Пахта терими учун тўлов миқдори маълум қилинди

14:55 05 Сентябр 2018 Жамият
1065 0

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 5 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида пахта терими вақтида 1 кг учун тўланадиган ҳақ миқдорини маълум қилди.

Бекзод Шукуровнинг Facebookʼдаги саҳифасида ёзишича, пахтанинг 1 кг нархи учун мавсумга қараб минг сўмгача, аҳоли кам бўлган айрим туманларда эса 1 300 сўмгача ҳақ тўланади.

Пахта терими тўлиқ бозор муносабатлари асосида амалга оширилиши айтиб ўтилган. Шунингдек пахта терими вақтида мажбурий меҳнатга қатъий тартибда йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Аҳоли кам бўлган ҳудудлар учун алоҳида тартиб белгиланиб, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида қўлда терилган бир килограмм пахта учун қўшимча 150 сўм, озиқ-овқат харажатларига 150 сўм, жами 300 сўм устама ҳақи тўланиши белгиланган.

Ушбу маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан таъминланади. Шу мақсадда жамғармадан 246 млрд. 404 млн. сўм ажратилиши режалаштирилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар