«Пахтакор»нинг 5 футболчисида коронавирус аниқланди

17:43 19 Июль 2020 Спорт
413 0

«Пахтакор» асосий жамоасининг 5 нафар футболчисида коронавирусга топширилган тест натижалари ижобий натижа берди.

Юртимизда коронавирус пандемиясига чалинган инсонлар аниқланиши билан «Пахтакор» футбол клубида доимий равишда футболчилар ва клуб ходимлари мунтазам тарзда тест топшириб келишди. Ўзини нохуш ҳис қилган 5 нафар футболчида коронавирус учун топширилган тест натижалари ижобий натижа бергач, футболчилар ва ходимлар яна бир бор тест топширишди. АГМК билан ўтказилган Суперлига 9-тур баҳсидан кейин баъзи футболчилар соғлиғида муаммолар пайдо бўлди, шундан кейин машғулотлар вақтинча тўхтатиб турилди.

Айни пайтда коронавирус аниқланган 5 нафар футболчи изоляцияга олинди ва уларни даволаш жараёни бошлаб юборилди. Футболчилар доимо тиббий назорат остида бўлиб турибди ва барча зарур воситалар билан таъминланмоқда, дейилади клуб ахборот хизмати маълумотида.

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг Tribuna.uz сайтига маълум қилишича, 20 июль куни ПФЛ Суперлига клублари расмийлари ва бош мураббийлари билан Zoom орқали видеоконференция ўтказиб, чемпионат баҳсларини давом эттириш ёки қолдириш масаласини муҳокама қилади. Шундан сўнг ПФЛ томонидан бир қарорга келинади.

Маълумот учун, аввалроқ Суперлиганинг «Бунёдкор», «Сурхон» клубларида, Про-лигада эса «Динамо» ва «Хоразм» футболчиларида коронавирус аломатлари аниқланган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?