Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – долзарб вазифа

11:27 25 Апрель 2020 Жамият
261 0

Мамлакат миқиёсида аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қатор муаммолар, жумладан, сув танқислиги, арзон нархларда ўғит ва сифатли уруғ етказиб бериш масалалари бўйича давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар зиммасига салмоқли вазифалар юклатилди.

Шу тариқа ҳукумат томонидан 2020 йилда мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш, қорамол боқиш бўйича 74 та оилавий кооперация фаолиятини йўлга қўйиш, ҳар бир оилага парранда боққан даври учун 500 минг сўмдан рағбатлантириш, асал ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга кўпайтириш, бунинг учун аҳоли хонадонларига асалари уяларини тарқатиш каби қатор вазифалар ижроси бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вакиллари бу йилги мавсумда ғалла ҳосилдорлигини қўшимча 20 центнерга кўпайтириш, гектаридан камида 70 центнердан ҳосил олишни кўзламоқда. Шунингдек, 10 минг гектар янги боғ ва 9 минг гектар токзорлар орасига картошка, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, кўкат, нўхат, мош, ловия, помидор, бодринг, булғор қалампири ва полиз экинларини экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган танқидий-таҳлилий руҳдаги видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғига ҳам эътибор қаратилди. Зеро, ушбу йўналишни кучайтирмасдан туриб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мумкин эмас. Бундан ташқари, сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик, иссиқхоналар ва чорвачилик тармоғида фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги техникаларига бўлган талаб ўрганилиб, эҳтиёжни қоплашга мўлжалланган мини техникалар ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган.

Умуман, ушбу саъй-ҳаракатлар яқин икки-уч йилда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат билан боғлиқ иқтисодий позициясини янада яхшилаш, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Абдуғани САНГИНОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
2020 йил 25 апрель,
“Халқ сўзи” газетаси 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?