Парламентлараро мулоқот мустаҳкам дўстлик муносабатларига хизмат қилмоқда

11:06 30 Май 2018 Сиёсат
326 0
Фото: regnum.ru

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Тўроғаси ўринбосари Асель Кодуранова мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мунтазам сиёсий мулоқот олиб бориш, шу орқали барча йўналиш бўйича ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Мажлисда парламентлараро муносабатларнинг, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

— Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда, — дейди Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Тўроғаси  ўринбосари Асель Кодуранова. — Албатта, бу саъй-ҳаракатлар парламентлараро муносабатларда ҳам яққол акс этаётгани диққатга сазовор. Парламентлараро комиссиянинг биринчи мажлиси ҳам юқори савияда ташкил этилгани бунинг далилидир.

Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг регламенти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши девонининг Илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Якунда комиссиянинг иккинчи мажлисини Ўш шаҳрида ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар