Полвонларимиз спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатида 10 та медални қўлга киритишди

12:27 29 Апрель 2019 Спорт
363 0

Хитойнинг Циан шаҳрида спорт курашлари бўйича ўтказилган Осиё чемпионати ўз якунига етди. Унда ўзбекистонлик спортчилар ҳам муваффақтиятли иштирок этишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу чемпионатдаги дастлабки медални 23-апрель куни эркин кураш бўйича баҳсларда 57 кг вазнда иштирок этган курашчимиз Маҳмуд Шавкатов тақдим этди.

Чорак финалда мўғулистонлик Насанбуян Нармандахни мағлуб этган вакилимиз, ярим финалда эронлик полвонга имкониятни бой бериб қўйди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсларда эса тожикистонлик Ҳикматулло Воҳидов устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган курашчимиз бронза медалини қўлга киритди.

Навбатдаги бронза медалларига аёллар кураши бўйича 26 апрель куни ўтказилган баҳсларда муваффақиятли иштирок этган қизларимиз Актенге Кеунимжаева (-53 кг), Набира Эсенбаева (-62 кг) ва Нилуфар Гадоева (-72 кг) сазовор бўлишди.

Чемпионатнинг сўнги кунларида юнон-рум кураши бўйича баҳслар ўтказилди. Дастлаб, -55 кг вазнда гиламга чиққан Нанкин ўсмирлар Олимпиадаси чемпиони Илҳом Баҳромов эронлик ва қирғизистонлик полвонларни мағлуб этди. Финалда эса япониялик Хироми Катагаридан устун келган Илҳом Осиё чемпионига айланди.

Шу куни 63 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этган жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони бўлган юртдошимиз Элмурат Тасмурадов, чорак финалда қирғизистонлик Амутов.У ва ярим финалда Жунг.Жни мағлуб этди. Бироқ, финалда жароҳат олган Тасмурадов финалда хитойлик Эрбату Туога имкониятни бой берди ва кумуш медални қўлга киритди.

Яна бир юртдошимиз Рустам Ассакалов (87 кг) чорак финалда туркманистонлик Овелеков.Сдан устун келган бўлса, ярим финалда эронлик Ноури.Нга имкониятни бой бериб қўйди. Учинчи ўрин учун баҳсларда Рустам япониялик Масато Сумини мағлуб этди.

Шунингдек, -130 кг вазн тоифасидаги полвонимиз Мўминжон Абдуллаев ҳам кумуш медаль соҳиби бўлди. У финалда эронлик Қасемимонжега 3:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Жамоамизнинг иккинчи олтин медалини -60 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Ислом Баҳромов қўлга киритди. Чорак финалда Хитой Тайпейи ва ярим финалда Ҳиндистон вакилидан устун келган Ислом финалда Шимолий Кореялик Ри.Сни мағлуб этди.

Шунингдек, яна бир юнон-рум курашчимиз Жаҳонгир Турдиев (-97 кг) кумуш соҳиби бўлди. Финалга қадар кореялик ва хитойлик полвонлардан устун келган Жаҳонгир ҳал қилувчи беллашувда қирғизистонлик Узур Жузупбековга имкониятни бой бериб қўйди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон вакиллари спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатида 2 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронзани қўлга киритишди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019