“Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ: Ишчи нега аноним хат ёзди?

11:37 05 Август 2019 Жамият
239 0

Иллюстратив фото

Аввало таъкидлаш керакки, кейинги бир-бир ярим йил давомида Қоровулбозор туманида жойлашган мазкур йирик корхонанинг ишлари бир оз юришмай қолди. Бунинг сабаблари жуда кўп. Лекин ҳозир улар хусусида батафсил тўхталиш ниятида эмасмиз. “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” акциядорлик жамияти ишчиси томонидан ёзилган аноним хат сабаб бу ердаги аҳволга бир қур назар солишимизга тўғри келди.

Шубҳасиз, ҳар қандай мактуб ортида одамлар тақдири ётади. Қолаверса, шикоят хати ўз–ўзидан ёзилмайди. “Бизга тўрт ойдан бери ойлик маошимизни корхона маъмурияти беролмаяпти, бунинг сабаби оддий — ишчиларга боғлиқ эмас. Хайриятки, ойнинг 15 кунида уйда бўламиз ва қишлоқларда вақтинча мардикорлик қилиб, рўзғор тебратаяпмиз”, дея ёзилади хатда.

Сирасини айтганда, бу жамият ишчилари томонидан иш ҳақининг ўз вақтида берилмаётгани ва бошқа камчиликлар юзасидан оммавий ахборот воситаларига қилинган дастлабки мурожаат эмас. Бундан аввалроқ кun.uz сайтида “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” акциядорлик жамиятининг “Шўртан” участкасида ишловчи ходимларга ойлик иш ҳақларининг ўз вақтида тўланмаётгани, меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазаси меъёрларига риоя этилмаётгани тўғрисида мақола эълон қилинган эди. Натижада тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди, камчиликларни тугатиш юзасидан чора–тадбирлар кўрилди. Жамиятда янги раҳбар иш бошлади. Аммо афтидан бу ердаги аҳволни ўнглаш, йирик корхонанинг аввалги нуфузини тиклаш учун ҳали кўп иш қилишга тўғри келади. Гап шундаки, кадрлар қўнимсизлиги кузатилмоқда. Дейлик, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан шу йилнинг 15 июлида корхона раҳбари А. Норматовга йўлланган хатдан маълум бўладики, 1 апрель ҳолатида акциядорлик жамиятида 2280 нафар ишчи–ходим бор. Корхона раҳбариятининг бизга берган маълумотга кўра эса жамиятда айни дамда 1950 нафар ишчи-ходим ишламоқда. Бинобарин, жуда қисқа фурсат оралиғида корхонадан турли сабабларга кўра, 300 нафардан зиёд киши ишдан кетган. Республика, вилоят, туман миқёсида аҳоли бандлигинитаъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида катта ишлар олиб борилаётган паллада ушбу корхонада бундай манзарани кўриш хавотирли, албатта. Негаки, янги иш ўрни яратиш жўнгина битадиган юмуш эмас. Қолаверса, корхона касаба уюшмаси раҳбари Назир Ҳамдамов биз билан суҳбатда таъкидлаганидек, эски нефть ва газ қудуқларини таъмирлаш ишчилардан юқори малака талаб қилади. Бундай малакали кадрлар осмондан тушиб қолмайди. Афсуски, маошларнинг камлиги, унинг ҳам ўз вақтида берилмаслиги, шарт–шароитларнинг ҳаминқадарлиги туфайлиайрим малакали ишчилар нисбатан юқори иш ҳақи таклиф қилаётган турдош корхоналарга ўтиб кетишяпти. Ёки бошқа бир касб этагидан тутишга мажбур бўлишяпти.

Энди бевосита хатда айтилган иш ҳақидан қарздорлик масаласига тўхталамиз. Корхона раҳбариятининг таҳририятимизга ёзма тарзда берган маълумотига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги буюртмачилар томонидан бажарилган иш ҳажми учун тўланадиган тўлов мазкур АЖ схемаси орқали берилиши сабабли 2019 йил 31 июль ҳолатида иш ҳақидан мавжуд қарздорлик аноним хатда ёзилгани каби тўрт ой эмас, балки икки ойни ташкил этмоқда. Айнан шу масалани жамоатчилик назорати асосида ўрганиб бораётган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши меҳнаткашларнинг ижтимоий–иқтисодий манфааатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Жасур Тошев ҳам буни тасдиқлади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, корхонанинг май ва июнь ойлари учун иш ҳақидан қарздорлиги 4 миллиард 730 миллион 530 минг сўмни ташкил этмоқда. Лекин икки ой давомида маош олмай рўзғор тебратиш кимга осон? Ўзига тазйиқ ўтказишлари мумкинлигидан хавотир олиб аноним хат ёзган ишчини шу маънода тушуниш мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154–моддасига кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлаши шарт. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб беришади. Бинобарин, корхонанинг янги раҳбари зиммасида жуда катта масъулият турибди.

Мақоламиз сўнггида объектлари минглаб километр масофаларда жойлашган, ишчилари мураккаб табиий иқлим шароитларида меҳнат қилаётган, ўзига хос анъаналарга эга “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” акциядорлик жамиятижамоаси тақдири кўп жиҳатдан “Ўзбекнефтгаз” АЖга ҳам боғлиқлигини таъкидламоқчимиз.

Истам ИБРОҲИМОВ

(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019