Пойтахтда қурилаётган ер усти метроси устунлари яқинидаги ер ўпирилиб тушди

16:39 22 Май 2020 Жамият
555 0

Ижтимоий тармоқларда пойтахтда қурилаётган ер усти метроси устунлари яқинидаги ернинг ўпирилиши акс этган суратлар тарқалди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ воқеа бўйича изоҳ берди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Капитал қурилиш дирекцияси ушбу фактни ўрганиб чиққач, пойтахтнинг Шоҳсанам кўчасидаги мазкур ўпирилишга ер остидаги 1200 мм ли водопровод трубасининг бетон қопламаси бузилиши сабаб бўлганини аниқлади.

Тошкент шаҳар “Сувсоз” давлат унитар корхонаси вакилларининг сўзларига кўра, сув таъминоти ва коммуникация алоқаларида ҳеч қандай шикаст йўқ. Катта эҳтимол билан, йўл қопламаси ва бетон плиталар катта ташқи босимга (кўп тоннали юк машиналар қатновига) бардош бера олмаган. Ҳодиса бўйича тегишли хизматлар ўрганиш ишларини ўтказишяпти.
 

Айни пайтда шаҳар сув таъминоти ташкилотининг ходимлари таъмирлаш ва тиклаш ишларини олиб боришмоқда.

Шу билан бирга, ушбу воқеанинг қурилаётган ер усти ҳалқа метро линиясига таъсири бўйича ташвишланишга асос йўқлигини таъкидлаймиз.

Ўпирилиш қурилаётган ер усти метроси таянч устунларидан 10 метр узоқликда содир бўлган. Мутахассислар фикрига кўра, рўй берган ҳодиса объектга хавф туғдирмайди“, — дейилади изоҳда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?