Пискентнинг юксалиш одимлари (Видео)

17:30 21 Май 2020 Иқтисодиёт
1127 0

Фото: Хасан Пайдо / «Халқ сўзи»

Пискент Тошкент вилоятнинг нуфузли туманларидан бири саналади. Бу ҳудудда асосий тармоқ аграр соҳа ҳисобланса-да, саноат, қурилиш, капитал қўйилмалар, тадбиркорлик, чакана савдо, аҳолига хизматлар кўрсатиш йўналишларида ҳам самарали ишлар йўлга қўйилганлиги билан ажралиб туради. Ҳудуд аҳолиси азалдан ўз уддабуронлиги, меҳнатсевар ва тадбиркорлиги билан ном қозонган. Боғдорчилик, узумчилик, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш борасида ўзига хос тажрибалар тўпланганлиги туманнинг иқтисодий салоҳиятини йил сайин юксалтиришга хизмат қилмоқда.

2020 йилнинг 1-чораги якунларига назар ташлайдиган бўлсак, барча соҳалардаги макроиқтисодий кўрсатгичлар режаси муттасил бажарилганлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, саноат тармоғида ўтган давр мобайнида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 84,2 млрд. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 109,9 фоиз ўсиш суратига эришилганлигини кўрсатади. Ишлаб чиқарилган жами саноат маҳсулотларининг 21 фоизи республика бирлашмалари тасарруфидаги корхоналар салмоғига тўғри келса, қолган 79 фоиз кўрсаткич ҳудудий саноат корхоналарининг улушидир. Биргина мана шу рақамнинг ўзиёқ туманда тармоқ муайян ривожланаётганлигини кўрсатади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Пахта ва ғаллачиликда кластер тизимининг жорий этилиши мазкур соҳада ҳосилдорликни муттасил ошириб, деҳқон-фермерлар манфаатдорлигининг узлуксиз таъминлашга олиб келди. Шунингдек, халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш-пудрат ишлари, чакана савдо айланмаси, хизматлар кўрсатиш борасидаги рақамлар таҳлили ҳам туманда муайян ўсиш суратларини қайд этмоқда. Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, капитал қўйилмалар миқдори 68,8 млрд. сўмни ташкил этди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори эса 3600,0 минг АҚШ долларига тенг бўлди.

Пискентда тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳам ижобий фикрларни айтиш мумкин. Масалан, ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш туфайли жорий йилнинг январь-апрел ойларида режадаги 80та ўрнига, 113та кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил қилинди. Демак, бу борадаги ишлар ортиғи билан уддаланди. Шу боис, давлат ғазнасига 28 млрд. сўм бюджет тушумлари киритилиб, режа 101,4 фоизга уддаланди. Шунингндек, маҳаллий бюджет тушумлари борасида ҳам қувонарли фактларга дуч келамиз. Бу борадаги режа тахмин қилинган 306млн. сўм ўрнига 388 млн. сўмга бажарилди.

Коронавирус пандемияси шароитида ҳам жорий қилинган санитария-эпидемиология чекловлари талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда бир қатор саноат корхоналари ва қурилиш иншоотлари, маданий-маиший объектлар ўз иш фаолиятини давом эттирдилар. Бу аҳолининг ижтимоий меҳнат билан бандлиги узлуксиз таъминлашга асос бўлди.

“Кўлота” МФЙ ҳудудидаги 12 гектар майдонни эгаллаган “Zhongtian chemical” МЧЖ — ўзбек-хитой қўшма корхонаси ана шундай жамоалардан биридир. Хорижий сармоядорлар иштирокидаги ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 5 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ҳозирда бу ерда 120 нафар маҳаллий ёшлар меҳнат қилмоқда.

—Корхонамизда пандемия чекловлари даврида ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми камаймади,-дейди биз билан суҳбатда “Zhongtian chemical” МЧЖ иш бошқарувчиси Жаҳонгир Алиев. — Бу жамоамизни карантин шароитида моддий манфаатдорлигини узликсиз таъминлашга хизмат қилди. Меҳнат муҳофазасининг тўғри йўлга қўйилганлиги, иш соатларини карантин талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкил қилингани бунга асос бўлди. Ҳозирда корхонамиз тўлиқ қувват билан маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Ишчилармиз ўртача 1 800 000 сўмдан 2 500 000 сўмгача ойлик маош олишяпти. Икки маҳал иссиқ овқат таъминоти йўлга қўйилган. Бу каби шароитлар ишлаб чиқариш унумдорлигининг муттасил ўсишига хизмат қилмоқда.

Қўшма корхона жамоаси тоғ-кон саноатида рангли металлар ажратиб олишда ишлатиладиган ксантогенат кимёвий моддасини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Шу туфайли маҳсулотнинг ҳар доим бозори чаққон. Бугунги кунда Навоий тоғ-металлургия комбинати “Zhongtian chemical” МЧЖнинг ички бозордаги ҳамкоридир.

Коронавирус пандемияси даврида узлуксиз иш юритган корхона жамоаси январь-март ойларида режадаги 198,6 минг АҚШ доллари ўрнига 523,7 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилишга эришди. Корхона маҳсулоти айни кунларда Россия, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Бу албатта туман иқтисодиётини юксалтиришга асос бўлаётир.

Кейинги манзилимиз туманидаги Жанубий автополигон майдони билан ёнма-ён тарзда, 20 гектар ерда қад ростлаётган қурилиш иншооти бўлди. Чехиянинг Exporta компанияси билан "Ўзстандарт" агентлиги ҳамкорлигида қад ростлаётган халқаро мувофиқликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ва синов лаборатория комплекси ҳозирча Ўрта Осиё давлатларида ягонадир. У айни пайтда логистика маркази вазифасини ҳам бажаради.

—Ушбу лабораторияда электротехника ва транспорт воситалари ва бутловчи қисмларининг хавфсизлик параметрлари ва электромагнит мослашувчанлиги халқаро меъёрлар асосида тўлиқ синовдан ўтказилади,-дейди тумани ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Суннатилла Исақулов. — Лойиҳа харажатларининг 15 фоизини Республика синов ва сертификатлаштириш маркази ўз зиммасига олган. Қолган 85 фоизи эса халқаро молия муассасалари томонидан ажратилган имтиёзли кредит ҳисобидан қопланади. Ҳозирда Exporta компанияси билан ҳамкорликда лаборатория ташкил этиш юзасидан 3,8 млн. евро қийматда халқаро банк кредитларини ўзлаштириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

Биздаги маълумотларга кўра, бу ердаги қурилиш ишлари 2023 йилда якунига етади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, лаборатория Европа ҳамда Ўзбекистон техник регламентининг белгиланган талаблари асосида барпо этилмоқда. Ушбу лаборатория таҳлиллари асосида берилган хулоса Европа давлатлари томонидан тўлиқ тан олинади.

Лойиҳа шартларига кўра, ушбу иншоотнинг қурилиши, жиҳозланиши ва аккредитацияси қилинишини Exporta компанияси ўз зиммасига олган. Шунингдек, Чехия метрология институти мутахассислари томонидан маҳаллий ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида уларга тегишли касблар ҳам ўргатилади.

Янги лаборатория яна шуниси билан аҳамиятлики, бу ерда нафақат енгил автомобиллар, балки, қишлоқ хўжалиги техникалари, оғир юк ташувчи транспорт воситалари ва уларнинг бутловчи қисмлари ҳам халқаро параметрлар бўйича синовдан ўтказилади. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулот сифатини яхшилаши орқали мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ва истеъмолчилар манфаатини ишончли ҳимоя қилишдир.

Туманнинг Дўстлик МФЙ ҳудудида жойлашган Туябўғиз сув омбори” қирғоғидан ўтаркансиз сўлим бир маскан кўзга ташланади. Бу ҳудуддаги жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг яна бир намунасидир. Ушбу соғломлаштириш мажмуаси яқинда фойдаланишга топширилади. Аҳоли таъбири билан айтганда Тошкент денгизи қирғоғидаги мазкур мажмуа Кучлик” нефть базаси УК томонидан барпо этилди. Бу ерда барча қулайликларга эга бўлган 150 ўринли меҳмонхона ва оилавий дам олиш учун мўлжалланган 8 та пансионат қад ростлади. Соғломлаштириш мажмуасидаги барча бинолар замонавий кўринишга эга бўлиб, миллий архитектура талаблари асосида лойиҳалаштирилган. Ёзги амфитеатр, мусиқали фаввора, 2 та ёзги, 1 та қишки бассейн, даволовчи пархона, фитнес заллар дид билан ниҳоясига етказилган.
—Лойиҳани амалга оширишда асосий эътибор туманда ички туризмни ривожлантиришга қаратилди,-дейди туман ҳокимининг ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Жамолиддин Раҳмонов. — Шунга кўра, тумани ҳокимининг қарори асосида 4 гектар майдон бино ва иншоотлари билан ажратиб берилганди. Кўриб турганингиздек бугун киши кўзини қувонтирадиган катта бир соғломлаштириш маркази бунёд этилди. Лойиҳа ташаббускори томонидан 2 млн 200 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

Дам олиш масканининг ишга туширилиши туманда ички туризмини кенгайтириш билан бирга 50 та янги иш ўринлари яратади.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?