Патент олиш учун рус тили сертификатини Ўзбекистонда олиш бўйича қўшимча маълумот берилди

11:12 23 Октябр 2020 Жамият
191 0

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясида ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни расмийлаштириш учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича тестни Ўзбекистонда топшириш тўғрисида турли изоҳлар билдирилмоқда. Ушбу хабарларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги муносабат билдирди.

"Рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигини билиш сертификати патент олиш учун мажбурий ҳисобланади.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон – Россия муносабатлари тарихида биринчи маротаба Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН) ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича тестни Ўзбекистонда топшириш ва тегишли сертификат бериш имконияти яратилган.

Ушбу имконият Ўзбекистон фуқароларига бир нечта қулайлик яратмоқда:

Биринчидан, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигини билиш сертификатини Ўзбекистонга олиш фуқаролар учун молиявий харажатларни камайтиради. Сабаби Россия ҳудудида патентни расмийлаштириш ўртача 20-30 кун вақт талаб этилади. Ушбу вақт оралиғида фуқаронинг ишлаши мумкин эмас ва табиийки, бу меҳнат мигрантларидан яшаш ва овқатланиш учун ортиқча харажат талаб этади.

Фуқаро Ўзбекистонда бўлган пайтда рус тили тестини топшириш Россияда бўлган пайтга қараганда камроқ харажатларни талаб қилади. Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва РУДН ўртасида тузилган шартномага мувофиқ тестни топшира олмаган фуқаролар қайта тест топшириш учун ҳеч қандай тўлов тўламайди.

Иккинчидан, фуқаролар ижтимоий тармоқларда билдираётган изоҳларда бир йил муддатга бериладиган сертификат ҳақида гап кетмоқда, Ўзбекистонда эса сертификат беш йилга берилади. Патент ҳар бир йил учун янгитдан расмийлаштиришини инобатга олган ҳолда, Россия ҳудудида берилаётган сертификат нархи анча юқори бўлиб чиқади.

Бундан ташқари, бир йиллик сертификат Россиянинг фақат битта ҳудудида, беш йиллик сертификат эса бутун Россия ҳудудида амал қилади.

Учинчидан, Россияда сертификатни олиш тест топширгандан кейин 3 кундан 7 кунгача вақт талаб этади. Ўзбекистонда эса тестнинг эртаси куни сертификат берилади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Россия Ички Ишлар вазирлигининг патент учун ҳужжатларни расмийлаштирадиган «Паспорт ва виза хизмати»нинг Ўзбекистонда ваколатхонасининг очилиши, патент учун тиббий кўрикдан Ўзбекистонда ўтишни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда, бу эса фуқароларга патентни олиш учун қўшимча қулайликлар яратади", дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?