Партия фаоллари шакарга солиқ солишни таклиф этишмоқда

13:35 08 Май 2018 Дунё
629 0

Икки минг нафардан ортиқ немис шифокорлари Германия канцлери Ангела Меркель, вазирлар ҳамда партия етакчиларига очиқ хат ёзди. Унда мутасаддилар федераль даражада шакардан меъёридан ортиқ истеъмол қилишга қарши курашишга чақирилган.

Тиббиёт ходимлари худди тамаки маҳсулотлари истеъмолига ўрнатилган чекловлар каби таркибида юқори даражада шакар моддаси мавжуд бўлган товарлар(биринчи навбатда ширин ичимликлар)га солиқ ва акциз ўрнатиш, болаларга йўналтирилган шундай маҳсулотларнинг рекламасини камайтиришни таклиф этмоқда, деб ёзади “Handelsblatt” нашри. 
“Бошқа йўл билан Германияда семириш ва диабетнинг тарқалиб кетишини тўхтатиб бўлмайди”, деб таъкидламоқда очиқ хат муаллифлари.

Ҳозирча ушбу мурожаатга расмий жавоб берилмаган. Лекин Меркелнинг партияси ҳисобланган Христиан-демократик иттифоқидан бўлган ҳукумат аъзоларининг айтишича, давлат аҳоли нимани ейиш-емаслигини олдиндан ёзиб бермаслиги, балки соғлом овқатланиш ва умуман соғлом турмуш тарзини кучайтирилган ҳолатда тарғиб қилиши керак.

Бироқ ҳукумат коалицияси таркибига кирган социал-демократлар вакилларининг фикрича эса, таклиф этилган чекловлар, жумладан, шакар учун солиқ белгилаш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, бундестагда соғлиқни сақлаш масалалари бўйича социал-демократлар фракциясидан эксперт Забине Диттмарнинг Германияда барибир шакар учун ҳатто жорий чақириқда, яъни яқин уч йилда солиқ қўйилишига ишончи комил.

Маълумот учун, Болалар ва ўсмирлар шифокорлари профессионал уюшмаси, Немис диабетологлари жамияти, озиқ-овқат соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келадиган Берлиндаги “Foodwatch” ноҳукумат ташкилоти юқоридаги мурожаат ташаббускорлари сифатида чиқишди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ой бошида айнан “Foodwatch” 100 саҳифалик “Coca-Cola Report” номли тадқиқотини кенг оммага тақдим этганди. Унга кўра жаҳондаги алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилар “ўзларининг масъулиятсиз маркетинг ва лоббизм фаолияти туфайли семириш ва II тип диабет каби овқатланиш билан боғлиқ касалликлар эпидемияси учун жавобгардирлар”.

Ўшанда мазкур ноҳукумат ташкилот Европа Иттифоқи миқёсида “светафор” кўринишидаги маркировкалаш тизимини жорий этишни таклиф этганди. Унга кўра қизил ранг маҳсулотлар таркибида юқори даражада шакар, ёғ ва туз борлиги кўрсатиб ўтилади. Бундан ташқари, олимлар томонидан болалар боғчаларида овқатланишнинг минималь стандартларини Германиянинг барча ҳудудларида татбиқ этиш илгари сурилганди.   


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар