Пенсия таъминоти, паспорт тизимида қандай ўзгаришлар?

14:22 29 Август 2019 Жамият
123 0

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни  Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди ва матбуотда эълон қилинди. Қонун Олий Мажлис Сенати томонидан 21-ялпи мажлисда маъқулланган эди.

Қонуннинг мақсади қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонунига ва 5 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиловчи норма киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига ва “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Унга кўра бевосита манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ариза бериш орқали манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинланади. Бундай шахсларга пенсиялар тўлаш пенсия тўлови маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига “Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш” деб номланган янги боб киритилди. Бу давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчига ёки судланувчи шахсга нисбатан қўлланилади.

Бундан ташқари меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганлик, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, бўш иш ўринларини яширганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

Шунингдек, хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига жалб қилганлик ва ундан фойдаланиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига тузатиш киритилган, унга кўра бемор маҳкумларни сақлаш ва уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар ҳам жазони ижро этиш муассасаларига киради. 

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига киритилаётган қоидага кўра суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик юзасидан чоралар кўрмаганликда айбланган шахслар Қонунда белгиланган тарзда жавоб беради.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида жазони ижро этиш колонияларида, тарбия колонияларида ва қамоқхоналарда жазони ўтаётган шахслардан, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ижро этувчи муассасалардаги шахслардан ундирув Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган тартибда бутун иш ҳақидан амалга оширилиши ҳақидаги норма мустаҳкамланди.

Камила Кавланова,

Олий Мажлис Сенати аъзоси


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019