Паҳлавон Муҳаммаднинг ҳазили

11:21 29 Январь 2020 Маданият
319 0

Ҳазрат Навоийнинг шахсий ҳаётлари, дўстлари ва ҳамсуҳбатлари орасида ўтган ҳазил-мутойибалар бир қатор тарихий манбаларда, хусусан, улуғ мутафаккирнинг ўз асарларида ҳам битиб қолдирилган. Паҳлавон Муҳаммад Навоий бобомизнинг яқин дўстлари, узоқ йиллик қадрдонлари эди. Навоий у ҳақда “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарини битган. Қуйидаги ҳикоя ҳам ўша асардан бугунги тилимизга табдил қилинган ҳолда эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Алқисса, Паҳлавоннинг турли хил яхши амаллари, сийрат ва сувратининг дилкашлигини шарҳлашга сўз усталарининг ҳам тили ожизлик қилади. Қирқ йил давомида у каминанинг жондек дўсти, ҳамсуҳбати, сирдоши бўлиб келди. Энг оғир дамларимдан то ёруғ кунларимга қадар ёнимда бўлди. Биз иккаламиз не-не кўчаларда юрмадик, шу тариқа дилкаш инсонлар даврисидан ўрин олдик. Унинг дўстлиги, самимийлигини на айтиб, на ёзиб адо қила оламан.

Тасаввур қилинг, (Паҳлавон Муҳаммад) мендек ўзбошимча, дарвиштабиат, турмуши паришон бир кимса билан қирқ йил ҳамроҳ бўлганига қарамай, бирор марта бўлсин, дилимни ранжитгани, сал бўлса-да, кўнглимга ғубор қўндирганини эслолмайман. Аксинча, ўтган йиллар давомида дўстлигимиз қалинлашиб, садоқат ришталари мустаҳкамланиб борди...

Унинг зеҳну заковати, латофати, қуввайи ҳофизаси ўткирлиги, ҳазилкашлиги ҳақида бир-икки оғиз тўхталиб ўтиш фойдадан холи бўлмайди. Султон Абусаид мирзо замонида Хуросон аҳли Самарқандга тобе эди... Камина муҳтожлик, бошимга тушган мусибатлар, тақдир ва ранж-аламлар сабабли Машҳадга равон бўлдим. Шу ерда мафосил (бўғимларнинг зирқираб оғриши) касалига чалиндим ва бир кулбада ётиб қолдим. Ўша пайтда Паҳлавон Муҳаммад ҳам Машҳадда хизмат қиларди. Менинг аҳволимдан хабар топгач, то оёққа туриб кетгунимча, ҳар куни ёнимга ҳол сўрагани келиб, менга дўстона ғамхўрлик кўрсатди. Ўша кезлари анча довруғ қозонган, раҳматли Абдусалом Шерозий исмли бир ҳаким мени даволади. Табиблар одатда беморни даволаб оёққа турғизганларидан кейин тери остида қолиб кетган хилтлар, зарарли моддаларни тарқатиб юбориш учун далк (массаж) олишни буюришади. Ҳаким менга ҳам шуни тавсия қилди.

Паҳлавон Муҳаммад ҳам табобатдан бир мунча хабардор, хусусан, далк қилиш бўйича ҳам унга етадигани йўқ эди. Паҳлавон меҳрибонлик ва шафқат юзасидан ҳар куни кулбамга келиб, ўзи мени муолажа қила бошлади. Ўша кунларда эрталаб битта ғазал ёзгандим. Унинг биринчи байтии қуйидагича:

Ҳар қаён боқсам, юзумга ул қуёшдин нур эрур,

Ҳар сори қилсам назар, ул ой манга манзур эрур.

Етти байтли бу ғазални оққа кўчирган, қоғозни буклаб, чўнтагимга солиб қўйгандим. Ҳали уни ҳеч кимга кўрсатмаган, бировга ўқиб бермагандим. Паҳлавон белгиланган вақтда келиб, кийимимни ечиб, елкаларимни уқалай туриб, гап бошлади:

— Айтишларича сен туркий тилда яхши шерлар ёзармишсан. Кўпчилик туркий назм ихлосмандларидан эшитиб юрибман. Сенга бир саволим бор. 

— Қанақа саволинг бўлса, сўрайвер, — дедим.

— Шу пайтгача битилган туркий шоирлар битган шеърлардан қай бири энг яхшиси? Уларнинг қай бири сенга кўпроқ ёқади?

— Ҳаммаси яхши, менга ҳаммаси ёқади? – дедим.

— Олифталик ва камтаринликни қўй. Бўладиган гапни гапир, ҳаммаси бирдек яхши бўлавермайди-ку? Барибир фарқи бор-ку?

— Ҳозир бу борада Мавлоно Лутфийга етадигани йўқ, ул зот туркий каломнинг подшоҳидирлар.

— Унда Сайид Насимий-чи?

— Негадир эсимга келмабди. Қолаверса, Сайид Насимий шеърияти бошқа олам. Унинг шеърлари бошқа кўплаб шоирларнинг ижоди сингари зоҳирий мазмунга эга эмас, балки ҳақиқий ишқ ҳақида ёзган. Сен, менимча, мажозий ишқ ҳақида шеър битадиган шоирларни сўрадинг, деб ўйлабман.

— Сайид Насимий шеърияти турганида, Мавлоно Лутфийни тилга олишинг қизиқ, — дея киноя билан эътироз билдирди Паҳлавон. — Насимий шаклан мажозий ишқ ҳақида ёзгандек кўринса-да, мазмунан ҳақиқат ишқи ҳақида битган.

У шундай деб эрталаб ўзим ёзган ғазални сўзма-сўз тартиб билан ўқий бошлади. Ғазал қуйидаги байт билан якунланарди:

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,

Йўқ ажаб, невчунки, хом этган киши ранжур эрур.

Фақат паҳлавон байтдаги “Навоий” сўзини “Насимий”га ўзгартириб ўқиди. Назаримда, байтга Навоийдан кўра Насимий тахаллуси муносиброқдек кўринарди. Мен ҳайрон бўлдим. Секин кийимим устидан чўнтагимни пайпаслаб кўрдим: қоғоз жойида турибди. Ҳайратим янада ортди. Бу пайтда паҳлавон ғазални қайтадан ўқий бошлаган эди. Сабрим чидамай, бу ҳолатнинг сабаби билан қизиқдим. У эса сир бой бермади ва ўз сўзига ишонтиришга уринди. У билан баҳсимиз чуқурлаша борди. Ниҳоят:

— Бу шеърни ёдлаганингга қанча бўлди? — деб сўрадим.

— Ўн икки йилча бўлди. Абулқосим Бобур шеърий мажлисларида бу шеър кўп тилга олинарди. Ўша пайтлар менга маъқул тушиб, ёдлаб олганман.

Хуллас, ўша кун ўтди. Паҳлавон ўз ётоғига кетди. Эртасига яна мендан хабар олиш учун келди. Яна гап бориб кечаги ғазалга тақалди. “Ахир бу шеърни мен ёзганман, қанақасига бундай бўлиши мумкин?” деб бу жумбоқнинг тагига етишга ошиқдим.

— Бу шеърни ёдлаган пайтларим менга ўхшаган бир қанча полвонлар ҳам уни олишган эди. Уларни топиб келдим.

У шундай дея уч-тўртта полвонни бошлаб қирди:

— Ҳалиги мажлисда биз ёдлаган шеърни айтиб беринглар, — деб уларга юзланди. Улар бирин-кетин шеърни равон ўқиб беришди. Менинг ҳайратим ўн карра ошганди. Паҳлавон ўз сўзини шу тариқа исбот қилиб бўлганди. Бундан ташқари гувоҳларни ҳам топиб келганди.

Кейинчалик маълум бўлдики, паҳлавон мени муолажа қилаётган пайтида кийимим чўнтагидан кўриниб турган қоғозни олиб, эҳтиёткорлик билан очиб, ўқиган ва яқинда ёзилган шеър эканини пайқаган. Шундан кейин қоғозни олдига қўйиб, бир неча марта ўқиб, ёдлаган (Мен юзтубан ётганим учун буни кўрмаганман). Кейин яна қоғозни буклаб, чўнтагимга солиб қўйган. Кейин бояги гап-сўзлардан сўнг уйига қайтган. Бир қанча полвон танишларини топиб, уларга шеъримни ёдлатиб, менинг олдимда равон ўқиб беришни тайинлаган. Паҳлавоннинг ана шундай қизиқ ишлари,одамга хуш ёқадиган, ҳайратга соладиган ҳазиллари кўп эди...

Рустам ЖАББОРОВ, СамДУ тадқиқотчиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019