Паст Дарғомда эҳтиёжманд оилалар учун 44 та уй қурилмоқда.

10:15 03 Сентябр 2020 Жамият
172 0

Бугун Паст Дарғом туманининг Гўзалкент массивида туман ҳокимлиги ташаббуси билан чин етим, ижтимоий аҳволи оғир ҳамда боқувчисини йўқотган бошпанасиз оилалар учун 44 та 2 сотихдан иборат уч хонали уйлар бунёд этилмоқда.

Эътиборлиси ҳеч қандай тўловларсиз, бепул берилаётган ушбу уйлар бюджет маблағларисиз, ҳашар йўли билан бунёд этиляпти. Пахса девордан барпо этилаётган бу уйларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида, қурилиш жараёнида 528 тонна цемент, 12 минг метр арматура ишлатилади. Том қисмини ёпиш учун 5 минг 60 метр куб профнастил зарур бўлади. Шунингдек, қурилиш учун зарур бўлган ёғоч материаллар ўқувчилар таълим олиши учун яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги сабаб бўш турган, мутахассислар хулосасига кўра бузилган тумандаги 21 та мактаб биносидан чиққан қурилиш учун яроқли ёғоч материалларидан фойдаланилади. Қолаверса, ҳар бир уйни иситиш тизими, ичимлик суви ўрнатилган, тўлиқ жиҳозланган ҳолатда ўз эгаларига топшириш режалаштирилган.

Мўъжазгина 44 та хонадон ўз эгаларига топширилгач, Пастдарғом туманидаги ижтимоий аҳволи оғирлиги сабаб фарзандларини меҳрибонлик уйларига топширган, шароити оғир бошпанасиз 44 та оила уйли бўлади. Агар рақамларда қаралса, 10 нафар чин етим, ижтимоий аҳволи оғирлиги сабаб фарзандларини меҳрибонлик уйларига топширган 20 нафар аёл ва уларнинг 43 нафар фарзанди ҳамда 14 нафар боқувчисини йўқотган аёл ва уларнинг 21 нафар фарзанди уйли бўлади. Жондан азиз фарзандларини ўз бағрига қайтариб олади. Қисқаси бугун яшаш учун бошпанаси йўқлигидан изтироблар оламида яшаётган ёлғиз оналару, меҳрибонлик уйида меҳрибонларини кутаётган болалар, жами 100 нафардан зиёд фуқаронинг бошпанасизликдан чекаётган изтироблари барҳам топади.

Мазкур уйларни октябрь ойида ўз эгаларига топшириш режалаштирилган.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?