Парашютдан сакрашни истайсизми? Ўзбекистонда бу муаммо эмас...

10:50 01 Февраль 2018 Спорт
631 0

Болалигидан парашютдан сакрашни орзу қилмаган инсон кам бўлса керак. Лекин Ўзбекистонда кўпчилик бундай имконият ҳарбийлардан бошқаларга берилмайди, деб ўйлаши мумкин. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Йўқ. Юртимизда ҳар қандай яхши мақсадни рўёбга чиқариш мумкин. Хоҳ у экстремал спорт тури билан боғлиқ бўлсин. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Қандай тартиб-таомиллар, қонун-қоидаларга риоя этиш лозим? Биз ана шу каби бир қатор қизиқарли саволларни соҳа мутахассиси, Ўзбекистон парашют спорти федерацияси раиси ўринбосари Евгений Литянскийга йўллагандик. Қуйида ана шу жавобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

— Ўзи парашютдан сакраш ёки парашютизм қандай соҳа?

— Парашютизм экстремал спорт тури ҳисобланади. Шунинг учун аввал ер усти машғулотларидан ўтиш лозим. Ўтганда ҳам, қатъий, қисқа бўлмаган йўриқномалар олиб борилади. Зеро, бу парашютдан сакрашда хавфсизлик гарови ҳисобланади, ҳавода стресс ҳолати рўй берса, хато қилишнинг олдини олишни ўргатади.

—  Мавсум қачон бошланади?

— Жорий йилги мавсум шу йил 4 март куни очилади. Лекин хоҳловчилар гуруҳини йиғиш имкониятга қараб амалга оширилади. Сабаби аэродором ва авиация техникасининг ўтказиш салоҳияти чегараланган. Аэродром эса Ўрта Чирчиқ туманидаги Аранчи қишлоғида жойлашган.

— Умуман машғулотлардан ўтиб, парашютдан сакрайман деган одам бунинг учун қанча маблағ сарфлайди?

— Бунинг учун 475 минг сўм кетади. Шундан 50 минг сўми тиббий суғурта учун. Тўлов ихтиёрий шаклда. Шартномани эса мана бу хаволадан олиш мумкин: http://aerosport.uz/doc/dogovor.pdf.

— Қандай самолётдан ва қандай парашютда сакралади?

— “Ан-2” самолётидан “Д 1-5-у” парашютида.

— Қандай баландликдан сакралади?

— 800 метр баландликдан.

— Ҳаваскор номзодларга қандай талаблар қўйилади?

— Биринчидан, улар 14 ёшдан 55 ёшгача бўлиш керак. Иккинчидан бўйи 1 метру 40 сантиметрдан паст бўлмаслиги лозим. Учинчидан, оғирлиги 40 килограммдан енгил ва 100 килограммдан оғир бўлмаслиги шарт. Албатта, соғлиги жойида бўлиши ва ўзи билан шахсни тасдиқловчи ҳужжатини олиб келиши зарур. Яна бир гап. 14 ёшга етганлар мустақил сакрашни ота-онасининг ёзма рухсати билангина амалга оширишиши мумкин.

— Соғлиқ ҳақида гапирдингиз. Саломатлигида қандай муаммолар бор инсонларнинг сакрашига рухсат берилмайди?

— Бу борада маълум талаблар бор, албатта. Масалан, эпилепсия, руҳий касалликлар, карлик, қулоғи оғирлик, отит, эшитишга таъсир этувчи сурункали қулоқ касалликлари, қандли диабет, юрак-қон томир ва ўпка касалликлари, ҳушидан кетиб қолиш, томир тортишиш, таянч ҳаракати координацияси бузилиши, асаб тизими касалликлари, сурункали буйрак касалликлари билан оғримаган, узоқни яхши кўра олмаслик муаммоси йўқ инсонларга сакрашга рухсат берилади.

Айни чоғда хоҳловчилар бошидан жароҳат олмаган, сакрашни амалга оширишда халақит берувчи таянч-ҳаракат аппаратидаги нуқсонлар, жисмоний чекланишлар эга бўлмаслиги, охирги 24 соатда алкоголь ва бошқа шу каби маҳсулотларни истеъмол қилмаган бўлиши керак.

— Масалан, мен шу талабларга жавоб бераман дейлик. Бир ўзим парашютда сакрайманми ёки...

— Ҳа, мустақил сакрайсиз. Ахир ўзингиз сакрасангизгина, ҳақиқий адреналин ва экстремал лаззатни ҳис қила оласиз. Парашютнинг очилиш тизими эса жуда ишончли.

— Худо кўрсатмасин, агар парашют очилмай қолса-чи?

— Амалда бундай ҳолат фавқулодда кам кузатилади. Боиси, сакраш энг юқори даражадаги ишончли десант техникасида бажарилади. Боз устига, бундай нохуш вазиятда захира парашюти ҳам бор.

— Ерга қўнишда дарахт, симёғоч, биноларга урилиб кетиш ёки сувга тушиб кетиш мумкинми?

— Бундай ҳоллар жуда кам рўй беради. Лекин бўлиб туради. Шунинг учун дастлабки тайёргарлик машғулотларини чин дилдан, катта масъулият билан пишиқ-пухта қилиш лозим.

— Айтингчи, жуфт, яъни тандем бўлиб ёки йўриқчи билан бирга сакраш мумкинми?

— Бизда тандем бўлиб ёки йўриқчи билан сакраш йўлга қўйилмаган.

— Самолётга чиқишдан олдин парашютларни ким тахлаб беради?

— Парашютларни махсус ўқитилган йўриқчилар, спорчилар ёки тахловчилар йиғиб беради. Тахлаш жараёни кейинчалик максимал ишончни таъминлаш учун босқичма-босқич қатъий назорат қилинади.

— Фото ёки видеоқурилмалар билан сакрашга рухсат бериладими?

— Айримлар ўзлари билан фотоаппаратлар ёки мобиль телефон воситаларини олиб чиқишади ва парашют очилгандан сўнг суратга тушишади. Аммо фотоаппаратни қўлдан тушириб юбориш ва уни бир умрга йўқотиш мумкин. Бундан ташқари, суратга тушиш энг асосий нарса — ерга тўғри қўнишдан диққатни чалғитади.

— Эркин тушиш вақти қанча?

— Десант парашютида сакрашда эркин тушиш деярли бўлмайди. Сабаби “Д-1-5-у” парашютида сакраганингиздаёқ, у мажбурий очилади. Фақат самолётдаги пўлат-арқондан ажралганингиздан сўнг парашют тўлиқ очилгунча, яъни қисқа сониялар давомидагина эркин тушилади.

— Парашют “гумбази” остида қанча муддатгача пастлайди? Яъни ерга тушгунча қанча вақт кетади?

— Бунинг учун агар шарқий оқимга тушиб қолинмаса, 3-5 дақиқа сарфланади.

— Парашютда ерга тушиш тезлиги қанча?

— Сониясига 5 метр.

— Сакраш учун қандай пойабзал ва либос кийиш керак?

— Тўғри савол. Бундай экстремал спорт тури учун оёқ кийим танлаш жуда муҳим. Энг яхши танлов — тўпиқни яхши ҳимоялайдиган пошнасиз, баланд тагчармли туфлидир. Лекин спорт кроссовкаси ҳам бўлаверади. Биринчи марта сакраётганлар учун эса кеталар ёки очиқ пойафзаллар тавсия этилмайди.

Кийим қўл ва оёқни тўлиқ ёпиши, қулай бўлиши, ҳаракатни чегарамаслиги лозим. Кейин кир бўлса ҳам ачинилмайдиган кийим олиш керак. Масалан, спорт костюми тўлиқ тўғри келади. 

— Агар мен ҳалиги телевизорда кўрсатадиган экстремаллар каби ранг-баранг комбинезон(шими билан кўйлаги бирга қўшиб тикилган коржома, жомакор) ва тезкор парашютда сакрашни истаб қолсам-чи?

— Ҳаммасининг ўз вақти-соати бор. Бунинг учун, аввало, эркин тушиш ва “қанот” туридаги парашютни бошқаришни ўргатиш курсларидан ўтиш лозим.

— “Қанот-парашют” нима ўзи?

— “Қанот-парашют” десант парашютдан анча кичкина, тўғри бурчакли ёки эллипсимон шаклда бўлади. Горизонтал тезлик ва кўтарилиш кучига, юқори даражада манёврчанликка эга. Бу каби воситани очиш ва ерга қўндириш уни бошқараётган парашютчидан катта маҳорат ва кўникмаларни талаб қилади, албатта.

— Айтганча, парашютнинг умумий оғирлиги қанча?

— Асосий ва захира парашюти билан қўшиб ҳисоблаганда умумий оғирлиги 20 килограммга тенг. Лекин бу рақамни кўриб, қўрқиб кетмаслик керак. Ер устидаги машғулотларда унга ҳатто қизлар ҳам тезда кўникиб кетиш мумкин. Осмонда очилганда эса унинг оғирлиги ҳатто сезилмайди ҳам.

— Сўнгги савол. Ўзбекистонда парашют спорти қай даражада ривожланаяпти?

— Нафақат парашют спорт тури, балки спортнинг авиация билан боғлиқ бошқа барча турлари танг аҳволда. Муаммолар жуда кўп. Мамлакатимиз Марказий Осиёда Афғонистондан ташқари аэроклублар бўйича терма жамоаси йўқ ягона давлат. Ўйлайманки, яқин вақт ичида тегишли мутасаддилар томонидан мазкур масалага эътибор қаратилади ва камчиликлар бартараф этилади. Қўллаб-қувватлаш бўлса, салоҳиятли спортчиларимиз етарли ва уларнинг сафи янада кенгаяди. Энг муҳими, шу спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олишишимизга ишонаман.

Саиджон МАХСУМОВ 

суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар