Пахта топширишдаги кўзбўямачилик фош этилди

10:57 08 Ноябрь 2018 Жамият
961 0

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Наманган вилоятининг Поп туманидаги “Поп пахта тозалаш” АЖ мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг жиноий режаларига нуқта қўйилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи“ мухбири хабар берди.

Ўтказилган тезкор тадбирда пахта топшириш маскани бригадири Фурқат Раҳимов “Шамсиддин-Дилдора” фермер хўжалигида терилган пахта хом ашёси остига яширилган 1 тонна тупроқ ҳамда қумни ўтказиб бериш эвазига Шуҳрат Усмоновдан 300 АҚШ доллари ва 400 минг сўм олиб, қум ҳамда тупроқни жамият ҳудудига тушириб чиққан вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир жараёнида тумандаги “Олтин замин Расул” ва “Абдурашид ота Т” фермер хўжаликларининг пахта хом ашёлари олиб келинган транспорт воситалари ҳар бирида полиэтилен қопларда бўлган 1 тоннадан тупроқ ва қум борлиги аниқланди. Умуман, учта фермер хўжалиги томонидан 3 тонна қум ва тупроқ шу куни сотилган 9 694,7 минг сўмлик пахта хом ашёси ўрнига ўтказилгани аён бўлди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, жамият ҳудудидаги 27-бунтнинг ичида тупроқ уюмлари бор бўлиб, пахта сақлаш майдончасида мавжуд хом ашё 1-навга мансублиги ва унинг ичига 1,8 тонна тупроқ аралаштириб юборилгани фош этилди. Мазкур алмаштириб қўйилган тупроқ учун давлатдан 6 миллион 313 минг сўм пул олинган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан “Поп пахта тозалаш” АЖ қошидаги ПТМ бригадири Фурқат Раҳимов ва жамиятнинг бошқа мансабдор ҳамда моддий жавобгар шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ана шу каби айрим фуқаролар иқтисодиётимиз учун муҳим бўлган пахта ҳосилидан чўнтакни тўлдириш, ўз нафсини қондириш манбаи сифатида фойдаланаётгани ачинарли ҳол, албатта. Ҳолбуки, бундай жиноятларни содир этган ёки шунга уринган шахслар, албатта, қонун олдида жавоб беради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар