“Parlez-vous francais?”

12:02 10 Октябр 2018 Жамият
1265 0

Бу ибора ўзбек тилига ўгирилганда “Сиз французча гаплашасизми?” деган маънони англатади. Айтиш мумкинки, у ўзаро мулоқотга киришишда калит сўзи ҳисобланади.

БМТ иш юритадиган тиллардан бири — француз тили бугунги кунда 29 та мамлакат учун расмий тил ҳисобланса, 54 та давлатда аҳоли иккинчи тил сифатида уни яхши билади.

Ўзбекистонда ҳам Франция санъати ва маданиятига, тили ҳамда адабиётига қизиқиш кучли. Айниқса, сўнгги йилларда республикамизда француз тилини ўқитишга бўлган эътибор сезиларли даражада кучайди. Бугунги кунда 17 та олий таълим муассасасида француз тили мутахассислари, педагоглар тайёрланади ва тил ўргатилади. Жорий ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Миллий университети, Бухоро ва Самарқанд давлат университетларида лингвистика (француз тили) мутахассислиги бўйича қабул йўлга қўйилди. Филология ва тилларни ўқитиш (француз тили) бакалавриат йўналишида қабул квотаси 3 баравар оширилди.

Бундан ташқари, француз тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганиш, ўрта мактабларда француз тили фани ўқитилиши, француз тилидан замонавий дарслик ва ўқув қўлланмалар яратилиши жонланди. Айни пайтда юртимиздаги 1 минг 260 та мактаб, коллеж ва лицейда, шунингдек, 8 та олий таълим муассасасида 280 мингдан зиёд ёшлар француз тилидан сабоқ олмоқда.

Мамлакатимизнинг қатор олий таълим муассасалари билан Франциянинг “Париж-Сюд”, “Париж I Пантеон-Сорбонна”, “Париж IV”, Гренобль, Ницца, София Антиполис, Тулуза, “Бретань-сюд” каби университетлари, Шарқ тиллари ва цивилизациялари Миллий институти, Тулуза шаҳридаги сиёсий тадқиқотлар институти ҳамда Версаль шаҳридаги Олий архитектура мактаби ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ва протоколлар имзоланган. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти негизида Париж халқаро мода академияси филиалини ташкил қилиш масалалари бўйича музокаралар олиб бориляпти.

2015 йилдан буён юртимизда фаолият юритаётган “Тошкент Француз Альянси” ташкилоти қизиқувчиларга француз тилини ўргатиш, жамоатчиликка француз маданиятини таништиришга ҳисса қўшиб келмоқда.

Марказ ўзбекистонлик ёшларнинг Франция таълим муассасаларида таҳсил олишига ҳам амалий кўмаклашмоқда. Хусусан, франциялик мутахассислар томонидан ташкил этиладиган имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларга DELF — Француз тили ўқув дипломи ва DALF — Француз тили чуқурлаштирилган дипломи берилади ҳамда улар воситасида ёшлар Европа давлатининг нуфузли таълим даргоҳларида ўқишни бошлаши мумкин.

— Марказда 8 мингдан ортиқ адабиётларга эга ахборот маркази мавжуд, — дейди унинг раҳбари Дилшод Аҳмедов. — Шунингдек, турли конференциялар, коллоквиум, тренинглар, малака ошириш курслари ташкил этилади. Француз тили ва маданиятига қизиқувчилар учун ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Кино-клуб”, ҳар пайшанба “Сўзлашув клуби”, ҳар шанба “Мусиқа клуби” ўтказилади. Франциядан ташриф буюрган турли соҳа вакиллари билан самимий учрашувлар уюштирилади.
Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019