Пандемия – коррупциянинг янги манбаими?!

18:30 12 Август 2020 Сиёсат
407 0

Коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида бугунги кунинг энг долзарб масалаларидан бир бўлиб қолмоқда. Бу иллатга қарши кураш дунёнинг кўплаб мамлакатларини қамраб олмоқда. Чунки коррупция ҳар қандай давлат, ҳар қандай жамиятни кемирувчи, емирувчи иллатдир.

Жаҳонда коррупциянинг тури ҳам, тавсифи ҳам жуда кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича турли тадқиқот муассасалари, халқаро ташкилотлар, давлат органлари, олимлар томонидан юзлаб тадқиқотлар ўтказилган. Турли кўрсаткич ва рақамлар акс этган жадваллар яратилган, ўзига хос рейтинглар тузилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил формулалари ҳам ишлаб чиқилган.

Минг афсуски, бутун ривожланиш тарихи давомида турли технологияларни ихтиро қилган, кўплаб давоси бўлмаган касалликларга даво топган инсоният коррупцияга қарши аниқ бир дорини топа олгани йўқ.

Таъкидлаш жоизки, бу борада Ўзбекистон ўзининг «Ҳалоллик вакцинаси»ни яратишга тайёр эканлигини билдирган ва давлат раҳбари бу ҳақида илк бор Парламентга йўллаган мурожаатномасида қайд этган эди.

Агар биз ярим йил асносида бир ярамас вируснинг организмимизни емиришини олдини олишга курашиб келаётган бўлсак, коррупция аталмиш иллат бир чақалоқнинг дунёга келиши жараёнидаёқ жон-жонига, қон-қонига сингиб кетган. Болакай катта бўлган сари, коррупция ҳам бўй чўзаверади, улар яқин, ажралмас дўстга айланишади. Бирга «қўл ушлашиб» боғчага, мактабга, олий таълим муассасасига, кейинчалик «суҳбатлардан» ўтиб, «диплом» билан иш бошлашади, «бамаслаҳат» лавозим пиллапояларидан кўтарилишади, турмуш қуришади, фарзандли бўлишади... Ҳаёт давом этаверади...

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда унга шундай таъриф берилган: «коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш».

Қачон коррупцияни келиб чиқишига шароит яратилади? Қачонки, ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунлар турлича қўлланса; аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, иш ҳақи ва бошқа даромадлари паст бўлса; мамлакатда сиёсий вазият нотинч бўлса.

Айнан мана шу сўнгги омил кишини ўйлантиради. Мамлакатда қандай вазият бўлиши керакки, қабул қилинган қонун ишламаса, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури бажарилмаса?! Хусусан, 2019 йил май ойидан Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ўз вақтида етказилишини таъминлаш мақсадида телеграмм ижтимоий тармоғида @antikorbot номли махсус бот яратилиб, ишга туширилиши керак эди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурида 2019 йил декабрь ойига қадар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида давлат органларига ахборот бериш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан фуқароларга коррупция фактлари тўғрисида давлат органларини хабардор қилиш имконини берувчи мобил ва бошқа иловаларни ишлаб чиқиш белгиланган эди.

Юқорида келтирилган вазифалар ижроси юзасидан бирор бир таҳлиллар борми? Коррупциянинг бирон-бир «илдизи» қуритилдими?

Менимча, самарадорлик ва натижадорлик бўлганида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилишига зарурат бўлмас эди. Мазкур Агентликнинг давлат хизматига ҳалоллик стандарти («ҳалоллик вакцинаси») ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформасини ишлаб чиқиш, шу билан бирга, коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурини яратиш каби вазифалари илгари йўл қўйилган камчилик ва хатоларни қайтармаслигига одамнинг ишонгиси келмоқда.

Зеро, ишонч инсонни олға интилтиради, ҳаракатлантиради. Буюк ишларга бошлайди. Айнан мана шу «ишонч» баъзи кимсаларнинг ҳатто халқнинг бошига тушган кулфатдан ҳам фойда кўришга, маблағ ундиришга, «саховат ва кўмак»ни жиғилдонига уришга, «ҳомийлар» пулини ҳамёнига тиқишга йўналтирди. Бир сўз билан айтганда, пандемия – коррупциянинг янги «сержило» манбаига айланди.

Аҳолининг аксарияти масофадан фаолият юритаётганлиги боис, нигоҳлари телевизор ёки мобил телефон экранига қадалган. Кўпчиликда шундай руҳият пайдо бўлдики, бир каналда давлат раҳбари бошчилигидаги долзарб масалалар бўйича селектор мавзуси кўрсатилса, бошқа канал айнан селекторда кўтарилган муаммоларнинг «пулга сотилаётгани»ни намойиш этмоқда. Жумладан, карантинни кучайтириш мақсадида, машиналарга бериладиган стикер талаблари Андижонда бемалол «сотилмоқда», шифокорларга ажратилган қўшимча иш ҳақлари бошқа вилоятда «эгасини тополмай гаранг», беморларни тезкор касалхоналарга етказишига ажратилган машиналар калити кимларгадир «тўёна» бўлганлиги сабаб (тўйлар тўхтатилгани билан тўёналар бекор қилинмади-ку) бир бемор ўз тақдирини 4 соатдан ортиқ «кутиб қолмоқда», карантинга олинган беморларга 35 миллионлик харажат белгиланган бўлса-да, харж қилинмаган сумма юзасидан хасталангандан «маблағ сарфланди» деган нома ёздириб олинмоқда.

Пандемия сўзининг оҳанги ўзгача экану, лекин «оҳанжамаси» бошқача экан. Биргина нажот янги ихтиро қилинаётган вакцинадан. Сўнгги хабарларга кўра, коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлашлар йўлга қўйилар экан. Бунда ҳам ўзбекистонликларнинг омади бор экан, чунки бошқаларга битта дори юборилса, бизда ўзимизнинг «Ҳалоллик вакцина»миз ҳам бор. Ана шунда биз тождор махлуқни албатта енгамиз.

Гулруҳ АГЗАМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати,

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?