Парламент қонунчилик муаммоларини тадқиқ этишда Германия билан ҳамкорлик қилади

18:34 31 Июль 2018 Жамият
386 0
Архив фото

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг халқаро ҳамкорлари сони яна биттага кўпайди. Германиянинг Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда институт ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Меморандумга кўра, парламентаризм ва қонунчилик муаммоларини аналитик тадқиқ этишга кўмаклашиш, Ўзбекистон ва Германиянинг етакчи олим ва жамоат арбоблари иштирокида симпозиумлар ўтказиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, институт олимлари Германиянинг етакчи илмий тадқиқот марказларида малака ошириш имконига эга бўладилар.

Маълумот учун, Ф. Эберт номидаги жамғарма 1928 йилда асос солинган нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, юртимизда 1997 йилдан буён фаолият олиб боради. Жамғарманинг асосий мақсади – давлат ва жамоат ташкилотларига эксперт-таҳлилий ёрдам кўрсатиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда тадбирлар ташкил этишдан иборат.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунга қадар Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Корея, Туркия, Қирғизистон парламентлари қошидаги илмий-тадқиқот марказлари ҳамда ЕХҲТ, К. Аденауэр номидаги жамғарма билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар