Пластик карталаридаги маблағлар ҳақида солиқ идораларига хабар бериш тизими жорий этилади

19:53 07 Апрель 2020 Иқтисодиёт
297 0

архив фото

Ўзбекистонда банкларнинг мижозларига тегишли ҳисобрақамлар ҳақида Давлат солиқ қўмитасини хабардор қилиш тизими жорий этилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қўшма қарор лойиҳасида айтилган.

Ҳужжат билан жорий қилиниши режалаштирилаётган тартиб Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги ахборотларнинг электрон алмашинуви механизмини белгилайди. У қуйидагиларни таъминлайди:

  • солиқ солиш объектларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши, ишончли солиқ солинадиган базанинг барпо этилиши;
  • солиқ хавфини тизимли бошқариш;
  • тушум манбалари ва пул оқими тўғрисидаги тезкор ахборотларни шакллантириш, узатиш, қабул қилиш ва фойдаланиши.

Тартибга кўра, Марказий банк ҳар куни Давлат солиқ қўмитасига юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар реестри кўринишидаги ахборотни белгиланган шаклда тақдим этади.

Солиқ органининг ёзма сўрови олинган кундан эътиборан 3 кун ичида банк қуйидагиларни бериши керак бўлади:

мижознинг банкда ҳисобварақлари ва омонат (депозит)лари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни;

унинг ҳисобварақлари ва омонат (депозит)ларидаги пул маблағларининг қолдиқлари ҳақидаги маълумотларни;

мижознинг ҳисобварақларидаги операцияларга ҳамда омонат (депозит)ларига доир кўчирмаларни.

Низомга кўра, Давлат солиқ қўмитасининг сўровига биноан, бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 миллион сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквилентида бўлган тақдирда) ва транзакциялар сони 10 тадан ошган P2P операциялари (жисмоний шахсларнинг картасидан картасига) тўғрисидаги ахборотлар 3 иш кунида миллий ҳамда чет эл валютасида тақдим этилиши керак бўлади. Мазкур ахборот ҳимояланган банк алоқа канали орқали узатилади.

Давлат солиқ қўмитаси олинган ахборотлар асосида Business Intellegence бизнес-таҳлиллар автоматлаштирилган тизимидан фойдаланган ҳолда солиқ тўламаслик хавфи даражасига кўра солиқ тўловчиларни сегментлайди. Солиқ органлари олинган ахборотдан солиқ маъмуриятчилигида фойдаланади ва унинг махфийлигини кафолатлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?