Пискентда икки ойда 270 млн сўмлик қарздорлик ундирилди. Салкам 900 млн сўмлик мол-мулк хатланди

18:27 07 Август 2018 Жамият
311 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 17 апрель куни ўтказган йиғилишида соҳа мутасаддилари олдига иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш, дебитор-кредитор ҳамда бюджетдан қарздорликларни қисқартиш юзасидан қатор топшириқлар берган эди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан солиқ қарзларни суд ҳужжатлари асосида қисқартириш бўйича Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси вилояти ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда кенг қамровли тадбирлар ташкил этмоқда. Бу тадбирларга оммавий ахборот воситалари ходимларини жалб этилаётганлиги ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Пискент тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари ва туман мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда тумандаги “Аббос плюс Абдулазиз” масъулияти чекланган жамиятининг 10,2 миллион сўм ва “Малоҳат Барно” корхонасининг 2,5 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилди.

Айрим фермер хўжаликлари эса тўлов қобилиятига эга эмаслар. Масалан, фаолияти боғбончиликдан иборат бўлган “Ахроров Аббосхон” фермер хўжалигининг 16,4 миллион сўм, ер майдони 8,6 гектардан иборат бўлган “Бобомуродов Суҳроб” фермер хўжалигининг 14,3 миллион сўм солиқ ва мажбурий тўловлардан қарздорликлари бор. Мазкур фермер хўжаликларнинг ҳисобидаги мол-мулки қарздорликни қоплаш учун етарли бўлмаганлиги учун қарздорликни хўжалик раҳбарининг бошқа мулклардан ундириш тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилди.

Туманда жорий йилнинг июнь ва июль ойларида 24 та юридик шахснинг 236,0 миллион сўм ҳамда 54 та жисмоний шахсларнинг 32 миллон сўм қарздорликлари ундирилди. 12 та юридик шахснинг 860 миллион сўмлик ҳамда 2 та жисмоний шахснинг 14 миллион сўмлик мол-мулки хатланди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Раҳматилла Шералиев, “Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар