Пластик операциялар туфайли жорий йилда олти киши ҳаётдан кўз юмган

15:36 17 Июль 2018 Дунё
407 0
Иллюстратив фото

Россияда пластик жарроҳлик амалга ошираётган тиббиёт муассасалари режадан ташқари текширилади. Ушбу жараёнлар йил охирига қадар давом эттирилади. Унинг якунлари келгуси йил 1 февраль куни эълон қилинади. Ҳукумат тегишли идорага мазкур масала бўйича топшириқ берган, дейилади газета.ру хабарида.

Қайд этилишича, бундай фавқулодда қарор пластик жарроҳлик соҳасида тиббий ёрдам кўрсатишда қатор қонун бузилишлар кузатилгани, ҳатто булар мижозлар ўлимига сабаб бўлгани туфайли ўтказиляпти. Расмий маълумотларга кўра, биргина 2018 йилнинг ўзида пластик операцияни бошидан ўтказган олти нафар мижоз ҳаётдан кўз юмган. Мазкур ҳолатларнинг баъзилари Россия тергов қўмитаси томонидан текшириляпти.

Масалан, шу февраль ойида Ставраполь ўлкасидаги шаҳар шифохонасида пластик операция чоғида комага тушиб қолган мижоз июнь ойида вафот этди. Ҳаётдан кўз юмган аёл ўзи акушер-гинеколог бўлган ва операцияга ҳар томонлама тайёргарлик кўрган, таҳлилларни топширган. Шифокорлар ҳам жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун ҳеч қандай тўсиқ кўрмаган. У операция тугаб, наркоз таъсири кетгач, ўзига келган, бироқ бироз вақт ўтиб, комага тушиб қолган ва ўзига келмаган. Унинг қариндошларининг айтишича, беморни операциядан кейин реанимация бўлимига эмас, гинекология бўлимига олиб ўтишган. Оқибатда унинг нафас олиши тўхтаб қолгани кеч аниқланган. Ушбу воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб бориляпти.

Пластик жарроҳлик оқибатида Москвадаги хусусий клиникаларда 29, 32 ва 54 ёшли Россия фуқаролари, 41 ёшли Канада фуқароси ҳам ҳаётдан кўз юмган.

Хабарда мазкур клиникаларда зарур шароитлар ва кадрларнинг йўқлиги, шифокор ва ҳамшираларнинг масъулиятсизлиги, сифатли дори-дармонлар ўрнига уларнинг сифатсиз ҳамда арзон муқобиллари ишлатилганлиги ана шундай ҳолатга олиб келган бўлиши мумкинлиги келтириб ўтилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар