Пахта сотишдаги эркинли​к фермер ва деҳқонларимиз манфаатлари тўлиқ таъминланишига хизмат қилади

09:54 11 Март 2020 Жамият
162 0

Давлатимиз раҳбари ­томонидан 2020 йил 6 март куни имзоланган “Пахтачилик соҳасида бозор тамо­йилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор аграр соҳада узоқ йиллар давомида сақланиб келаётган  стереотипларни тубдан ўзгартирадиган, халқона қилиб айтганда, бободеҳқонларимизнинг бирини икки қиладиган, косасини оқартирадиган тарихий ҳужжат бўлди. Бинобарин, бу ор­қали сўнгги юз йилликда деҳқонларнинг оёғига тушов бўлиб келган пахта бўйича давлат буюртмаси бекор қилинди, соҳага бутунлай янгича ёндашувлар киритилиб, амалий ҳаракатларга йўл очилди.

Бу ҳужжат, биринчи ­навбатда, Ўзбекистонда чинакамига бозор иқтисодиёти қарор топаётганини англатади. Иккинчидан, фермерлар фаолиятида туб бурилиш ясайди. Яъни уларда иқтисодий манфаатдорлик ҳисси ошиб, эндиликда ер эгалари маҳсулот ишлаб ­чиқаришда ҳам, нархларни шакллантиришда ҳам бозор шароитидан келиб чиқади. Яна бир муҳим томони, ­давлат буюртмасининг бекор бўлиши қишлоқ хўжалигининг жозибадорлигини ошириб, тармоққа катта миқдорда инвестициялар оқими кириб келишига замин яратади. Шу билан бирга, бу тарихий ўзгаришлар давлатнинг тармоққа аралашувини ка­майтиради. Натижада ҳокимларнинг режа ортидан қувиш, қўшиб ёзишлар, ажратилаётган ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш ёки одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш каби ҳолатларга ўрин қолмайди.

Президентимиз қарори билан мамлакатимизда пахта­ хом ашёси етиштириш, харид қилиш ва ­сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш ҳамда ушбу йўналишда фермер хўжаликлари манфаатдорлигини оширишнинг янги механизмлари белгилаб берилди. Жумладан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат томонидан пахта хом ашёси ­ишлаб ­чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади. Пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади. Пахта хом ашёси етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Сертификатланган уруғлик етказиб бериш сақлаб қолинади ҳамда босқичма-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари ­зиммасига юклатилади.

Айтиш жоизки, юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган кластер тизими охирги уч йилликнинг энг муҳим ўзгаришларидан бири бўлди. Эътиборлиси, бу янгича ёндашув қисқа муддат ичида аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг локомотивига айланди.

Таҳлилларга кўра, 2019 йилда ­пахта ҳосилининг 73 фоизи айнан пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келган. Уларда анъанавий экин ерларига нисбатан ўртача 4,1 центнер юқори ҳосил олинган. Жумладан,
13 та кластерда ҳосилдорлик 2018 йилдагига қараганда 1,5 баробар, 4 та кластерда 2 баробар ўсган.  Ушбу тизим асосида юртимизнинг 40 туманида пахта етиштириш борасида охирги ўн йилдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Бундан пахтачиликдаги янги йўналиш қанчалик самарали эканини англаш қийин эмас. ­Жорий йилда эса пахта-тўқимачилик кластерлари сони
88 тага етказилиб, улар умумий пахта майдонининг 87 фоизини қамраб олади.

Қарордаги муҳим янгиликлардан яна бири — энди юртимизда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган 173 минг гектар пахта майдонида фермерлар иштирокида кооперациялар ­фаолияти йўлга қўйилади. Яъни фермерларнинг ихтиёрий ­кооперациялари ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари негизида ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерларига берилган имтиёзлар пахта хом ашёсини етиштирувчи ва қайта ишловчи кооперациялар учун ҳам татбиқ қилинади.  Бу билан республикамиз пахта-тўқимачилик соҳасида ­кластерлар ­монополиясининг олди олинади.

Пахта нархи қандай белгиланади? Ишлаб чиқарувчилар қанча даромад қилишини олдиндан билиши мумкинми? Авваллари республикада ишлаб чиқарилган пахта толаси учун биржада бошланғич нарх шаклланишида амалда қўлланилаётган 10 фоиз миқдоридаги чегирма бекор қилинади.  Жаҳон  бозори таҳлилидан келиб ­чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар ­келгуси йил ҳосили учун кутилаётган минимал нарх­лар эълон қилинади. ­Бозорлардаги нарх­лар ўзгарса, ҳар чоракда ушбу ­нархга тузатишлар ­киритилиши мумкин.  

Бундан ташқари, пахта етиштиришни молиялаштиришнинг амалдаги тизими ҳам замон талабларига, умуман, жавоб бермайди. Шу боис фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик клас­терлари, кооперациялар ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжалик­лари томонидан пахта хом ашёси етиштиришни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари йўлга қўйилади. Яъни 2020 йилнинг
15 мартидан бошлаб, тижорат банклари томонидан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача етиштириладиган пахта хом ашёси умумий қийматининг 50 фоизигача бўлган миқдорида молиялаштирилганда, йиллик 8 фоиз, 60 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирганда, йиллик 10 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади.

Шунингдек, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари етиштирган пахта хом ашёсини харид қилиш ҳамда пахта йиғим-­терими харажатларини молиялаштириш учун пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларга тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача кредитлар берилади. Бунда миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз ­пунктидан кўп бўлмаган қисмини, ­хорижий валютада ажратиладиган ­кердитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун ­Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ­ҳисобидан компенсация берилади.                        

Қисқаси, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида янги давр бошланмоқда. Давлатимиз раҳбари қарори билан жорий этилаётган замонавий механизмлар аграр соҳадаги унумдорлик, демакки, манфаатдорлик, тармоқда меҳнат қилаётган миллионлаб инсонларнинг турмушига ёруғлик, фаровонлик олиб кириши, шубҳасиз.

Шуҳрат ТЕШАЕВ,

қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари:

— Авваламбор, айтиш керакки, бу — ­тарихий қарор. Сабаби, у туфайли юз йиллар давомида яратилган тизим инкор қилиниб, соҳа буткул бозор тамойилига ўтмоқда. Шу маънода, уни фермерларнинг кўп йиллик ­орзусининг рўёби, десак, бўлади.

Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб,  дастлабки ишлар бошлаб юборилган. Биринчи навбатда, Уруғчиликни ривожлантириш маркази қошида 53 та элита уруғчилик хўжалиги ташкил қилинди. Жорий йилдан бошлаб ушбу элита уруғчилик хўжаликларида ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг оригинал, кафолатланган уруғлари ишлаб чиқилади ҳамда улар  фермерларга, кооперацияларга, пахта-тўқимачилик кластерларига етказиб берилади.

Бундан ташқари, фермер ўзи етишти­раётган пахта хом ашёсининг  чигит экмасдан олдин нархи қанча эканлигини билиб боради ва шунга қараб агротехник тадбирларни бажаради, фаолиятида юқори технологияларни қўллашга мойиллиги ортади. Масалан, ўтган йилда суғоришда  инновацион технологияларни жорий қилган фермер хўжаликларимиз юқори даромад олишди. Яъни 11,5 минг гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди ва уларни қўллаган фермерларнинг  ҳеч бири 40 центнердан кам ҳосил олгани йўқ. Ҳаттоки, кўрсаткич 70 центнерга ҳам етди.

Муртазо РАҲМАТОВ,

пахта-тўқимачилик кластери раҳбари:

— Кўп йиллардан буён пахта, ғалла етиштириб келамиз. Лекин ҳар бир қишлоқ меҳнатчиси, ҳар бир фермер, ҳар бир кластер манфаатини кўзлаб қабул қилинган қарорлар жуда кам. Бу ҳужжат, ҳақиқатан ҳам, инқилобий қарор ҳисобланади.

Хўш, унинг моҳияти нимада? Мазкур ҳужжат мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришни халқаро стандартларга кўтариш, пахтани етиштириш, харид қилиш ҳамда сотишда давлат аралашувини чеклаш билан қишлоқ хўжалигига кўпроқ инвестицияларни жалб қилиш, шу соҳада меҳнат қилаётганларнинг ­манфаатдорлигини ошириш, турмуш тарзини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Сергей ЗОРЯ,

Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги бўйича етакчи иқтисодчиси:

— Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилувчи жуда муҳим қарор қабул қилинди. Негаки, бу билан кўп йиллардан бери Ўзбекистондаги мавжуд ­тизим, пахта бўйича давлат режалаштирувига барҳам берилди. Энг асосийси, фермерга эркин ишлаб чиқарувчи бўлиш учун шароит яратиляпти. 

Мазкур қарорнинг иккинчи устунлиги шундаки, пахта ­терими мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ­ҳолатларига чек қўйилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳужжат ­тўқимачилик саноатини ривожлантиришга ҳам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати, фермерлар ва ­бошқа бозор иштирокчилари билан мазкур қарорни ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорлик қилишга тайёр.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019