига қараганда, помидор куяси илгари юртимизда учрамаган. Улар хориж уруғлари билан кириб келган, деган тахминда. Ахир аввал фақат маҳаллий навлар экиларди-да!

Ҳозирги кунда очиқ дала учун помидорнинг 50 та нав ва дурагайи районлаштирилган бўлса, шулардан 30 таси чет эл дурагайлари ҳисобланади. Асосий майдонларда ҳам хориждан олиб келинаётган дурагайлар жойлаштирилаётганини кузатиб, бу гапларда жон бормикан, деб ўйлаб қоласан, киши.

Ростдан ҳам помидор куяси уруғлик орқали кириб келганми?
Масалага ойдинлик киритиш учун фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, зарарли организмларнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга масъул бўлган Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мутасаддиларига мурожаат қилдик.

— Помидор куяси касаллик эмас, зараркунанда, — дейди инспекция бошлиғи ўринбосари Боқижон Муродов. — Соҳа мутахассислари яхши билишади уруғлик орқали касалликлар ўтиши мумкин, ҳашаротлар эмас. Қолаверса, экспортчи давлатлар ҳамкорлар ишончини оқлаш учун энг сифатли, касалликларга қарши дориланган уруғлик жўнатишади. Шунинг учун помидор кушандаси юртимизга қўл юки, картон қутилар орқали кириб келган, деган қарашлар ҳақиқатга яқинроқ. Аҳоли орасида бу зараркунанда кимёвий дорилар бизнеси билан шуғулланувчилар томонидан киритилган, қабилидаги гап-сўзлар ҳам юради. Лекин бу фаразлар ўз исботини топгани йўқ.

“Олтин олма” ейиш ҳам осонмас
Помидор куяси ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинггина эмас, бутун дунё деҳқонларининг оғриқли муаммосига айланган. Дастлаб у 1980 йилда мазкур сабзавот ватани бўлган Жанубий Америкада аниқланган. Кейинчалик эса Европа ва бошқа мамлакатларда кенг тарқалиб, катта зарар келтира бошлаган. Бу офат 2010 йилнинг кузидан Россияда, 2011 йилда Қозоғистонда бўй кўрсатган бўлса, Ўзбекистонда илк бор 2015 йилда иссиқхоналарда дуч келинди. 2016 йилдан эса очиқ майдонларга кўчган. Жорий йилда ундан, айниқса, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари деҳқонлари катта зарар кўрди.

Табиий савол туғилади. Деҳқонларни ўйлантираётган масалага қачон ечим топилади? Кўнгилдагидек ҳосил олинмаётганининг асосий сабаби турли касаллик ва зараркундалар таъсири экан, демак, бу ўсимликлар ҳимоясига масъул идораларнинг фаолиятида камчиликлар борлигини ҳам англатмайдими? Наҳот, соҳа мутасаддилари бунга қарши кураш чораларини олиб боришмаётган бўлсалар? Бу йил ўтди. Кейинги мавсум-чи?

Бу ерда гап муаммонинг қандай пайдо бўлганида эмас, балки уни бартараф этиш ҳақида кетмоқда. Негаки, бундан икки аср илгари ҳеч ким емаган ушбу маҳсулот аллақачон аҳоли сархил ҳолида севиб истеъмол қилинадиган сабзавотга айланган. Усиз эндиликда дунё ошхоналари таомларини тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки помидор мевасида органик кислоталар кўплиги учун иштаҳа очиб, организмда овқат ҳазм бўлишига ёрдам беради. Ошқозон-ичак тизимидаги касаллик қўзғатувчи микрофлора таъсирини сусайтиради. Таркибида пуринлар кам бўлганлиги туфайли атеросклероз касаллигининг олдини оладиган муҳим парҳез маҳсулоти ҳисобланади. Юртдошларимиз ана шундай шифобахш экин истиқболидан хавотирдалар.

Помидор куяси таъсирини камайтириш учун тизимли тадбирлар олиб борилмоғи керак. Буни аҳоли ўз томорқасида рисоладагидек бажариши амримаҳол. Халқимиз бежиз “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, демаган-да. Шунинг учун, аввало, ўсимликларни ҳимоя қилиш, кимёвий дорилар ва препаратлар етказиб берувчи тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг иш самарадорлигини ошириш, дори воситалари нархининг барқарорлигини таъминлаш зарур. Йўқса, помидор экилган пайкаллар зараркунандалар ўчоғига айланиб қолиши турган гап.

Аслини олганда, миришкор халқимиз учун кўп нарса керак эмас. Улар ер илмининг ҳадисини олган. Фақат мутасаддилар халқ ичида юриб, зарур пайтда керакли тавсия, йўл-йўриқ кўрсатиб туришса, кифоя. Токи, улар хорижнинг усти ялтироқ уруғликларига маҳлиё бўлиб, самарасиз дори воситаларини харид қилиб, алданиб қолмасин. Бундан наинки уларнинг ўзлари, балки олтинга тенг бўлган суғориладиган ерда битадиган ноз-неъматларга кўз тикиб турган халқимиз жабр кўришини бир зум бўлса-да, ёдимиздан кўтармаслигимиз керак.

Ушбу масала ечими юзасидан олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида мутасадди ташкилотлар ўз муносабатларини билдирадилар деган умиддамиз. Зеро, Президентимиз ташаббуси билан кейинги пайтда пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани бу масаланинг нечоғли долзарблигини кўрсатиб турибди. Ўзингиз ўйланг, бугун 30 дан ортиқ туманлар қишлоқ хўжалигининг ушбу тармоғига ихтисослаштирилган. Ушбу ҳудудларда одамлар кўпроқ даромад топсин, етиштирган маҳсулотини экспорт қилиб, иқтисодиётимизга кўпроқ фойда келтирсин, дея ажратиладиган минг-минглаб экин майдонларида мўлжалдаги ҳосил битмаса кимга зиён? Ахир “помидор ажали” макон қурган давлатларда ҳам унга қарши курашиб, баракали ҳосил олинаётгани, ички эҳтиёж тўлиқ таъминланиб, қайта ишланаётгани, экспортга чиқарилаётгани айни ҳақиқат-ку?!

Дарвоқе, “помидор” сўзи итальян тилидан ўгирилганда, “олтин олма” маъносини англатади. Ниятимиз сабзавотчилик тармоғининг мазкур йўналиши ривожланиб, деҳқонларимизнинг олтиндек қадрли, муҳим даромад манбаларидан бирига айлансин. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар