Париж битими мамлакатимизга нима беради?

16:45 28 Сентябр 2018 Сиёсат
1122 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг жорий йил 25 сентябрда ўтказилган навбатдаги мажлисида қатор муҳим қонун ҳужжатлари кўриб чиқилди. Улардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент қуйи палатасига киритилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидир.

Мажлисда қайд этилганидек, бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири, деб тан олмоқда. Дарҳақиқат, XX асрга келиб, дунё мамлакатларининг кескин индустриал ривожланиши, табиат қонуниятларига бўйсунмасдан, унинг ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик натижасида атмосферага беҳисоб миқдорда иссиқхона газлари чиқарилиши иқлим ўзгаришига олиб келди. Бу эса, ўз навбатида, жаҳоннинг турли нуқталарида йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳароратнинг кескин ўзгаришига, баъзи ерларда ҳалокатли ёғингарчиликлар, тошқин, бўрону тўфон каби офатларга, аксинча бошқа жойларда қурғоқчилик, чўлланиш, ер деградацияси, ўрмон ёнғинлари ва бошқа экологик муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°Cга ортган. Ўзбекистонда худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°Скўтарилган. Яъни исиш жадаллиги глобал миқёсда кузатилаётган ўртача суръатдан юқори. СабабиЎзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради.

Экспертларнинг хулосасига қараганда, иқлим ўзгариши экотизимлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятлари каби ҳудудларда экологик вазиятнинг кескинлашувига, йил мобайнида жазирама давр давомийлигининг ортиши ва кучайиши натижасида аҳоли ўртасида касалликларнинг кўпайишига, шунингдек, бошқа табиат ҳодисалари — селлар, тошқинларнинг тез-тез такрорланишига олиб келиши мумкин.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ортиб бораётган глобал таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Парижда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенцияси (ИЎДК)га бағишланган конференциянинг 21-сессиясида Париж битими қабул қилинди ва 2016 йил 4 ноябрда кучга кирди.

Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган 195 мамлакатнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади. Битимни ратификация қилмаган мамлакатлар кузатувчи мақомига эга бўлиб, улар учун халқаро ташкилотлар томонидан иқлимга доир дастур ва лойиҳаларни молиялаштиришда чекловлар қўлланилади.

Ушбу битимнинг мақсади сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 2°Сга сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°Сгача ўсишини чеклашга эришишдан иборат. 2050 йилга бориб иссиқхона газларининг глобал ажратмаларини 40 — 70 фоиз камайтириш, 2100 йилгача эса 0 ёки манфий кўрсаткичга етказиш талаб этилади. Мамлакат 2030 йилга бориб эришиши лозим бўлган иссиқхона газлари ажратмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини камайтириш тўғрисида ИЎДК котибиятига маълумот тайёрлаши Париж битимини имзолашнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Битимда ривожланган мамлакатларнинг тараққий этаётган давлатларга иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва унга мослашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мажбурияти юклатилган. 2020 йилда ривожланаётган мамлакатларнинг эҳтиёжлари ҳамда устуворликларини эътиборга олиб, молиявий кўмакни 100 миллиард АҚШ долларига етказишга қарор қилинган.

Ҳозирги вақтда махсус жамғарма умумий қиймати 1,5 миллиард АҚШ долларилик 35 та лойиҳани молиялаштирмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ҳамда Тожикистон учун Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги “Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг олдини олиш дастури” лойиҳасини молиялаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда (20 миллион АҚШ долларига тенг грант).

Маълумки, Ўзбекистон 2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган, бироқ ҳозирги вақтга қадар ушбу битимни ратификация қилмаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурслари (асосан, грантлар)ни жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатлар (Орол фожиаси, чўлланиш, қурғоқчилик)га қарши курашиш кабилар шулар жумласидандир. Қайд этиш жоиз, мазкур ҳужжат кеча Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланди.

Париж битимида қатнашиш инвестиция ресурсларини жалб қилиш ҳамда халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг кредитларини олиш учун индикатор саналади. Мазкур битимга мувофиқ, иқлим соҳасидаги ҳаракатлар келажакдаги савдо келишувлари учун шарт бўлиши мумкин. Франция ҳукумати Париж битимига аъзоликни Европа иттифоқи савдо келишувларидаги муҳим элемент сифатида қабул қилиш таклифини билдирди. Бу Европа иттифоқи Париж битимини ратификация қилмаган ёки уни амалга оширмаётган мамлакатлар билан бошқа савдо-сотиқ қилинмаслигини англатади.

Шу жиҳатларни, энг муҳими, халқимиз манфаатларини, экологик хавфсизликни таъминлаш мақсади устувор эканини инобатга олган ҳолда, Париж битимини ратификация қилиш Ўзбекистон Республикасининг умуминсоний қадриятлар, ҳужжатда акс эттирилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларига содиқлигини кўрсатади. Айни пайтда бу Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияга аъзо давлатлар билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Қобил НОСИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019