Пахта майдонлари 215 минг гектар қисқартирилди. Нега?

15:13 03 Май 2018 Иқтисодиёт
1684 0

Фермерларга зарар келтирадиган, ҳосилдорлиги паст ерларга юқори даромадли ва экспортбоп экинлар экилади.

Президентимиз яқинда Сирдарё вилояти фаоллари йиғилишида пахтачилик масаласига тўхталиб, “Бўлса-бўлмаса пахта экавериш, уни арзон нархда хом ашё сифатида сотиш — иқтисодиётни тушунмаслик. Энди пахтани фақат рентабеллиги бор жойларда экамиз”, дея алоҳида таъкидлади.

Давраларда жаҳон иқтисодиёти, олис-яқин давлатлардаги бугунги аҳвол  ҳақида ўзаро баҳс-мунозара кетса, биз, албатта, халқимиз пахтакор эканлигидан ғурурланамиз. “Оқ олтин” етиштиришу унинг экспорти бўйича олдинги сафлардалигимизни айтиб мақтанишга одатланганмиз.

Чиндан ҳам, халқимиз миришкор. Деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Буёғини сўрасангиз, энг катта майдонларда ғўза ўстирган ҳам, рекорд даражада ҳосил йиққан ҳам ўзимиз. Бироқ ундан қандай наф кўрдик? Кўкламдан то кузаккача даладан бери келмаган деҳқон, уни битталаб йиғиб-териб олган қишлоқ аҳли, бирламчи қайта ишлаган саноатчи қанча даромад олди?

Очиғи, ҳеч қанча. Пахтага сиёсий экин туси берилган вақтлар ортда қолиб, унга стратегик хом ашё деган нисбат бегоналашган истиқлол йилларида ушбу тармоқнинг фойда-зиёнини амалда ҳис қилдик. Муҳими, ислоҳотларнинг янги босқичида аграр соҳа фақатгина пахтачиликдан иборат эмаслигини чуқурроқ англаяпмиз.

Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароити ишга бўлган талабни, масалага муносабатни тамомила ўзгартирди-да. Тафаккур уйғонди. Бинобарин, бундай эврилишлардан аграр соҳа ҳам четда қолаётгани йўқ. У тубдан модернизация қилиниб, экин ерлари мақбуллаштирилаяпти. Натижада асл деҳқончилик маданияти қайта тикланаяпти.
Буни пахта майдонлари йил сайин қисқартирилиб, уларнинг ўрнига озиқ-овқат ва озуқабоп экинлар жойлаштирилаётгани, янги боғ-роғлар барпо этилаётгани мисолида яққол кўриш мумкин. Зеро, бугунги шиддатли ислоҳотлар қўяётган талаб шу: ташқи бозорда қайси маҳсулотга талаб юқори бўлса, ўшани эк. Даромад кўр. Рўзғоринг барака кўрсин. Меҳнатингдан давлат ҳам манфаат топсин.

Иқтисодиётни тушунмасликнинг аянчли оқибати
Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, охирги уч йилда пахта экиладиган майдонлар қарийб 215 минг гектар қисқартирилгани аграр соҳани диверсификациялашда улкан қадам бўлди. Бутун бошли туманларда эса умуман чигит экилмаётгани, таъбир жоиз бўлса, тармоқда чинакам янгиланишлар даври кечаётганидан далолат.

Дарҳақиқат, айни пайтда Китоб, Асака, Ургут, Булунғур, Жомбой, Зангиота, Бўстонлиқ, Қибрай, Паркент сингари 30 дан зиёд туманлар пахта етиштиришдан халос этилган. Табиати, иқлими мева-сабзавотчилик учун жуда мос бўлган мазкур ҳудудларда узум, мева-сабзавот, полиз ва картошка етиштирилиб, ички бозор сервитамин неъматлар билан тўлдирилаяпти, катта қисми эса экспортга чиқарилмоқда.

Бир пайтлар шафқатсизларча кесиб ташланган неча юз минг гектарлик кўркам ва серҳосил боғ-роғлар, салқини оромбахш ёнғоқзорлару бодомзорлар қайта тикланаяпти. Шудгорлаб ташланган сабзавот-полиз пайкалларига ернинг жонини суғуриб оладиган эмас, балки дармон бўладиган, қувват бағишлайдиган экинлар экилаяпти. Оддий ҳаёт ҳақиқати шуки, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дунё афкор оммасининг бирламчи ташвишига айланган айни шароитда Ўзбекистоннинг ширин-шакар мева-сабзавотлари пахта хом ашёсидан кўра кўпроқ фойда келтиради.

Шу ҳақда мулоҳаза қилганда, давлатимиз раҳбарининг куйинчаклик билан қайта-қайта мурожаат қилаётган масала — пахта майдонларини қисқартириш борасидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини англагандек бўласан, киши.

Президентимиз яқинда Сирдарё вилояти фаоллари йиғилишида ушбу мавзуга яна тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Бўлса-бўлмаса пахта экавериш, уни арзон нархда хом ашё сифатида сотиш — иқтисодиётни тушунмаслик.  Энди пахтани фақат рентабеллиги бор жойларда экамиз”.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташрифидан сўнг биргина Сирдарё вилоятида пахта майдонлари 20 минг гектар қисқартирилганини алоҳида қайд этиш зарур. Ушбу жойга ҳудуд учун янги, айни пайтда ўта даромадли ҳисобланган зироат турлари жойлаштирилаяпти. Шу жумладан, 2 минг 494 гектарга рапс, кунгабоқар, кунжут, соя каби мойли экинлар, 3 минг 232 гектарга аччиқ қалампир, салат барги, барокко карами сингари сабзавотлар, 5,3 минг гектарга нўхат, мош, ловия каби дуккаклилар, 1,7 минг гектарга доривор ўсимликлар экилаётир. Бундан ташқари, салкам 1,5 минг гектарда анорзор, 118 гектар интенсив боғ, 1,9 минг гектарда токзор барпо қилинмоқда. Қолган қисмида эса картошка, полиз, озуқа ва бошқа экинлар парваришланиши белгиланган. Бу эса аҳоли дастурхонини ноз-неъматлар билан тўлдириш баробарида, ҳудуд экспорт салоҳиятини оширишда айни муддаодир.

— Бугун давлат тизимида, ижтимоий, маънавий ҳаётимизда, иқтисодиётда инқилобий ўзгаришлар кетаяпти, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, “Азим Шофиркон юлдузи” фермер хўжалиги раҳбари Азим Латипов. — Шулар қаторида қишлоқ хўжалиги улкан ислоҳотларга юз тутмоқда. Унумдорлиги паст ерларга чигит экилмаяпти. Чунки бу на фермерга, на давлатга фойда келтиради. Турган-битгани зарар. Дала-даштли жойларга ёнғоқ эк, бодом, писта ўстир, томорқангда бўш жой қолмасин, ҳеч бўлмаса, қалампир эк, дейилаяпти. Бунинг учун зарур шароит ҳам яратилмоқда. Деҳқончиликдаги ушбу ҳаётий ислоҳотлар қишлоқ хўжалиги равнақида туб бурилиш ясайди, албатта.

Зарарига ишлаш — вақтини, нақдини беҳуда совуриш демак
Пахтанинг ўзи енгилу иши оғир. Деҳқончасига айтганда, серташвиш экин. Суяги далада қотган пахтакор фермерларнинг фикрича, бу йилгидек об-ҳаво шароитида чигитни ернинг намига ундириш нечоғли машаққатли кечаётган бўлса, баъзида ёғингарчилик мўллигидан уруғ чириб кетгани ҳам кўп кузатилган. Айрим пайтларда энди қўшқулоқ кўрсатган ниҳолларни дўл ва жала ер билан яксон қилгани, оқибатда қайта меҳнат, катта харажат билан такрор уруғ қадалгани ҳам бор гап.

Пахтачиликнинг машаққатли меҳнатини халқимиз яхши билади. Аввалига у ягана, сўнг кетмонда чопиқ қилинади-да, бегона ўтлар юлинади, ер қатқалоқ бўлса, тағин юмшатилади, хуллас, ғўза қатор орасига техника киргунига қадар агротехника тадбирлари қўлда бажарилади.

Энди ўзингиз ўйланг, шунча тер тўккан деҳқон ғалвир сувдан кўтарилган пайтда кўкка тикилиб қолса, фойда тугул, қилинган харажати қопланмаса, қўли ишга борадими? Шундай экан, нима қилмоқ керак? Саволга жавобни Президентимиз шу йил 23 мартда бўлиб ўтган қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда рўйирост айтди: “Фермерга фақат зарар олиб келадиган, ҳосилдорлиги 15 центнердан паст бўлган ерларга пахта экишдан мутлақо воз кечдик. Эндиликда бундай майдонларга юқори даромадли экспортбоп экинлар экилади”.

Импорт камайтирилиб, экспорт кўпайтирилади
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тармоқдаги бундай ўзгаришларнинг ҳуқуқий кафолатидир. Унда тупроқ унумдорлиги паст бўлган, охирги 3 йил мобайнида кам ҳосил олинган ерларда пахта етиштирилмаслиги аниқ-тиниқ белгилаб қўйилди. 

Хўш, мазкур ҳужжатнинг жойлардаги ижроси қандай?  

— 2018 йилда республикамиз бўйича 1 миллион 71 минг гектарга чигит экилаяпти, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахтачилик ва техника экинларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тўхтамурод Мейлиев. — Бу пахта майдонлари ўтган йилдагига нисбатан салкам 135 минг гектар қисқартирилди, деганидир. Жумладан, паст рентабелли, ер шароити ва сув таъминоти оғир бўлган қарийб 100 минг гектар майдон пахтадан бўшатилди. Ушбу майдонларнинг 5,1 минг гектарига интенсив боғ, 2,3 минг гектарига токзор, 811 гектарига иссиқхоналар барпо этилса, қолган қисмига сабзавот, полиз, дуккакли, мойли озуқа ҳамда озиқ-овқат экинлари жойлаштирилади.

Умуман олганда, жорий йилда юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида асосий, оралиқ ва такрорий майдонларда жами 17,8 миллион тонна маҳсулот, хусусан, 7,1 миллион тонна сабзавот, 2,2 миллион тонна полиз, 95,8 минг тонна мойли, 697,8 минг тонна дуккакли маҳсулотлар, шунингдек, 1,5 миллион тонна картошка ҳамда 6,1 миллион тонна қишлоқ хўжалигининг бошқа маҳсулотлари етиштириш мўлжалланган. Бунинг учун зарур ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, уруғлик ва бошқа моддий ресурслар ҳисоб-китоб қилиниб, ўз вақтида етказиб бериш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Буларнинг барчаси соҳа олдига қўйилаётган талаб — озиқ-овқат маҳсулотлари импортини кескин камайтириш, экспортни кўпайтиришга хизмат қилади.

Қайси бири фойдали?
Иқтисодиёт вазирлигидан маълум қилишларича, 2017 йил якунларига кўра, паст рентабелли ерларда етиштирилган пахтанинг 1 гектаридан ўртача 0,9 миллион сўм даромад олинган, холос. Ҳолбуки, ушбу жойга экиладиган сабзавотдан 5,2 миллион сўм, картошкадан 5,9 миллион сўм, полиздан 4,1 миллион сўм, мевадан 1,8 миллион сўм, узумдан 2 миллион сўм, мойли экинлардан эса 1,2 миллион сўмдан зиёд даромад олиш мумкин. Бу, ўз навбатида, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига йилдан-йилга ўсиб бораётган талабини тўлиқроқ қондириш, қайта ишлаш ва экспортчи корхоналарнинг қўшимча даромад манбаларини шакллантириш имконини беради.
Мана, илгари сурилаётган масаланинг асл моҳияти, ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад!

— Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, Иқтисодиёт вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мева-сабзавот, узум, полиз ва дуккакли дон маҳсулотлари етиштириш таннархидан келиб чиқиб, тавсиявий бизнес-режалар ишлаб чиқди, — дейди Иқтисодиёт вазирлиги қишлоқ хўжалигида тузилмавий ўзгартишлар бошқармаси бошлиғи Ҳасан Мамарасулов. — Бунда 1 гектар майдонда экин етиштириш, амалга ошириладиган агротехника тадбирлари ва моддий-техника ресурслари, меҳнат сарфи, солиқ ҳамда бошқа харажатлар ҳисоб-китоби тўлиқ қамраб олинган. Унга кўра, 1 гектар майдонда сабзавот экинларини парваришлаш харажати 12,8 миллион сўм бўлиб, ҳосилдорлик ўртача 220 центнерни ташкил этса, олинадиган жами 22 тонна маҳсулотнинг 1 тоннаси таннархи 583 минг сўмга тушади. Етиштирилган маҳсулот ўртача 800 минг сўмдан сотилган тақдирда жами даромад 17,6 миллион сўм, шундан соф фойда 4,8 миллион сўмга етади, рентабеллик эса 37 фоизга таъминланади.

Паст рентабелли пахта майдонларининг мақбуллаштирилиши моддий ва табиий ресурсларни тежашда ҳам қўл келади. Сабаби, барпо этиладиган интенсив боғларга томчилатиб суғориш тизими жорий қилиниши эвазига унинг ҳар гектаридан 2,5 — 3,5 куб метр, токзорларда эса 1,2 — 1,8 куб метр сув тежалади. Бундан ташқари, 130 минг тонна пахта ўрнига қўшимча 430 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот, 350 минг тоннадан ортиқ мойли ва озуқа, 60 минг тонна шоли ва дуккакли экинлар ҳосили олинади, 20 мингга яқин иш ўринлари очилади.

Яна бир муҳим жиҳати, унумдорлиги паст ерларда ғўзани жойлаштирмаслик ҳисобига ўртача ҳосилдорлик ўтган йилдаги 27 центнерлик кўрсаткичдан жорий йилнинг ўзида 29 центнергача кўтарилиши кутилмоқда. Натижада 1 гектарда пахта хом ашёси етиштириш харажатлари ўртача 5,1 миллион сўмдан 8,6 миллион сўмгача кўпайгани ҳолда, рентабеллик 0,1 фоиздан 10,2 фоизгача ошади.

Аччиқ экиннинг ширин ҳосили
Аграр соҳада бошланган ислоҳотлар узвийлиги, изчиллиги таъминланиши ғоятда аҳамиятли. Негаки, самара ана шунда сезилади. Шу маънода, пахта майдонларини мақбуллаштириш ҳаракати давомийлиги билан деҳқону фермерлар даромадини оширишда мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Гап шундаки, пахта майдонлари 2019 йилда 37,5 минг, 2020 йилда йилда эса 33 минг гектарга қисқартирилади. Бўшаган ерларга давлатимиз раҳбарининг тавсияси бўйича сердаромад ва экспортбоп бўлган экинлар жойлаштирилади. Масалан, республикамиз шимолий ҳудудларида шоли ва полиз, юртимиз жануби ва Самарқандда картошка ҳамда карам, водий вилоятларида эса помидор, бодринг, лавлаги ва кўкатлар экиш фермер хўжаликларига иқтисодий жиҳатдан кўпроқ фойда келтиради.
Шу ўринда айтиш жоизки, соҳа мутахассислари ва олимлар, тажрибали экспортёрлар томонидан тавсия этилаётган серҳосил ҳамда ташқи бозорда харидоргир қишлоқ хўжалиги экинлари рўйхатида аччиқ қалампирга алоҳида ўрин берилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки паст рентабелли майдонларда 60 — 80 кунда етиладиган қалампир парваришланса, кони фойда.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйича 4,4 миллион гектар майдонда аччиқ қалампир экилиб, ялпи ҳосил салмоғи 68,3 миллион тоннадан ошади.  Бошқача айтганда, ушбу экин ҳосилдорлиги гектарига ўртача 15 — 20 тоннани ташкил этади. Агар унинг 5 килограммидан 1 килограмм қуритилган аччиқ қалампир олиш мумкинлигини назарда тутсак, қалампир пайкалининг ҳар гектаридан 16 тонна ҳосил йиғиштирилган тақдирда 3,2 тонна қуритилган аччиқ қалампир тайёрлаш мумкинлиги ойдинлашади. Ушбу маҳсулот жаҳон бозорида ўта харидоргир бўлиб, унинг 1 тоннаси 8,6 минг АҚШ доллари атрофида баҳоланади. Эътибордан буткул четда қолиб кетган сабзавотчиликнинг мазкур йўналишидан бунча даромад топиш мумкинлиги, очиғи, пахтакор халқимизнинг хаёлига ҳам келмаганди.

Ҳозирги пайтда аччиқ қалампир савдосидан олинадиган даромаднинг асосий қисми Индонезия, Хитой ва Мексика миришкорлари қўлига тегаяпти. Юртимизда хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш бўйича бошланган амалий саъй-ҳаракатлар, ҳадемай, улар сафига қўшилишимизга умид уйғотмоқда.
Бундай дейишимизнинг боиси шундаки, жорий йилнинг ўзида пахтадан бўшаган майдонларнинг салкам 2 минг 300 гектарига аччиқ қалампир жойлаштирилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассисларининг айтишича, хусусан, Фарғонада 770, Сурхондарёда 547, Тошкент вилоятида 431, Хоразмда 175 гектарда ушбу зироатнинг жаҳон бозорида харидоргир бўлган хорижий навлари экилаётир. Эътиборлиси, деҳқон ва фермер хўжаликлари, шунингдек, томорқачиларга иссиқхоналарда парваришланган тайёр қалампир ниҳоллари тарқатилаяпти.

Хом ашё эмас, тайёр маҳсулот сотамиз
Кейинги пайтда жаҳон бозорида пахта толасига бўлган талабга қараб, унинг баҳоси ўзгариб турибди. Аммо синтетик, ҳатто бамбук толалари саноатда кенг қўлланилаётган ҳозирги тараққиётнинг инновацион босқичида ҳам пахта толасига эҳтиёж айтарли сусайгани йўқ. Аксинча, аҳоли сонининг кўпайиши, даромади ортиб, турмуши фаровонлашуви каби омиллар табиий маҳсулотга рағбатни кучайтираётир.
Бироқ масаланинг бошқа нозик жиҳати шундаки, даромаднинг асосий қисми йил бўйи қўли қавариб хирмон кўтарган деҳқон ёки фермерга эмас, тайёр хом ашёни чуқур қайта ишлаган саноатчиларнинг илкига тушаяпти. 

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, 1 килограмм калава ип олиш учун 1,15 килограмм пахта толаси қайта ишланади. Шунча калава ипдан 5 метр газлама ёки 0,93 килограмм трикотаж мато тўқилади. Ўз навбатида, трикотаж матонинг ҳар бир килограммидан ўртача 5-6 та тайёр кийим тикиш мумкин. Буни пулга чақадиган бўлсак, калава ипнинг баҳоси 20 — 22 минг сўм, трикотаж матоники 30 — 35 минг сўмни ташкил этади, холос. У тайёр маҳсулотга айлантирилгач эса қиймати кескин ошиб, ўртача 200 минг сўмга айланади!

Шунинг учун давлатимиз раҳбари яқинда Жиззах вилоятига амалга оширган сафари давомида соҳа мутасаддилари олдига қатъий талаб, аниқ вазифа қўйди: бундан буёғига четга хом ашё сотилмайди, у қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотга айлантирилган ҳолда экспорт қилинади. Ушбу мақсадга қачон эришамиз? 

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасидан олинган маълумотларда келтирилишича, йилига 1 миллион тоннага яқин тола олинади. Ҳозирги кунда мавжуд қувватлар эса 706,2 минг тонна толани қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, бу республикада етиштирилган пахта толасининг 72,4 фоизини ташкил этади. 

— Бугунги ислоҳотлардан кўзланган мақсад, шубҳасиз, машаққатли меҳнат эвазига яратилган хом ашё қийматини ошириш, кўпроқ фойда кўришдир, — дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси минтақаларда тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўлими бошлиғи Содиқ Бобоқулов. — Пахтани тола кўринишида эмас, балки тайёр маҳсулот сифатида сотсак, даромад ортади. Шунинг учун қайта ишлаш ҳажми йил сайин оширилмоқда. Бу борадаги ўсиш кўрсаткичларини англаш учун мустақилликнинг дастлабки йилларида қайта ишлаш ҳажми атиги 5 — 7 фоиз атрофида бўлганини эслаш кифоя. Юртимиз саноатчилари 2018 йилда 469,6 минг тонна калава ип, 305,2 миллион квадрат метр газлама, 93,1 минг тонна трикотаж мато, 540,2 миллионта тайёр тикув маҳсулотлари ва 84,7 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқаришни режалаштиришган.

Бу рақам келгусида ортиб бораверади. Сабаби, 2018 — 2021 йилларда ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва янги корхоналарни бунёд этиш ҳисобига етиштирилган пахта толасини ўзимизда тўлиқ қайта ишлаш қувватлари (977,8 минг тонна) яратилади. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 баробар, тайёр тикувчилик маҳсулотлари 2 баробар, пайпоқ маҳсулотлари 3 баробар ортиши мўлжалланмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, уюшма томонидан 2018 йилда умумий қиймати 461,3 миллион долларга тенг бўлган 28 та йирик лойиҳани бажариш ишларига киришилган. Уларнинг изчил ижроси йиллик маҳсулот экспортини 189,4 миллион долларга ошириш, 6,4 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Тармоқдаги инновацион қадам
Етиштирилаётган пахта ҳақида кўпроқ қайта ишловчилар қайғуриши кераклигини даврнинг ўзи тақозо қилаяпти. Боиси аграр соҳа қанчалик саноатлашса, арзон ва сифатли хом ашё тайёрлаш, унга қўшимча қиймат қўшиш ҳажми шунчалик ортади. Пировардида давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти кўтарилиб, қишлоқ аҳлининг турмуш фаровонлиги юксалади. Шунинг учун ҳозирги пайтда пахтачиликда илғор технологияларга асосланган инфратузилмани яратиш, жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган кластер усулини жорий қилишга жиддий эътибор қаратилаяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, синов тариқасида 13 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг афзаллиги шундаки, пахта толасини қайта ишловчи корхоналар бевосита ўзлари хом ашё етиштириш жараёнлари иштирокчисига айланади. Бу қишлоқ хўжалиги ва саноат интеграциялашувини жадаллаштириб, корхоналарнинг сифатли, таннархи арзон, энг муҳими, эҳтиёжга яраша тола билан тўлиқ таъминланишини кафолатлайди.

Содда қилиб айтганда, пахта-тўқимачилик кластери, бу — ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуи. Мазкур янги тузилма инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи саналади. Чунки бу ерда хом ашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади. Шу маънода, кластерларга пахта хом ашёси етиштириш учун 140,9 минг гектар ер майдонлари ажратилаётгани аграр тармоқдаги инновацион қадам сифатида баҳоланмоқда.

Қишлоқ хўжалигидаги бугунги ўзгаришлар, яъни пахта майдонларининг қисқартирилиши замирида пахтачиликни энг сердаромад тармоқлардан бирига айлантиришдек эзгу мақсад-муддао мужассамдир. Токи, фермер унумдорлиги паст ерларга чигит қадаб, вақтини, нақдини беҳудага совурмасин, тупроқ-иқлим шароитига мос экин экиб, меҳнатига яраша фойда кўрсин. Бунинг учун деҳқон ва фермерларга зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш баробарида, пахта харид нархи ҳам муттасил равишда оширилмоқда. Зотан, экспортни кўпайтириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда етакчи куч ҳисобланган тўқимачилик ва енгил саноат салоҳиятини юксалтириш, қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан барқарор таъминлаш мазкур тармоқ истиқболи билан чамбарчас боғлиқдир.
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар