Озиқ-овқат маҳсулотларида аллергенлар мавжудлигини маркировка қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

11:53 27 Ноябрь 2018 Жамият
381 0

Иллюстратив фото

Озиқ-овқат маҳсулотларида аллергенлар мавжудлигини маркировка қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Бундан кўзланган мақсад нима?

Ўзбекистонда аллергиядан азият чекувчи истеъмолчиларни ҳимоя қилиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларида аллергенлар мавжудлигини маркировка қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат Инновацион ривожланиш вазирлиги иштирокида ташкил этилган Халқаро молекуляр аллергия маркази экспертлари билан ҳамкорликда тайёрланяпти. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Озиқ-овқат аллергияси безовта қиладиган беморлар тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муайян аллерген маҳсулотларни уларнинг кунлик таомномаларидан чиқариб ташлаш зарур. Қайси маҳсулотни сотиб олиш мумкин-у, қай бирини харид қилмаган маъқул деган масала эса қадоқлардаги махсус маълумотларнинг тақдим этилиши билан ҳал этилади.

Европа Иттифоқининг амалдаги қонунчилигига асосан бугунги кунда 13 турдаги маҳсулотлар аллергенлар мавжудлиги бўйича маркировка қилинади, булар: сут, тухум, ерёнғоқ, ёнғоқ, соя, кунжут, буғдой, хантал, балиқ, қисқичбақа, сельдерей, люпин ва гречихадир. Америка Қўшма Штатлари, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби бошқа мамлакатларда ҳам маркировка бўйича қонунчилик мавжуд. Японияда фақатгина буғдой, гречиха, тухум, ерёнғоқ ва қисқичбақа маркировка қилиниши шарт, аммо 19 та маҳсулот тури “маркировка қилиниши тавсия қилинади” деб кўрсатилган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги дастурига кўра аллергия профилларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг қайси маҳсулотларига аллергияси кўплиги молекуляр даражада аниқланмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, катталарда аллергия ривожланишига сабаб бўлувчи озиқ овқат маҳсулотларидан биринчиси ерёнғоқдир. Ундан сўнг турли хил ёнғоқлар, соя, кунжут, киви ва шафтоли аллергия чиқарувчи маҳсулотлар рўйхатидан жой олган.

Истеъмолчи ҳамиша ҳам нон ва булочка маҳсулотларида, ёрмаларда, глазурь, кремлар, соуслар, газаклар ва қуритилган мевалар аралашмасида ерёнғоқ борлигидан хабари бўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларига маркировкани жорий қилиш орқали истеъмолчиларнинг саломатлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиш янада такомиллашади.

Шунингдек, кафе, ресторан ва бошқа жамоат овқатланиш жойларининг таомномаларига таомларда аллергенлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш бўйича тавсиялар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Мазкур тадқиқотлар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019