Пенсия миқдори ўртача 65 минг сўмдан 263 минг сўмгача оширилди

16:00 24 Январь 2019 Иқтисодиёт
535 0

Иллюстратив фото

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, 519 минг нафардан ортиқроқ пенсионерларнинг пенсия миқдори ўртача 65 минг сўмдан 263 минг сўмгача оширилди.

Жамғарма томонидан Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишлаб ташкил этилган анжуманда шу ҳақда маълумот берилди.

Айни пайтда пенсионер ва нафақахўрларнинг умумий сони 3 миллион 445 минг нафарни ташкил этади. Шундан 4,1 миллион нафарига ёшга доир пенсия белгиланган бўлса-да, уларнинг аксарияти ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда фаол. 118 минг нафардан зиёдроқ пенсионерлар турли соҳаларда меҳнат қилиб келишаётгани бунга ёрқин мисолдир.

Бироқ юксак касбий ва бой ҳаётий тажрибага эга бу тоифадаги кишилар шу пайтгача иш ҳақининг 50 фоизини олишарди. Тўғри, улар орасида алоҳида имтиёзга эга бўлганлар пенсия тўлиқ ҳажмда тўланган. Бироқ бу тоифадагилар жами ишловчи пенсияларнинг 34 фоизини ташкил этган, холос.

Президент Фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан эътиборан барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди.

— Бундан ташқари, ушбу ҳужжатга асосан, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилди, — дейди бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Ёрқин Турсунов. — Бу янгилик ижтимоий адолат принципини қарор топтиришга хизмат қилади. Негаки, илгари юқори миқдорда ойлик иш ҳақи олувчи фуқароларга пенсияни ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳақи (ЭКИҲ)нинг 8 баробаридан юқори қисми ҳисобга олинмас эди.

Янги тартиб бўйича ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида ҳисобга олинади. Бунда, пенсиянинг таянч миқдори 1115 минг сўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда, пенсиянинг умумий миқдори 1 миллион 317 минг сўмни ташкил этади. Бу юқори миқдорда ойлик олган пенсионерларнинг пенсияси 263 минг сўмга ошади, деганидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи пенсионерларга нисбатан ҳам татбиқ этилди. Натижада уларнинг пенсияси сезиларли даражада кўтарилди.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019