Пайариқда 350 гектар ер 500дан ортиқ оилаларга имтиёзли кредит асосида берилди

12:02 21 Апрель 2020 Жамият
340 0

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Пайариқ туманида 3500 га яқин камбағал оила бор экан. Уларни камбағалликдан чиқариш, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун туман ҳокимлиги, жамоатчилик томонидан зарур чоралар кўрилмоқда.

- Ким камбағал бўлиши мумкин — иш жойи ва томорқаси бўлмаган, бемор ёки ногирон киши шундай вазиятга тушиши мумкин, — дейди Пайариқ тумани ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилфуза Мамасолиев. — Баъзида бунга ишёқмаслик, дангасалик ҳам сабаб бўлишини кўрамиз. Бундай оилалар, кишиларга бир марта, икки марта ёрдам берармиз, лекин қўлдан берганга қуш тўймас деган гап бор. Шу боис камбағал, кам таъминланган оилага пул эмас, пул топиш имконият яратиб берилса, бу ўша фуқаро учун ҳам, давлат ва жамият учун ҳам фойдали бўлади. Бугун давлатимиз ана шундай йўл тутмоқда. Жумладан, туманимизда ҳам аҳолини камбағалликдан чиқариш учун уларни иш билан таъминлаш, ер ажратиш чораларини кўряпмиз.

Куни кеча Шўртепа маҳалласида фойдаланилмай турган, лалми ердан 350 гектар майдон 500 нафардан ортиқ оилага камида 50 сотихдан имтиёзли кредит асосида ажратилди. Нима учун имтиёзли кредит ҳисобидан ажратдик? Чунки бу ер майдонларига майизбоп узум кўчатлари экилиб, томчилаб суғориш технологияси йўлга қўйилиб, аҳолига бўлиб берилмоқда. Уларга янги ташкил этилган қишлоқ хўжалик кооперативи хизмат кўрсатади. Бу ерда ҳам беш кишининг бандлиги таъминланади. Ток кўчатлари ҳосилга киргунга қадар қатор ораларида дуккакли ёки полиз экинлари етиштириш мумкин. Кредит тўловлари тўлиқ қоплангач, ер майдонлари аҳолига деҳқон хўжалиги сифатида расмийлаштириб берилади.

Йил якунига қадар туманнинг Багара қишлоғидан яна 2000 гектар ер майдонини деҳқончилик қилиш учун аҳолига бўлиб бериш режалаштирилган.

- Шу пайтгача ишсиз эдим, — дейди Шўртепа маҳалласи Гулистон қишлоғида яшовчи Ўктам Тўратошов. — Энди эса лалми майдондан менга ҳам 50 сотих ер ажратиб беришди. Бу ерларда узум яхши бўлади. Ерга ток кўчатлари экилгани ва томчилатиб суғориш мумкинлиги менга маъқул бўлди. Энди шу ерда ишлаймиз ва даромад оламиз.

Абдулазиз Йўлдошев

("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?