“Ўзшаробсаноат” АЖ тизимида 63 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилди

15:57 25 Июнь 2018 Иқтисодиёт
1733 0
Фото: UzReport.news

“Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти тизимида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга қаратилган 63 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилди.

Жамият бошқарма бошлиғи Умид Абдуллаевнинг айтишича, шундан 35 таси бирламчи вино ишлаб чиқариш корхоналарини реконструкция қилиш, янги қувватларни ишга тушириш ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган. Бу каби янгиланишлар туфайли ҳар тонна узумдан юқори сифатли шарбат чиқишини 5-6 далга кўпайтириш, нордон, хўраки ва шампан виноларининг етилиш жараёнини 2 йилдан 1 йилга тезлаштириш имконияти пайдо бўлади.

Бундан ташқари, соҳада яна 24 та лойиҳа амалга оширилади. Улар шампан винолари ҳамда алькоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қуйиш ва қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, жаҳоннинг энг сўнгги ускуналари билан жиҳозланади. Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги“Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу каби лойиҳалар ижросига кенг йўл очди.

Пойтахтимизда мазкур ҳужжатнинг ижросига бағишлаб ташкил этилган анжуманда шулар ҳақида маълуот берилди.

Айни пайтда “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти тизимида 80 дан ортиқ бирламчи вино, 60 та тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатяпти. Уларнинг самарали иш юритиши юқори сифатли хом ашё билан барқарор таъминланганлик даражасига боғлиқ. Бироқ соҳа мутахассисларининг айтишича, статистик маълумотларда республикамизда қарийб 100 минг гектар, шундан 15,9 минг гектари техник токзорлар мавжудлиги келтирилса-да, амалда ҳосилдор, қайта ишлашга яроқли узум берадиганлари жуда кам.

Айни шу жиҳат кейинги пайтларда виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари пасайиб кетиши, қайта ишлаш қувватларидан самарасиз фойдаланишига сабаб бўлаётган эди. Жорий мавсумда шу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида токзорларнинг навлар бўйича реал карталарини шакллантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019