Пандемия шароитида умумтаълим мактабларидаги дарслар қандай ташкил этилади?

15:38 05 Сентябр 2020 Жамият
372 0

Жорий ўқув йилида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги мавжуд 13 та умумтаълим мактабида 8864 нафар ўқувчининг таълим олиши режалаштирилган. Шундан 1-4 синф ўқувчилари 3619 нафарни, 5-11 синф ўқувчилари эса 5245 нафарни ташкил этади. Хўш, бугунги пандемия шароитида болаларнинг таълим олиш жараёни қандай кечади? Нурафшон шаҳар Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида «Пандемия шароитида 2020-2021 ўқув йилида анъанавий таълим жараёнларини ташкил этиш» бўйича ўтказилган ўқув-амалий семинарида ана шу масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Унда Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳар Халқ таълими бўлими мудирлари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда ички ишлар идоралари масъуллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда «Халқ таълими муассасаларини янги 2020-2021 ўқув йилига тайёрлаш бўйича Ҳаракат дастури» доирасидаги долзарб вазифаларни бажариш жараёнлари атрофлича таҳлил қилинди.

Ўқув-амалий семинар иштирокчилар мактабда анъанавий ўқув жараёнини ташкил этиш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Пандемия шароитида мактабларда дарс машғулотларини эрталаб соат 8:00 дан кеч соат 17:30 гача ташкил қилиш борасидаги жараёнлар мактаб ўқувчилари ва синф раҳбарлари иштирокида кўргазмали чиқишлар орқали намойиш этилди.

Ушбу семинарда белгилаб олинганидек, вилоятдаги барча таълим муассасаларидаги дарслар болаларнинг бир вақтда тўпланиб қолишини олдини олиш мақсадида, табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Унга кўра, барча ўқувчи ва ўқитувчилар мактабларда ижтимоий масофани сақлаган ҳолда, махсус йўлаклар орқали ўтишлари лозим бўлади.

Пандемия вақтида бошланғич синф ўқувчилари синф раҳбарлари томонидан мактабнинг асосий дарвозаси ёнида кутиб олиниши ҳамда кузатилиши, ота-оналарнинг эса мактабга киришини тақиқлаш бўйича тушунтиришлар берилди.

Энди мактабларда дарслар оралиғидаги танаффус қўнғироқлари чалинмайди. Синфхоналар кўчадаги ҳаво ҳароратидан келиб чиққан ҳолда тез-тез шамоллатиб турилади.

Семинарда вилоятдаги барча умумтаълим муассасаларини янги ўқув йилига ўз вақтида тайёрлаш, тавсия этиладиган ўқув дастурлари ҳамда қайта ва янгидан нашр этилган дарсликларни ўқитиш юзасидан методик тавсиялар берилди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ
(Халқ сўзи).

Равшан Мирзақулов ​​олган суратлар. ​​​​​

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?