Пахтачи тумани нега «қониқарсиз» ҳудудга тушиб қолди?

11:41 06 Октябр 2020 Жамият
242 0

6 октябрь халқ депутатлари Пахтачи тумани кенгашининг навбатдаги, ўн саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияга депутатлар, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа ходимлари, ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилди.

Шунингдек, сессия ишида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг иштирок этиши учун имконият яратилди.

Шундан сўнг сессия кун тартибига “Пахтачи туманини 2020-2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали «Қизил» ҳудуддан чиқариш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала депутатлар ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Сессия ишида туман ҳокими М.Ҳамдамовнинг ҳисоботи тингланди.

Рейтинг кўрсаткичларига кўра, туман 2019 йил якунлари бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасининг умумий бали жами 13,27 бални ташкил этган. Ушбу кўрсаткич билан туман вилоятдаги шаҳар ва туманларнинг орасида энг охирги ўринни эгаллаган.

Шу ўринда Пахтачи тумани нега «қониқарсиз» ҳудудга тушиб қолди деган ҳақли савол туғилади.

Биринчидан, 2019 йилда виртуал ва халқ қабулхоналари орқали келиб тушган такрорий мурожаатлар сони 397 тага етган. Бу ҳудудда истиқомат қилувчи ҳар минг кишидан 3 нафари мурожаат қилди дегани. Вилоятда энг охирги 16-ўринда.

Иккинчидан, иқтисодий фаол аҳоли сони 59 минг нафарни ташкил этиб, ҳисобот даврида бу кўрсаткич 53 минг нафарни ташкил этган. Иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 90,4 фоиз билан вилоятда 15-ўринда.

Учинчидан, хотин-қизларнинг бандлик даражаси 85,5 фоизни ташкил қилиб, вилоятда 13-ўринда.

Тўртинчидан, 2019 йилда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари 201 миллиард сўм бўлиб, унинг 5 миллиард сўми экспортга йўналтирилган, бу эса ўз навбатида ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 2,3 фоизини ташкил этган. Бу соҳада вилоятда 15-ўринда.

Бешинчидан, 2019 йилда истеъмол товарлар ишлаб чиқариш ҳажми 
148,3 миллиард сўм бўлиб, аҳоли жон бошига 1023,0 минг сўмни ташкил этган, бу кўрсаткич бўйича вилоятда 15-ўринда.

Олтинчидан, 2019 йилда туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши 8,2 миллиард сўмни ташкил этиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестициядаги улуши 3,1 фоизини ташкил этган ҳамда вилоятда 14-ўринни эгаллаган.

Еттинчидан, 2019 йилда марказлашмаган инвестиция хажми 
243,4 миллиард сўм бўлиб, аҳоли жон бошига ҳисобланганда 1707,0 минг сўмдан тўғри келган. Бу соҳада ҳам вилоятда 9-ўринда.

Саккизинчидан, 2019 йилда тумандаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга сувни тежовчи технологиялар билан таъминланганлик даражаси қониқарсиз аҳволда эканлиги, яъни бу соҳада туманда умуман ишлар амалга оширилмаганлиги натижасида вилоятда энг охирги 16-ўринда.

Тўққизинчидан, 2019 йилда экспорт ҳажми 3668,8 минг АҚШ долларини ташкил этиб, аҳоли жон бошига 26 АҚШ долларни ташкил этган ҳамда вилоятда 13-ўринда.

Ўнинчидан, 2016 йилда мол-мулк ва ер солиғи тушуми 7,7 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилда тушум 12,4 миллиард сўмни ташкил этди ҳамда 2016 йилга нисбатан 161 фоизга ўсган, вилоятда 14-ўринни эгаллаган.

Шу билан бирга туманда охирги бир йил ичида иқтисодий ва ижтимоий соҳалар бўйича қилинаётган ишлар кўлами ошган. Хусусан, янги ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида янги лойиҳалар бошланган.

Жорий йил якунигача туманда қиймати 206 миллиард сўмлик 21 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиши ва ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 109,9 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, тумандаги 3 та корхонани экспорт фаолиятига жалб этиш эвазига йил якунигача жами 6060,0 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган (ҳозиргача 2905,0 минг АҚШ долларлик экспорт қилинган).

2020 йил якуни билан жами 325 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилади. Унинг 80 миллиард сўмини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва давлат кафолати остида бўлмаган хорижий кредит маблағлари ташкил этади.

Пахтачи тумани «қониқарсиз» рўйхатга тушиб қолишига қандай салбий омиллар таъсир этмоқда?

Аҳоли, асосан, қишлоқ хўжалиги билан банд этилган. Бугунги кунда такрорий мурожаатлар таҳлил қилиб, кўрилганида фуқаролар томонидан йўлланаётган мурожаатларнинг мазмуни асосан ишга жойлашишдан иборат эканлигини кўриш мумкин. Мурожаат этганларнинг аксарият қисми хотин-қизларни ташкил этади.

Бу борада биринчи навбатда янги иш ўринларини яратиш, бунинг учун 2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ амалга оширилиши режалаштирилган умумий қиймати 664 ҳисобидан сўмлик жами 98 та инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, 1569 та янги иш ўринларини яратилишини таъминлаш ҳамда аҳолини, айниқса хотин-қизлар ва ёшларни доимий иш ўринларига эга бўлишларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида «Зиёвуддин силк» МЧЖ, «Пахтачи ёғ родник» МЧЖ, «Жамшиджон универсал савдо» МЧЖ ва шу каби саноат корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтириб, 2019 йилда жами 3686,8 минг АҚШ доллар миқдорида экспорт амалга оширилган. 2020 йил якуни билан 6060,0 минг АҚШ долларига бажариш, ўтган йилга нисбатан 164,3 фоизга ўсишини, аҳоли жон бошига 42 АҚШ долларидан тўғри келишини таъминлаш режалаштирилган.

Пахтачи тумани географик жойлашуви жиҳатидан ижтимоий-иқтисодий ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қулай ҳудуд, бундан ташқари туман ер ости ва ер усти табиий бойликларига бой бўлган ҳудуд ҳисобланади. Туманда темир йўл масофаси ишлаб чиқариш майдонларини кесиб ўтганлиги, Зиёвуддин темир йўл станциясининг мавжудлиги, М-37 магистраль йўлининг 34 километр масофаси туман бўйлаб кесиб ўтганлиги, (CARGO) Навоий юк ташиш логистикаси туман марказигача 40 километр масофада жойлашганлиги, юқори босимли магистраль газ тармоғининг мавжудлиги, «Сувли» электростанциясининг мавжудлиги, Қарнабота ва Қизбуви тоғларида ер ости қазилма бойликлари захирасининг мавжудлиги алоҳида аҳамиятга эга. Санаб ўтилган қулайликлар бугунги кунда инвесторларни жалб қилиш ва уларга ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун етарлича имконият, деб бемалол айтиш мумкин.

Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда саноат ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш мақсадида туманнинг Ш.Қаҳҳоров массивида 20 гектар майдонда саноат кластери ташкил этилади, ушбу кластер негизида бир қанча тадбиркорликни ривожлантириш учун лойиҳалар амалга оширилади.

Биринчидан, 2020 йил якунига қадар янги ташкил этилган пиллачилик кластери “Ziyovuddin silk” МЧЖ томонидан умумий қиймати 5000,0 миллион сўмлик 400 тонна пиллани қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади. Натижасида 100 та янги иш ўринлари яратилади ва йилига энг ками 3 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади.

Иккинчидан, 2021 йил 1 июлгача “Paxtachi klaster” МЧЖ томонидан умумий қиймати 50 миллиард сўмлик пахта толасидан мато ишлаб чиқариш ва техник чигитни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади, натижада 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Учинчидан, 2020-2021 йилларда “SFX GLAS SAMARQAND” МЧЖ томонидан умумий қиймати 412 миллиард сўмлик кварц қумини қазиб олиш, қумни қайта ишлаш ва импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп ойна маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада 350 та янги иш ўринлари яратишга эришилади ҳамда 20 миллион доллар инвестиция киритилади.

Тўртинчидан, Самарқанд шаҳрида 2019 йил 22-23 ноябрь кунлари бўлиб ўтган 1-Халқаро “Invest in Samarkand” Инвестицион форумида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Швейцария давлатининг “PariSA” корхонаси ўртасида меморандум имзоланган бўлиб, мазкур корхона томонидан бугунги кунда Пахтачи тумани ҳудудидан 80 гектар ер майдони танлаб олиниб, бошланғич молиялаштириш маблағлари учун 150 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган.

Ушбу маҳсулот саноат ва тоғ кон саноатида портловчи восита сифатида фойдаланилади. Маҳсулотнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган турлари, яъни «Ғовакли» (йилига 200 минг тонна), «сариқ сув ўтказмайдиган донадор» (50 минг тонна) ва силлиқ ТНA “A” (200 минг тонна) ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Шундан 250 минг тонна маҳсулот ички бозорга сотилиб, импорт ўрнини эгаллайди ва валюта тежалишига эришилади, қолган 200 минг тонна маҳсулот чет давлатларга экспорт қилиниши белгиланган.

Лойиҳанинг ишга тушиш муддати 2020-2025 йилларга белгиланган. Бундан ташқари туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида 2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 606 миллиард сўмлик 77 та лойиҳа амалга оширилади.

Натижада 1388 та янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, 2019 йилда мол-мулк ва ер солиғининг ундирилиши 
6984,0 миллион сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 
7956,0 миллион сўмга ёки 114 фоиз ўсишига эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3607-сонли қарорига асосан Самарқанд вилояти Пахтачи туманининг «Фай» маҳалласи ҳудудидан кичик саноат зонасини ташкил ўтиш бўйича 5,56 гектар ер ажратилган.

Натижада ушбу КСЗга жами 10 та лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, 
бугунги кунда 3 та лойиҳа ишга туширилган. Қолган 7 та лойиҳада қурилиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда 2020 йилнинг 4-чорак якунига қадар ишга туширилиши белгиланган.

Жумладан, туманда қишлоқ хўжалик соҳасини ривожлантириш бўйича 2020-2021 йилларда ишга тушиши режалаштирилган 51 та умумий қиймати 302,3 миллиард сўмлик, лойиҳалар шакллантирилган бўлиб, бунинг натижасида 742 та янги иш ўринлари яратилади. Шундан жорий йил якунига қадар 19 та лойиҳа амалга оширилиб, 106 нафар янги иш ўринлари ташкил этилади.

Сессияда туман аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш борасида бир қатор ишларни амалга ошириш учун вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида давлат дастури асосида 46,6 километр ичимлик сув тармоқлари ҳамда бошқа манбалардан 25,3 километр жами 71,9 километр тоза ичимлик суви тармоқлари тортилади.

Бугунги кунда туманда 129 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, шундан 41 та давлат боғчаси, 87 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 1 та давлат хусусий шерикчилиги боғчаси мавжуд. Боғча ёшдаги болаларни қамраб олиш даражаси 2019 йилда 43 фоизни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг якунига қадар бу кўрсаткич 63 фоизга етказилади.

Йил якунига қадар 4 та мактабгача таълим ташкилоти инвестиция дастури асосида реконструкция қилинади. Шунингдек, 10 та мактабгача таълим ташкилотлари жорий таъмирдан чиқарилади.

Туманда 47 та мактаб мавжуд бўлиб, уларда 25500 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда ҳамда ушбу мактабларда жами 2239 нафар педагог ходимлар ўқувчиларга таълим бериб келмоқда. Жорий йилда мазкур мактабларда 1939 нафар ўқувчи мактабни тугатди. Олий ўқув юртларига ўқишни давом эттириш учун ҳужжат топширганлар 1881 нафарни ташкил этади. Олий ўқув юртларига қабул қилинган ўқувчилар 276 нафар бўлиб, бу кўрсаткич жами битирувчиларнинг 14,2 фоизини ташкил этмоқда.

Туманда 1 та марказий шифохона, 3 та ҚОП, 8 та ҚВП, 1 та ДСEОМ, 1 та Стоматология ДУК мавжуд. Ушбу тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган врачлар сони - 166 нафар, ўрта тиббиёт ходимлари сони - 836 нафар, бошқа ходимлар - 146 нафарни ташкил этмоқда.

Туманда «Обод қишлоқ» дастурига асосан Бурқут қишлоғида 
50 қатновга мўлжалланган «Бурқут» қишлоқ врачлик пункти (950 миллион сўм) ҳамда Сулув (Тараққиёт) қишлоғида 75 қатновга мўлжалланган Қурбон Ражабов қишлоқ врачлик пункти (670 миллион сўм) биноларида капитал реконструкция ишлари олиб борилиб фойдаланишга топширилди ва барча тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

Зиёвуддин шаҳарчасида 100 қатновга мўлжалланган инвестиция дастури асосида 2 миллиард 550 миллион сўмлик оилавий поликлиника 
ҳам жорий йилнинг декабрь ойигача фойдаланишга топширилади.

Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?