Пандемия пайтида Бухорода Халқ қабулхоналари бир кун ҳам иш фаолиятини тўхтатмади

11:13 27 Август 2020 Жамият
389 0

Карантин даврида Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхоналарида аҳолининг уйда ўтирган ҳолда телефон ва интернет орқали мурожаат қилиши учун барча шарт-шароит яратилди. Вилоят ва туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ўртасида мурожаатларни кўриб чиқишни назорат қилишда, мавжуд муаммоларни муҳокама этиш ва уларга ечим топишда видеоконфренсалоқа хизмати йўлга қўйилди.

— Бошқача айтганда, пандемия пайтида қанчалик мураккаб бўлмасин санитария- гигиена қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда бир кун ҳам ўз иш фаолиятимизни тўхтатмадик, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилояти Халқ қабулхонаси мудири Эркин Қудратов. — Бу эса жойлардаги муаммоларга, аҳоли мурожаатларига оқилона ечим топишда қўл келди.

Шу ўринда айрим далилларга эътиборни қаратиш ўринли.Жондор тумани 3-сектор ҳудудидаги «Нурафшон» қишлоғида жойлашган 21-умумтаълим мактаби 1987 йилда қурилган бўлиб, 624 ўринга мўлжалланган эди. Ўқув муассасаси таъмирталаб ҳолга келганди. Айниқса, куз-қиш мавсумида мактабни иситиш катта муаммога айланарди. Жондор тумани Халқ қабулхонасига мурожаатдан сўнг бу муаммо сектор раҳбари билан бирга тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда атрофлича ўрганилди. Билим даргоҳи «Йўл харитаси»га киритилди. Жорий йилда мазкур мактабни реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлаш учун 3 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди.Қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари поёнига етиб қолди.

Ёки бошқа бир мисол. «Қирлишон» қишлоғи Олот тумани марказидан қарийб 35 километр узоқда жойлашган. Ҳудуддаги 134 та хонадонда 686 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи катта муаммо эди. Аҳоли мурожаатларидан сўнг давлат бюджетидан 2,9 миллиард сўм ажратилиб, қишлоққа 11,5 километр узунликда ичимлик суви қувури тортилди, 1 та сув иншооти қурилди. Бундан ташқари, ҳудудга кириш жойидаги кўприк янгидан барпо этилди. Фуқаролар йиғинини туман маркази билан боғловчи асосий йўлнинг ўнқир-чўнқир қисми асфальт қилиниб, таъмирланди.Ушбу юмушлардан вилоятнинг энг чекка қишлоқларидан бири саналган Қирлишонда яшовчилар хурсанд.Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Умуман олганда, Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхоналарига 30 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми (61%) қаноатлантирилди, мингдан зиёд мурожаат эса кўриб чиқиш жараёнида. Маблағ ва муддат талаб этувчи мурожаатлар «Йўл харита»ларига киритилиб, уларнинг ҳал қилиниши назоратга олинди.

Бундан ташқари,Халқ қабулхоналари ва сектор раҳбарлари ҳамкорлигида 656 марта оммавий қабул ва ёшлар билан 397 та учрашув ўтказилди.Ўртага ташланган масалаларнинг аксарият қисми қаноатлантирилди.Шунингдек, уйма-уй юриш орқали 2381 та муаммо аниқланиб, аксариятига ечим топилди.Қолган қисми ижроси назоратда.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?