Покистонда Ўзбекистон Давлат байрами нишонланди

11:28 16 Январь 2019 Жамият
552 0

2019 йил 14 январь куни Покистон Ислом Республикаси олий ҳарбий қўмондонлиги ташаббуси билан мамлакат Қуролли Кучлари Бирлашган штабида икки томонлама муносабатлар амалиёти ва тарихида илк бор Ўзбекистон давлат байрами – Ватан ҳимоячилари куни тантанали равишда нишонланди.

Тадбир юқори даражада ташкил этилди. Бирлашган штаб тантаналар майдонида Ўзбекистон элчихонаси делегациясини халқаро ҳарбий ҳамкорлик бўйича директорат бош директори генерал-майор Муҳаммад Шафиқ ва унинг ўринбосарлари кутиб олди.

Фахрий қоровул саф тортди. Тадбир иштирокчилари ҳарбий оркестр садолари остида тантаналар залига йўл олди. Бинога кираверишда Ўзбекистон ва Покистон давлат байроқлари ўрнатилди.

Тадбир доирасида Покистон томони Ўзбекистоннинг бой ўтмиши, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеотақдимот ўтказди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, унинг яқин қўшничилик тамойилларига оғишмай риоя қилиши Покистон билан Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали, жумладан, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга замин яратгани алоҳида қайд этилди.

Тақдимот давомида Покистон билан Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик соҳасидаги сўнгги ютуқлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Покистон вакиллари томонидан бундай тадбир мамлакат Қуролли Кучлари Бирлашган штаби тарихида илк бор ўтказилаётгани қайд этилди. Штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Зубайр Ҳаёт қарорига кўра бундай тадбирни нишонлаш амалиёти айнан Покистон билан яқин тарихий-маданий алоқалар орқали боғланган Ўзбекистондан бошлангани муҳим аҳамиятга эга. Бу, шунингдек, мамлакатимизнинг нуфузи ортиб бораётгани, Покистон билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий-сиёсий алоқаларнинг юксак даражаси, кўп қиррали ҳамкорликнинг юқори ривожланиш суръатларидан далолатдир. Покистон генераллиги Ўзбекистоннинг жадал тараққиёт суръатлари, изчил ривожланаётган иқтисодиёти ва унинг минтақа, айниқса, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришдаги ролини юксак баҳолаши қайд этилди.

Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликнинг янги ва самарали тузилмаси Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида барпо этилаётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган йили Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференция, шунингдек, Ўзбекистоннинг мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлари дунё мамлакатларининг афғон муаммосига оид қарашларини ўзгартиришга туртки бўлди, бу маълум даражада минтақадаги вазиятни соғломлаштиришга хизмат қилди.

Ўзбек дипломатлари ҳам Покистон жамияти, жумладан, ҳарбий қўмондонлик Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини юксак ҳурмат-эҳтиром билан тилга олишини, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ташриф буюриш эса юксак шараф эканини қайд этди.

Мазкур тадбир ҳақида маълумот берган Покистон етакчи оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, бугун ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очилмоқда. Ўзбекистон давлат байрами – Ватан ҳимоячилари кунига кўрсатилган эҳтиром Покистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичидан далолат бериб, томонлар биродар халқларимиз ўртасидаги алоқаларни дўстлик асосида ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019