Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқларини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди

18:14 20 Май 2020 Сиёсат
99 0

2020 йил 18 май куни айни сарлавҳа билан Парламентлараро иттифоқ расмий веб-саҳифасида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятига ижобий баҳо берилган мақола эълон қилинди. Бу ҳақда ТИВ хабар хабар берди.

Ахборотда Парламентлараро иттифоқнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси томонидан инсон ҳуқуқлари жабҳасидаги халқаро стандартларни миллий даражада жорий этиш борасида яқинда қабул қилинган чораларни қўллаб-қувватлаши таъкидланади.

“Парламентлараро иттифоқнинг тавсиясига биноан яқинда Ўзбекистон парламенти қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар иштирокида видеоконференция ташкил этди ва унда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт – БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йилда қабул қилинган ва 1976 йилдан буён амалда бўлган кўптомонлама шартноманинг бажарилиш жараёни муҳокама қилинди, – дейилади мақолада. – Қатнашчилар фуқаролик жамиятини ва қонун устуворлиги маданиятини ривожлантириш, пенитенциар тизим ислоҳати, суд ҳокимияти мустақиллиги, болалар меҳнатига барҳам бериш, гендер тенгликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш каби жабҳаларга тўхталиб ўтишди”.

Парламентлараро иттифоқнинг баҳолашича, Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласини янада фаолроқ илгари сурмоқда. 2018 йилда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг амалга оширилиши ва БМТ тавсияларининг бажарилиши устидан парламент назорати механизми ишлаб чиқилган эди. Қонунчилик органи БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи механизмлари билан ҳамкорлик бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилди ва ўз тарихидаги биринчи бор инсон ҳуқуқлари бўйича парламент ҳисоботини эълон қилди.

Парламентлараро иттифоқ сўнгги йилларда миллий парламентарийларимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мажлисларидаги роли ўсаётганини эътироф этмоқда.

“Ўзбекистон парламенти Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссия билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича иккита таъсирчан масала – қийноқларнинг олдини олиш ва мажбурий меҳнатга чек қўйиш борасидаги чораларни қабул қилиш бўйича механизмни тузишда фаол иштирок этди, – дейилади хабарда. – Юқорида қайд этилган видеоконференция шунингдек Ўзбекистонда яшаётган фуқаролиги йўқ шахсларнинг деярли ярмига (49 минг киши) мамлакат фуқаролигини олиш имконини берувчи фуқаролик тўғрисидаги янги қонуннинг қабул қилиниши фонида ташкил этилгани ҳам аҳамиятлидир”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?