Озодлик йўлидаги кураш ёшлар учун ибрат мактаби

18:29 05 Сентябр 2020 Жамият
448 0

«Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида — Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни -олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Мустабид тузум даврида минглаб бегуноҳ ватандошларимизнинг умри хазон бўлган. 1937 — 1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ватандошларимиз отилган.

Айрим маълумотларга қараганда, икки миллионга яқин ватандошларимиз Туркистондан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетган. 1 миллион 700 минг юртдошимиз Сибир, Украина, Шимолий Кавказ, Урал, Қозоғистон, Узоқ Шарқ, Кавказ ва Волгабўйига бадарға қилинган.

Улар орасида халқни эрк, озодлик учун оёққа турғиза оладиган таниқли маърифатпарварлар, жадидчилик ҳаракати намояндалари, Германия, Туркия, ҳатто Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олиб, миллатнинг фаровонлиги учун хизмат қилишга бел боғлаган турли касб эгалари бор эди.

Бу кўҳна дунё саҳнасидаги ҳар бир халқ, миллатнинг ўз тарихи, маданияти ва маънавияти бўлганидек, ўзбек деб аталган, ўз даврида дунё илму фани тамаддунига пойдевор қўйган миллат ҳам бу кунларга қадар не-не воқеликларни ўз бошидан ўтказмади, дейсиз.

Мамлакатимиз мустақиллигининг шукуҳли кунларида мазкур фикрларни баён этишимиз бежиз эмас. Зотан, давлатимиз раҳбари пойтахтимиздаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуига ташриф буюриб, яқин тарихимиздаги халқимиз озодлиги, юртимиз мустақиллиги ва ёрқин келажаги йўлида жонфидо қилган буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши халқимиз, айниқса, бугунги кун ёшлари учун катта ибрат мактаби эканлигига урғу берди.

Орадан қанча йиллар ўтган бўлса ҳам, қатағон йилларида рўй берган даҳшатли воқеаларни ўзида акс эттирган архив манбаларини ўрганар эканмиз, янгидан-янги маълумотлар ва турфа тақдирлар акс эттирилган воқеликлар гувоҳи бўлиб бораверамиз. Гап фақат 100 мингдан зиёд ўзбек халқининг маърифатпарвар фарзандлари қамоққа ташланиши ҳақида эмас, балки ҳибсга олинган минглаб тараққийпарвар инсонларнинг туҳматлар асосида отиб ташлангани ва ҳеч бир ном-нишонсиз кўмиб юборилгани, мол-мулкларининг давлат фойдасига мусодара этилиши, фарзандларини турли шаҳарлардаги, ҳатто юртдан ташқаридаги болалар уйларига юборилиб, ота-оналарини, аждодларини унутишга маҳкум этилганлигидадир. Боз устига, уларнинг пешонасига «халқ душмани» деган мудҳиш тамға урилиб, қамоққа олингани етмаганидек, шу инсон хизмат қилган корхона ва ташкилот, завод-фабрикалар ҳамда муассасаларда катта митинглар ўтказилиб, улар шаънига лаънат тошлари ёғдирилиб, пок номлари бутунлай бадном қилинди.

Бу воқеликлар халқимизни ўз тақдирини ўзи белгилашига, илм-маърифат ривожланишига йўл қўймаслик мақсадида юрт озодлиги учун курашган минглаб юртдошларимизни ҳеч бир асосли айб бўлмасада, зўрма-зўраки «миллатчи» деган тамға билан қоралаш, қамаш ва охир-оқибат миллатни зиёлиларидан маҳрум қилишга йўналтирилганди.

Доно халқимиз айтганидек, «ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ»дир. Давлатимизнинг ўз сиёсий мустақиллигига эришиши Ватан тинчлиги, озодлиги ва авлодлар фаровонлиги йўлида кураш олиб борган, ҳақиқатдан юз ўгирмай, ғанимларга бош эгмай жонфидо қилган ватандошларимизнинг хотираси халқимиз томонидан муносиб қадрланишига кенг имконият берди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида қатағон йилларида қатлгоҳ бўлиб, маҳаллий халқ тилида «Алвасти кўприк» номи билан аталган манзилда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ва мажмуада ўша суронли воқеликларни ўзида акс эттирган Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ташкил этилди. Бугунги кунда энг машъум воқеликларга тилсиз гувоҳ бўлган бу манзил обод гўшага айланиб, фуқароларимизнинг муқаддас қадамжосига айланди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йилда 31 август — «Қатағон қурбонларини ёд этиш куни» муносабати билан Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташрифи чоғида «ушбу музей — музейларнинг музейи» деб юксак баҳо бергани бундай масканлар халқимиз, қолаверса, ёшлар учун маънавият ва маърифат ўчоғи бўлиб қолаверишидан далолат.

Президентимиз таъбири билан айтганда, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари интилаётган она Ватанимизда миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз, ғуруримизнинг тикланиши, энг асосийси, инсон қадр-қимматининг юксак даражада улуғланиши Ўзбекистонимиз келажаги бўлмиш ёшларимиз учун ибрат ва битмас-туганмас жасорат манбаидир. Шу билан бирга, уларнинг пок номини абадийлаштириш, шахс ва жамоат арбоби, тараққийпарвар юрт ўғлони сифатидаги фаолиятини кенг ёритиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Мана шундай азобли тақдирни юз минглаб ватандошларимиз қатори ҳали кўпчилигимиз билмайдиган ва қатағон тарихининг номаълум саҳифаларида қолиб кетган Назир Тўрақулов, Ғози Юнус, Санжар Сиддиқ, Давлат Ризаев, Нажим Давқораев, Карим Болтаев, Абдулла Тошмуҳамедов, Саид Аҳрорий, Отажон Хошим, Ашурали Зоҳирий, Ғози Олим Юнусов, Шокиржон Раҳимий, Мусо Саиджонов, Нормат Исроилов ҳамда бошқа минглаб халқимизнинг тараққийпарвар фарзандлари тимсолида кўришимиз мумкин.

Мустабид тузум нафақат «қора рўйхат»га тушганларнинг ўзларини қатағон қилди, балки уларнинг оила аъзоларини ҳам азоб-уқубатларга дучор этди. Хусусан, «халқ душмани» аёллари учун ҚарағандадଫАЛЖИР» (Акмолинский лагерь жён изменников родины) деб номланган лагерь ташкил қилинган бўлса, фарзандлари собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидаги болалар уйларига тарқатиб юборилди.

Маълумотларга қараганда, НКВДнинг 00486-сонли буйруғи билан 1938 — 1946 йилларда «АЛЖИР»да «Ватан хоинларининг оила аъзолари»дан 6 500 нафар аёл жазони ўтаган. «Халқ душмани» тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача иттифоқ бўйича 25 342 бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 15 ёшгача бўлган 22 427 нафари Халқ маорифи комиссарлигига қарашли болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган. Шундан 1 909 нафари Москвада бўлган, 2 915 нафари бошқаларга боқиш учун оилаларга қайтариб берилган. Ёши 15 дан юқорида бўлган болалар «ижтимоий хавфли» ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган.

Қарағанда лагеридаги маҳбус аёллар жазо муддатини ўтаётганида 1 507 нафари фарзанд кўрган, бу болалар зўрлик асосида дунёга келган.

Тарихий манбалар орқали қатағон қурбонларининг аччиқ қисмати билан танишар эканмиз, сизу бизга нотаниш бўлган турфа тақдирлар қатори қишлоқ хўжалиги ходими — Мирмуслим Шермуҳаммедов ва унинг оиласи билан боғлиқ воқеаларни баён этишни лозим топдик.

Қишлоқ хўжалиги ходими бўлган Мирмуслим Шермуҳаммедов асоссиз айбланиб, 1937 йилда ҳибсга олинган ва шу йили отиб юборилади. Бу ҳам етмаганидек, унинг аёли Раҳбарой Шермуҳаммедова ҳам турли айбловлар билан қамоққа олиниб, «АЛЖИР»га юборилади. Бири 5, иккинчиси 7 ёш бўлган қизлари Қозоғистондаги етимхоналарга топширилади. Бир оила тақдири билан танишиш асносида қатағон ишлари аввалдан чуқур режалаштирилгани ва миллатни ўз тараққийпарварларидан маҳрум этишга қаратилган тизимли ишлар маҳсули эканлигига амин бўласан, киши.

«АЛЖИР» ва у ерда аёллар, оналар бошига солинган жабру ситам ҳамда таҳқирлашни эшитган инсон борки, ўша машъум кунларни қоралаб, бугунги тинч ва озод юртда яшаётганлигига шукроналар айтади.

Давлат раҳбари қатағон қурбонларининг руҳини шод этиш ва ёш авлодга уларни яқиндан таништириш учун қуйидаги ишларни амалга оширишимиз лозимлигини билдирдилар:

биринчидан, тарихий адолатни тиклаш, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ҳамда улар яшаган кўча ва маҳаллаларга номларини бериш;

иккинчидан, қатағон қурбонлари бўлган тараққийпарвар зиёлилар фаолияти бўйича илмий-тадқиқот ишларини янада кенгайтириш ва илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш;

учинчидан, қатағон қурбонларининг яқин қариндошларини излаб топиш ва тарихий ҳақиқатни тиклаш;

тўртинчидан, таълим муассасаларида тараққийпарвар жадидлар ва қатағон қурбонлари тўғрисида маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш.

Зеро, қаттол тузум даврида бошқа халқлар қатори ўзбек халқи ҳам миллатнинг энг сара фарзандларини бой берди. Шукрки, бугун уларнинг авлодлари эркин ва озод юртда истиқлол неъматларидан баҳраманд бўлиб, шод-хуррам ҳаёт кечиряпти. Лекин тараққийпарвар боболаримизнинг бугунги кунларни кўрмагани, ўзлари орзу қилган давлатда яшай олмагани ҳар бир ватандошимизни улар истаган эзгу ниятлар рўёбини янги босқичга олиб чиқишга ундаши лозим, десак, айни адолатдан бўлади.

Аслида шундай бўляпти ҳам. Масалан, бугунги кунда малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида мамлакатимизда хорижий олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилди. «Эл-юрт умиди» жамғармаси тузилиб, ёшлар ривожланган давлатларга ўқишга юборилмоқда. Айни чоғда Ёшлар ишлари агентлиги тузилди, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил қилинди. Бу ҳам ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.

Шу ўринда Президентимизнинг 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиб, «Ватан фидойиларини эслашимиз, уларнинг ҳақига Қуръон ўқишимиз яхши анъана. Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун, халқимиз эмин-эркин яшаши учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги намуналар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси — одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш учун, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун», дея эътироф этди.

Тарихимизнинг энг даҳшатли даврлари тўғрисида халқимизга, айниқса, ёшларимизга кўпроқ илмий асосланган маълумотлар бериш орқали бугунги озод ва обод Ватанни қадрлаш, шукрона қилиш ҳамда замонавий илм-фанни чуқур эгаллаб, халқаро майдонда Ўзбекистонимиз обрў-эътиборини юксалтиришдан иборат эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз даркор.

Зеро, тарих биз учун катта ҳаёт мактаби бўлиб, ўтган кунлар ҳеч қачон қайтарилмаслигини, биз танлаган йўл энг тўғри йўл эканлигини ҳар он ёддан чиқармасдан, фақат ва фақат олдинга интилишимиз лозим.

Абдумалик АКРАМОВ,
Турсуной МУРАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?