​Пойтахтда юқори палатанинг ялпи мажлиси бошланди

10:26 14 Декабрь 2019 Сиёсат
180 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис кун тартибига 17 масала киритилган. Шундан 11 таси қонун бўлиб, улар орасида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Давлат божи тўғрисида”, “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенцияга (Рим, 1951 йил 6 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги янги қонунлар бор.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш тўғрисида ҳисобот, 2020 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастури тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг давлат органлари ва ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилиши назарда тутилган. 

Мажлис аввалида Сенат Раиси Танзила Норбоева маъруза қилди. Унда жумладан шундай сўзлар бор:

“Сенат фаолиятидаги ҳудудий манфаатлар устуворлигидан келиб чиқиб, вилоят, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари унинг доимий диққат марказида бўлиши керак.

Бироқ, афсуски, айрим сенаторлар ўзлари сайланган ҳудуд муаммоларини Сенат минбарига олиб чиқишда деярли ташаббус кўрсатмадилар.

Ҳолбуки, биргина вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш жараёнида ҳудудларни ривожлантириш борасида қанчадан қанча вазифалар, муаммолар турганига ишонч хосил қилдик.

Бу муаммоларни сенаторларимиз кўтариб чиқишлари керак эмасмиди?

Хабарингиз бор, яқинда парламент палаталари раҳбарлари ва аъзолари ҳудудларда бўлиб, тадбиркорликни ривожлантириш ҳолатини ўргандилар.

Бу борадаги ишлар ҳам талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Деярли барча ҳудудларда тадбиркорлар ер ажратиш, кредит олиш, коммунал тармоқларга уланиш ва фаолиятни лицензиялаш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдалар.

Шундан келиб чиқиб, келгусида назорат-таҳлил тадбирларида жойлардаги сенаторлар фаоллигини ошириш мақсадида парламент сўрови институтидан фойдаланишнинг янги механизмларни ишлаб чиқиш керак, деган фикрдамиз”, дея таъкидлади Т. Норбоева ўз маърузасида. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019